Hodisalar

Қарийб 1 минг 150 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Тошкент вилоятида қарийб 1 минг 150 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.
Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати маълум қилмоқда. Қайд этилишича, вилоят ҳудудида ерлардан мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонини муомаладан чиқарилишига йўл қўймаслик, ернинг унумдорлиги сақланишини таъминлаш ҳамда ноқонуний қурилмалар борасида назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ва ички ишлар бош бошқармаси раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилиб, вилоят ҳудудидаги барча ер майдонлари хатловдан ўтказилмоқда.
Айни пайтга қадар ишчи гуруҳлари томонидан 9 минг 26 та ҳолат бўйича 1 минг 146 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Шунингдек, 350 гектар ер майдонида ноқонуний қурилиш қурилгани, 63 гектари маҳаллий давлат ҳокимликлари томонидан ноқонуний равишда ажратилгани, 8 минг 776 гектари бўйича фермерлар билан ер ижара шартномаси тузилмагани, 200 гектар ердан самарасиз фойдаланиб келингани, 25 гектаридан эса мақсадсиз фойдаланилгани маълум бўлди.
Аниқланган мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят прокуратураси томонидан 18 гектар ўзбошимчалик билан эгалланган, 229 гектар ноқонуний қурилиш қилинган ер майдони давлат захирасига қайтарилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли органларга 70 та тақдимнома, маҳаллий давлат ҳокимликларининг 36 та ноқонуний қарорини бекор қилиш юзасидан протест киритилган. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган ва ноқонуний қурилиш қилинган 205 та ҳолат юзасидан тегишли масъуллар огоҳлантирилган.
Янгийўл тумани прокуратураси томонидан эса туманнинг “Туябўғиз” маҳалласи ҳудудида фуқаролар томонидан қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб, ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Юқоридаги каби қонунбузилиш ҳолатлари бўйича Тошкент, Ўрта Чирчиқ, Оҳангарон, Янгийўл ва Зангиота тумани прокуратуралари томонидан ер қонунчилиги бузилиш ҳолатлари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилди, дейилади вилоят прокуратураси маълумотида.

Related Articles

Back to top button