Амир Темур – буюк саркарда
Амир Темур ибн Амир Тарағай милодий 1336 йил 9 апрель куни Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида туғилди.
Отаси – Амир Тарағай, Тарағайбек (туғилган йили номаълум, вафоти 1360) барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли эди. Ўзбек хал¬қи таркибида тўқсон икки уруғ борлигини биламиз. Барлос ана шу «тўқсон икки»нинг биридир. Амир Тарағай Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Қозоғон олдида ишонч қозонган ҳурмати бор беклардан ҳисобланар, Чиғатой улуси беклари қурултойларига қатнашиб турарди. Ҳарбий ишларга майли йўқ, тақводор мусулмон, вақтини дарвешлар билан ўтказарди. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, «Тарағайбек уламо ва сулаҳо ва муттақийларга мушфиқ ва меҳрибон эрди ва буларнинг мажлисига борур эрди…».
Онаси – Тегина Хотун, Такина бегим, Такина Моҳбегим (тахм. 1318, Бухоро – 1353, Шаҳрисабз) Бухоро уламолари пешвоси мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизидир. Милодий 1334 йил 16 ёшда Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топди.
Онаси ва отаси Шаҳрисабзда дафн этилган. Амир Темур онаси хотирасига баландлиги етмиш бир метр келадиган дунёга машҳур Оқсарой ёдгорлигини бунёд эттирди.
Ривоятларга қараганда, кунлардан бир кун Соҳибқироннинг саккизинчи бобоси Қочувли баҳодир туш кўрибди, тушида унинг қўйнидан бир юлдуз учиб чиқиб жамол кўргизибди ва шу заҳотиёқ сўнибди, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси ярқираб чиқибди, бари сўнаверибди. Бу ҳол етти марта такрорланибди. Бироқ саккизинчи мартасида катта порлоқ юлдуз отилиб чиқибди-ю, бутун дунёни ёритиб юборибди! Мана шу Амир Темур юлдузи деб тахмин қилинади. Ундан яна бир неча кичик юлдузлар пайдо бўлибди, катта порлоқ юлдуз мағриб чизиғига бош қўйиб сўнгандан кейин, кичик юлдузлар порлашда давом этибдилар…
«Соҳибқирон» сўзининг маъноси
«Соҳибқирон» сўзининг арабча «саодатли, зафарли, ғолиб» маънолари бор. Илми нужум (астро-логия)¬да ва афсоналарда Зуҳра (Венера) – дўстлик ва меҳру муҳаббат туғёнларини инъом айлагувчи, Муштарий (Юпитер) – омаду иқбол, музаффарияту шодиёналар сайёраси деб таърифланади. Шу икки сайёранинг бир буржда учрашган вақти саодатли лаҳзалардур, уни қирон дейдилар, шундай вақтда туғилган бола ўша қирон соҳиби ҳисобланади. Бундай боланинг бахт¬ли, улуғ мартабалар эгаси бўлиши олдиндан башорат этилади. Шарқ мамлакатларида ҳукмдорларга бериладиган шарафли унвон. Амир Темур Кўрагон ҳам шу унвонга мушарраф бўлган.
Куч – адолатда
Шарқда «одил подшо» тушунчаси қадим-қадимдан мавжуд ва халқ ана шундай подшони ҳамиша орзу қилиб келган. Соҳибқирон Амир Темур ана шундай подшо бўлишга интилди. «Куч – адолатда» сўзлари Амир Темур узугига ўйиб ёзилган ва давлат муҳрида ҳам акс этган эди. «Мамлакат зулм¬га чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди», – деб ёзганди Амир Темур ўз «Тузук¬лар»ида. Бу – салтанат шиори. Соҳибқирон бунга қаттиқ амал қиларди. Адолатнинг кучи шунчалар юксак эдики, агар мамлакатда бирор одам бир товоқ олтин ё кумушни бошига қўйиб, мағрибдан машриққача борса, ҳеч ким унга қўл чўзмас, олтин ё кумушдан биттаси ҳам камаймасди.
У ҳар қадамда, хоҳ ўзининг фарзандлари бўлсин, хоҳ бошқа фуқаро – барчага бирдай адолат кўзи билан қарарди. Сафарлардан қайтиб келганда, шахсан ўзи бозорни текширар, агар қассобу баққол, новвойлар ва ҳоказолар фойда топаман деб нарх-навони ошириб юборган бўлсалар, адолат русуми бузилганини кўрса, эл олдида аёвсиз ўша гуноҳкорнинг жазосини берарди. Ёлғон гапни ёмон кўрарди. Адолат тамойилларини бузгани учун ўғли амирзода Мироншоҳ, набиралари амирзода Пирмуҳаммад, Султон Ҳусайн Мирзолар жазоланганлари тарих китобларидан маълум. Муаррих Низомиддин Шомий «Зафарнома»да Амир Темурнинг 1366 йилда, ҳали давлат тахтига чиқмасдан тўрт йил аввал айтган шундай сўзларини келтиради: «Қайси бир подшоҳ ўз ишини ғаддорлик ва бевафолик асосига қурса, кишиларга озор бериш ва ҳалок қилишга ошиқса, унинг давлати чайқалиб, қарорсизликка юз тутади… Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли уларни юпантириб, хотиржам қиламиз…».
Одамларга, демак халққа эътибор бериш ва ҳимоя қилиш – Соҳибқирон адолатининг бош ўзагини ташкил қилар эди.
Ҳамма жойда амалда бўлган «Куч – адолатда» шиори бутун Турон давлати ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланди.
Амир Темур – буюк саркарда
Амир Темур жаҳоннинг тўрт маш¬ҳур саркардаларидан бири, кураги ерга тегмаган буюк лашкарбоши, худо берган салоҳиятини тўла-тўкис намоён эта олган, ўхшаши йўқ буюк армия қўмондони эди. Жанггоҳлар санъати, уруш йўллари, лашкар тутиш қоидаси, сафлар расм-русуми Соҳибқироннинг «Темур тузуклари» китобида батафсил ёритилган.
Милодий 1365 йилда Сирдарё бўйидаги Чиноз ёнида мўғуллар билан бўлган машҳур «Лой жанги»да Амир Ҳусайн бошлиқ Турон чериги (Амир Темур лашкарбоши эди) мағлуб бўлди. Бу 29 ёшли Амир Темурнинг умрида биринчи ва сўнгги мағлубияти эди.
1366 йилда Қаршида Темурбек бор-йўғи 243 киши билан 12 минг кишилик душманга қарши жанг қилди ва Тангрининг инояти-ю, саркардалик салоҳияти билан зафар қозонди.
1368 йилда Бадахшонда қўли баланд келган душман Соҳибқирон аскарларининг кўпини қириб ташлади ва 130 кишини асир қилди. Ёнида бор-йўғи 13 навкар билан қолган Амир Темур мардларча Добон тоғи тепасига чиқиб йўлни тўсди ва кўп жангу чорасиз қонли уринишлар эвазига ўз аскарларини душмандан қутқариб олди. Ке¬йинчалик Амир Темур ўша жангни эслаб: «Кўп жанглар қилдим ва кўп воқеаларни бошдан кечирдим-у аммо бу жангдан қаттиғини кўрмадим…», – деган эди.
Соҳибқирон дунёнинг 27 мамлакатини мусаххар қилди. Тахминан мингдан ортиқ жанг ўтказди, уларда зафар ҳамиша Соҳибқирон томонида бўлди.
Амир Темур фарзандлари
Аллоҳ таоло Соҳибқиронга кўп фарзандлар ато этди. Эл корига ярайдиган бўлиб вояга етганлари олтита – тўрт ўғил, икки қиз.
Тўнғич ўғил – 1356 йилда Турмиш оқа деган хотинидан туғилган Жаҳонгир Мирзо, валиаҳд эди, 1376 йилда авжи гуркираб турган йигирма ёшида бетобликдан дунёдан кўз юмди. Ундан икки ўғил – Муҳаммад Султон билан Пирмуҳаммад Жаҳонгирлар қолган.
Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи ўғил – 1356 йилда Тўлун оқадан туғилган Умаршайх Мирзо. 1394 йилда ҳалок бўлган. Ўттиз саккиз йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Пирмуҳаммад Мирзо, Рустам Мирзо, Искандар Мирзо, Аҳмад Мирзо, Сайид Аҳмад Мирзо, Бойқаро Мирзо.
Қабри Шахрисабзда.
Учинчи ўғил – 1366 йилда Менгли бика оқадан туғилган Мироншоҳ Мирзо. 1408 йилда ҳалок бўлган. Қирқ икки йил умр кўрган. Олти ўғил қолган: Абу Бакр Мирзо, Умар Мирзо, Халил Султон Мирзо, Султон Муҳаммад Мирзо, Ийжал Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Тўртинчи ўғил – 1377 йилда Тағой Туркон оқадан туғилган Шоҳруҳ Мирзо. 1447 йилда вафот этган. Етти ўғил қолган: Улуғбек Мирзо, Иброҳим Султон Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Суюрғатмиш Мирзо, Муҳаммад Жўки Мирзо, Жон Ўғлон, Муҳаммад Ёрий Мирзо. Улуғбек Мирзодан бошқа барча ўғиллар отасидан аввал дунёдан ўтганлар.
Қабри Самарқандда, Амир Темур мақбарасида.
Биринчи қизи – Оқа Беги хоним 1359 йилда Турмиш оқадан туғилган. Муҳаммадбек ибн Мусога узатганлар, бу никоҳдан Султон Ҳусайн Мирзо туғилган.1382 йилда йигирма уч ёшида бетоб бўлиб, оламдан кўз юмган. Қабри Шаҳрисабзда.
Иккинчи қизи – Султон Бахт бегим 1362 йилда Улжой Туркон оқа деган хотинидан туғилган. Амир Муҳаммад Миракка узатадилар, лекин куёв Соҳибқиронга қарши тиғ кўтариб чиқади ва жангда ҳалок бўлади. Иккинчи марта Соҳибқирон жияни Амир Сулаймоншоҳга турмушга чиқади. 1430 йилда вафот этган.