O`zbekiston

Референдум ва сайловнинг фарқи нимада, референдумда иштирок этиш тартиблари қандай?

Мамлакатимизда шу йилнинг 30 апрель санасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилади.

Аввало, референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтсак.

Ҳар иккала институт ҳам сиёсий институт сифатида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ масала ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ишларини бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этишлари мумкин.

Бевосита иштирок этиш бу  — давлат бошқарувида муайян лавозимларда ишлаш ёки сайлов жараёнларида давлат ҳокимиятининг вакиллик органларини шакллантиришда, яъни парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод сифатида иштирок этиш ва сайланиш орқали иштирок этиши мумкин.

У ёки бу номзодга овоз бериш орқали ҳам фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этадилар. Масалан, парламент сайловларида сиёсий партиялар ўртасида ўзаро кураш боради. Фуқаролар партияларнинг дастурлари ёки маъқул бўлган номзодга овоз берадилар. Натижада сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этадилар.

Референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:

-референдумда мамлакат ҳаёти учун энг муҳим бўлган масалалар юзасидан қонун ёки қарор қабул қилиш масаласи умумхалқ овозига, яъни фуқаролар овоз беришлари учун қўйилади. Бужараёнда фуқаролар эркин ва ихтиёрий равишда ўз муносабатини билдирадилар.

Сайловда эса бир нечта номзодлар тақдим этилади, фуқароларга ўзларига муносиб номзодни танлаш имконияти берилади. Демократик сайловлар соғлом рақобат муҳитида, бир эмас, бир нечта номзодлар қўйилган ҳолда ўтказилиши лозим.

Ўз-ўзидан сайлов ва референдум бюллетенлари ҳам бир-биридан фарқ қилади.

Референдум бюллетенига референдумга қўйилаётган масаланинг матни ёки саволномаси киритилади. Жорий референдум ҳақида тўхталадиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйиляпти. Шу боис мазкур референдум бюллетенида “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қиласизми?” деган савол қўйилади.

Алоҳида урғу бериш керакки, “маъқуллайсизми”, “қўллаб-қувватлайсизми” шаклида эмас, айнан “қабул қиласизми” кўринишида савол қўйилади. Чунки қонунчилигимиздаги тартибларга кўра, аввало, парламентнинг ўзи Конституцияни ҳам, қонунларни ҳам қабул қилиш ваколатига эга. Иккинчи йўли эса умумхалқ овози, яъни референдум орқали ҳам қонунларни қабул қилиш мумкин. Шунинг учун “қабул қиласизми” деган савол қўйилади.

Овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари “ҳа” ёки “йўқ” ёхуд “рози” ёки “қарши” деб кўрсатилади. Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўтказиладиган референдумда фуқароларимиз “ҳа” жавобини белгилайдиган бўлса ва бу 50 фоиздан ортиқ овозни ташкил этса, Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилинади ҳамда мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси амалга киритилади.

Ҳар бир фуқаро, аввало, ўзининг референдум участкаси ҳудуди қаерда жойлашганини, унда иштирок этиш тартибларини билиши лозим. Агар овоз бериш кунида ўзҳудудида бўлмаса, муддатидан олдин овоз бериш имкониятларидан фойдаланиши мумкин.

Ўтган сайловларимизда синов тариқасида сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими йўлга қўйилган ва бу муваффақиятли амалга оширилган эди. Унда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилган. Ушбу рўйхат асосида сайловчилар қайси участкада рўйхатда турганлигини билишлари мумкин.

Яна бирҳолат: талабалар, ички ва ташқи мигрантларимиз бор, улар айни овоз бериш куни ўз яшаш ҳудудида бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолатларда сайловчиларимизга тезкор интерфаол хизмат кўрсатиш хизмати мавжуд. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Марказий сайлов комиссиясининг сайти орқали ушбу хизматдан фойланиш мумкин.

Яъни, фуқароларга референдум ўтказувчи участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган. Фуқаролар ўз ҳудудидаги референдум ўтказувчи участкага бориб, рўйхатда бор-йўқлигини аниқлаши мумкин. Шунингдек, Интернет орқали Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Марказий сайлов комиссиясининг сайтига кириб, қайси участкага бириктирилганини аниқлашлари мумкин бўлади.

Агар фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудуддан бошқа ҳудуддаги участкага бириктирилган бўлса, интер фаол хизмат кўрсатиш хизматининг кейинги босқичига ўтиб, сўровномани тўлдирган ҳолда ўзларининг участкасини ўзгартириш имкониятига ҳам эга.

Жиноят ишлари бўйича

Шўрчи туман суди раиси                          Музафар Абдуллаевич Хакимов

Related Articles

Back to top button