Маданият

Ҳаётимизга хавф солаётган илм-фан “ютуғи”

Ўхшаш сурат

Тошкентдан Сурхондарёга енгил автомашинада қайтаётиб кўнгилни хира қиладиган  нохушликнинг гувоҳи бўлдим-асфальт йўл ёқасида пластик чиқиндилар билан ифлосланмаган жой қолмаган. Катта йўл ёқасида ташлаб юборилган целлофан халталарнинг ҳисоби йўқ. Ундан ташқари сув ва бошқа ичимликлардан бўшаган пластик идишлар, яъни “баклажка”лар кундан-куни бутун борлиқни эгаллаб олмоқда.

Табиатда парчаланиши бир неча йиллар давом этадиган пластик идишлар бор-йўғи бир марта фойдаланилгач, ташлаб юборилади ва улар йиллар давомида кўз ўнгимизда тўпланиб бормоқда. Агар ҳолат шундай давом этаверса, яна ўн йиллардан сўнг пластик чиқиндилар катта муаммолар келтириб чиқаради.

Далалар, дарёлар пластик чиқиндиларга тўлиб бормоқда. Биз эса ҳар куни дўконлардан харид қилган барча маҳсулотларни пластик халтачаларга жойлаб хонадонимизга олиб келамизда, халтачаларни чиқиндихонага ташлаб юборамиз, енгил халтачалар сал шамолда ҳам янги маконларига “парвоз” қилади. Шу тариқа атроф шу турдаги чиқиндилар билан ифлосланиб бормоқда.

Илгари бозорларда қоғоз халталар, тўр халталар сотиларди. Пластик идишлардан аввал металл ёки чинни идишлар ишлатиларди. Ҳозирги пайтда пластик идишлар ҳаётимизга шунчалик ўрнашиб кетдики, энди улардан қутулиш учун бир неча йиллар зарур бўлади. Устимиздаги синтетик кийимларни айтмаса ҳам бўлади. Кийимиз ҳам, пойафзалимиз ҳам, кундалик ишлатадиган жиҳозларимизнинг асосий қисми полимерлардан тайёрланмоқда.

Бир вақтлар илм-фан “ютуғи” ҳисобланган нефт маҳсулотлари энди ҳаётимизга катта хавф туғдирувчи муаммога айланиб бўлди. Чиқиндиларни қайта ишловчилар эса уларни қайта ишлаб, яна янги идишлар ёки сунъий тола тайёрлайдилар.

Олимларнинг аниқлашича, пластик халталар табиатда 100 йилдан 1000 йилгача сақланиши мумкин экан. Пластик идишлар эса 450 йил давомида парчаланар экан. Қоғоз идишлар эса 4-6 ҳафтада парчаланар экан. Чинни идишлар умуман парчаланмайди, шунингдек алюминий идишлар 80-200 йилда, тери маҳсулотлари 25-40 йилда, пахта толасидан тайёрланган кийимлар 3 ойда парчаланар экан.

Хулоса шуки, агар атрофимизда сочилиб ётган пластик чиқиндиларни йиғиштириб олмасак, минг йиллар давомида улар атроф-муҳитни ифлослантириб тураркан. Ҳар йили дунё бўйича сув идишларини ишлаб чиқариш учун 1,6 миллион баррел нефт сарфланар экан. Бу эса 254.379.671 литрга тенг.

Агар ҳозирданоқ атрофимиздаги чиқиндиларни ўз вақтида йиғиштириб олмасак, биз яшаётган макон улкан чиқиндихонага айланиб қолиши мумкин.

Оловжон

Related Articles

Back to top button