“Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ҳукумат қарори (1012-сон, 18.12.2019 й.) билан “Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили 1 октябрга қадар иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосил берадиган боғ ва токзорлар майдонларининг манзилли рўйхати шакллантирилади.
Боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, уларни ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш ҳамда Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентликлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари ҳокимнинг яроқсиз деб топилган боғ, токзор ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги қарорига асосан олти ой муддатда боғ ва токзорни бузиш ва далани дарахт қолдиқларидан тозалаш ҳамда унинг ўрнига интенсив боғ ва токзор барпо этиш ишларини амалга оширади.
Мазкур тадбирлар белгиланган муддатларда бажарилмаган тақдирда ҳокимлик ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.
Эслатма: ушбу тартиблар боғ ёки токзори мавжуд бўлган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади, деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.