Маданият

“Бир миллион дарахт” акцияси Сурхондарёда давом этмоқда

Сурхондарё вилоятида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Бир миллион дарахт” шиори остидаги акция кўтаринки руҳда бошланди.

Термиз шаҳридаги мустақиллик майдонида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, Термиз шаҳридаги давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов табиат инъом этган яшил бойликлар инсониятнинг бебаҳо мулки, ноёб хазинаси эканини таькидлаб, уни асраб-авайлаб, эъзозлаш ва сақлаш ҳам ёшу-кексанинг муҳим вазифаси саналишини қайд этишди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда табиатга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгараётгани бу борадаги маданиятни юксалтиришга, одамлар қалбида табиат бойликларига меҳр-оқибат ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Вилоятда бошланган ушбу акция ўзига хос иқлимга эга жанубдаги воҳани кўпроқ, яшил бойликларга буркаб, экологик ҳолатни янада барқарорлаштириш ва афғон шамоли номи билан танилган чанг кўтарилишининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Тадбир давомида иштирокчилар мустақиллик майдони ҳудудига 100 дан зиёд манзарали дарахт кўчатларини экди.

Шу куни акция иштирокчилари вилоят марказидаги хиёбон ва кўчаларга, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳовлисига кўплаб манзарали кўчатлар ўтқазишди.

“Бир миллион дарахт” акцияси воҳанинг бошқа ҳудудларида давом этади.

Related Articles

Back to top button