Маданият

“Президент арчаси”: Болажонлар чеҳрасига кўчган бахт

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам “Президент арчаси” театрлаштирилган байрам томошалари бошланди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги “Grand Almaz” тантаналар саройида ўтказилган байрам тадбири шукуҳли ва эсда қоларли воқеаларга бой бўлди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар ҳамда Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида қурбон бўлган ички ишлар ходимлари ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов болажонларни Юртбошимиз номидан Янги йил байрами билан табриклаб, кичкинтойларга Президентимизнинг ўқув қуроллари, китоблар, турфа ширинликлардан иборат совғаларини топширди.

Камалакранг чироқлар, ялтироқ ўйинчоқлари билан товланиб нур сочаётган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар, ақлни чархловчи турли ўйинлар, тез айтишлару топишмоқлар, таниқли хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар байрамга янада жўшқинлик бағишлади. Мурғак қалбларнинг кўзлари қувончдан порлаб, юзларига табассум инди.

Related Articles

Back to top button