Маданият

“Короновирус бизга етиб келгани йўқ-ку, нега ваҳима қиласиз?”

25 мартдан буён кўчага чиққан киши ниқобда бўлиши белгиланган. Орадан  икки ҳафта ўтди, аҳвол қандай ўзгарди?

25 март куни Ўзбекистонда 60 киши коронавирус касаллигини юқтирган эди, бугун эса 545 нафар киши касалланган. Давлатимиз томонидан касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Хўш, унда нега касаллик тарқалиши камаймаяпти?

Ҳалигача баъзи одамлар “Уйда қолинг!” деган чақириққа жиддий эътибор берганлари йўқ. Гоҳ уни, гоҳ буни баҳона қилиб кўчага айланиб келмоқда. Халқимизда “Юрган оёқ юрмаса зирқирайди” деган гап бор. Доим кўчада юрган одам юргиси келаверади.  Майли, кимдир дори-дармон учун, кимдир озиқ-овқат учун чиқар, лекин ёшларчи? Кўчада юрган ёшларимизнинг ҳаммаси ҳам ниқоб таққанлари йўқ, баъзилар ниқобни номигагина тақиб қўйибди. Эътибор берсангиз, бурнини  очиб юришибди.

Мен хизмат юзасидан кунига икки чақирим жойга бораман, гоҳ пиёда, гоҳ велосипедда. Кўчада ҳар куни 3-4 киши ниқобсиз юрганининг гувоҳи бўламан.  Шундай ниқобсиз юрганлардан биридан: “Нега ниқобингизни тақмай юрибсиз?”-деб сўрасам:

— Коронавирус бизга етиб келгани йўқ-ку,  нега ваҳима қиласиз?-дея эътироз билдирди.

Авваламбор, бу даҳшатли касаллик бизга етиб келмасин, лекин  шундай масъулиятсизлик қилсак, касалликнинг яшин тезлигида тарқалишига шароит яратиб берамиз.

Бундан ташқари, давлатимизнинг минглаб кишиларнинг умрига зомин бўлаётган ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш учун  жуда катта маблағ сарфлаб қилаётган ҳаракати самарасиз кетади.

Ахир коронавируснинг ранги бўлмаса, ҳиди бўлмаса, кўзга кўринмаса унинг бизгача етиб келмаганига қандай  кафолат бера оламиз?

Нега энди касаллик бизга етиб келгани йўқ дея ўзимизни овутишимиз мумкин.

“Нодон дўст ёвдан ёмон” деган гап шу кунларда айни ҳақиқат эканлигини яна исботламоқда.  Халқимиз бошига тушган синовли кунларда бажариш мумкин бўлган оддий талабларга риоя қилмаётган баъзи кишиларни кўриб, “Атрофимизда шундай кишилар бўлмаганда бу ташвишлар бизгача етиб келолмасди” деган фикрга борар экансиз.

Аллоҳ уларга  инсоф берсин!

Оловжон

Related Articles

Back to top button