Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ

Президентимиз яна бир масалага эътибор қаратди.
Айрим вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг маъмурий биноси жойлашган кўчалар ёпиб қўйилганидан, шусиз ҳам тирбанд кўчаларда уларнинг ходимлари йўлни 2-3 қаторини “парковка” қилиб олганидан аҳоли норози.
Президент топшириғига кўра, 15 минг нафар ҳайдовчилар ўртасида сўров ўтказилди. Пойтахтда ҳам, йирик шаҳарларда ҳам қонуний “парковкалар” етишмагани учун улар машинасини йўл бўйига қўйишга мажбурлигини билдирган.
“Умуман, оддий ҳайдовчилар дардини эшитадиган одам, мулоқот платформаси йўқ”,
— деди Президент.
Мутасаддиларга барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташлаш топширилди.
Вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, “парковка” қилиб олган ҳудудларда фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Давлат хизматчилари жамоат транспортида юриш бўйича намуна бўлиши кераклиги қайд этилди. Эндиликда Ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдан ташқари раҳбарларнинг хизмат машинасига йўлларда устунлик берилмаслиги белгиланди.
Ўтган йилда ҳайдовчилар 24 миллионта ҳуқуқбузарлик содир этган. Буларнинг 81 фоизи қўпол қоидабузарликка киради. Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида бу сурункали тус олган.
Ижтимоий тармоқларда аҳоли, ҳатто таниқли шахслар ўртасида “жаримани тўлаб қўйдим-ку, хоҳлаганимдек юравераман”, дейиш авж олган.
“Эндиликда йўлларда ҳайдовчилик маданиятини ошириш, ашаддий ҳуқуқбузарларга қонун кучини кўрсатиш мақсадида янги тизим қиламиз”,
– деди Президент.
Бунинг учун “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади.
Қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди.
Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади.
Шунингдек, тезлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиб, меъёрдан 2-3 карра тез юрганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Қоидабузарлик учун айрим ЙҲХБлар орадан 7-8 ой ўтиб жарима қўллаш қарорини чиқараётгани бўйича эътирозлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ойда қарори чиқмаса, ҳайдовчи ҳеч қандай жарима тўламаслиги белгиланди.
Замонавий йўллар қурилаётгани, юқори хавфсизлик мосламалари мавжуд машиналар сони ҳам кун сайин кўпайиб бораётгани сабабли тезлик масаласида янгича ёндашувлар кераклиги таъкидланди.
Ички ишлар вазирлигига вилоят ҳокимлари билан тезлик чекловларини қайта кўриб чиқса бўладиган йўл участкалари рўйхатини шакллантириш топширилди.
Ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича янги тизим самара беришни бошлагани таъкидланди. Йил бошидан стажи кам ҳайдовчиларнинг қоидабузарлиги 15 фоизга, оғир авариялар 30 фоизга қисқарди.
Лекин пиёдалар, айниқса ёшларнинг маданияти ва йўл ҳаракати қоидалари ҳақидаги билимларини ошириш – долзарб масала.
Масъул вазирликларга янги ўқув йилигача мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлиги бўйича дастурларни тубдан янгилаш топширилди.
Мактаб ўқувчилари ва маҳалладаги ёшлар ўртасида “Яшил чироқ” мусобақалари қайта тикланиб, республика ғолибларига Президент совғаси берилади.
Йўл ҳаракати қоидалари бўйича содда видео ва анимацион контентлар яратилади. Маҳаллада, турли тадбирларда йўл қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш ишлари йўлга қўйилади.
Йиғилишда ҳудудлар, соҳа учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.



