Маданият

Президент совғалари ҳудудларга жўнатилди

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, маданият ва санъат саройларида Янги йил байрами тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошалар ёшларни ватанпарварлик, дўстлик, фидойилик, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш каби эзгу ғояларга ундамоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларга кўрсатилаётган меҳр-эътибор, билим олиши, ўқиб-изланиши учун яратилаётган шароит ва имкониятлар уларни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод этиб тарбиялашда муҳим омил бўлаётир.

Ҳар йили Янги йил арафасида “Президент арчаси” шодиёналари саодатли, тинч-осойишта кунларимизга, осмонимиз мусаффолигию, истиқлол неъматларига шукроналик туйғулари билан уйғун бўлади. Болалар учун беғубор орзу-умидлар байрамига айланган ушбу тантаналар давомида Президентимиз совғалари кичкинтойларнинг қувончига қувонч қўшади.

Ушбу байрамни юксак савияда ўтказиш мақсадида болажонлар учун турли-туман, ажойиб туҳфалардан иборат Президент совғалари жорий йилнинг 26 декабрь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси самолётлари орқали Сурхондарё вилоятига ҳам етказилди.

Бугун вилоятимиз шаҳар ва туманларига жўнатилган  ушбу  совғалар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшли фарзандларига 29 декабрдан бошлаб ҳудудларда ташкил этиладиган “Президент арчаси” тадбирларида кичкинтойларга тантанали равишда топширилади.

Бу каби тадбирлар ёш авлод камолоти, уларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида вояга етиши, Ватани ва халқи тақдирига дахлдорлик ҳисси билан улғайиши, порлоқ истиқболи йўлида кўрсатилаётган улкан эътиборнинг амалий ифодасидир.

Related Articles

Back to top button