Madaniyat

ТЎЙЛАРИМИЗНИ СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАРСИЗ ЎТКАЗСАК…

Ароқ, вино каби спиртли ичимликларнинг зарари ҳақида жуда кўп айтилган, минг йиллардан бери инсонни маст қилиб ақлдан оздирувчи ушбу “заҳри қотил” ҳақида ҳамма тилларда сон—саноқсиз панду насиҳатлар битилган. Аммо йиллар давомида ичувчилар сони ва шу ичкилик туфайли соғлигидан ажралиб вафот этаётганлар сони кўпайса кўпайдики, камайгани йўқ.

Бугун зарур иш билан дўконга шошиб кетаётсам, йўлнинг нариги тарафида кўп йиллардан бери кўрмаган танишимни учратиб қолдим. Ёши биздан салкам ўн ёшлар катта бўлгани учун ёнига ўтиб салом бердим. Не кўз билан кўрайки, салкам етмишни қоралаган мўйсафид ғирт маст экан.

Саломлашганимга минг пушаймон қилиб, бир амаллаб ундан йироқлашдим. Қизиқ, ёш бўлса-ку, ёш деймиз. Лекин, бола-чақасини уйли-жойли қилган, набиралари бўйи етиб қолган кекса киши бу дунё “лаззат”ларига ғарқ бўлиб юрса кимдан домонгир бўламиз.

Муқаддас Ислом динида ҳаром қилинган ва барча бузуқчиликларнинг “она”си деб аталмиш ароқхўрлик дунёнинг бир қанча давлатларида истеъмол қилиш тақиқланган. Саудия Арабистон, Яман, Судан, Эрон, Бангладеш, Ҳиндистоннинг баъзи штатларида, жами дунёнинг 14 мамлакатида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш тақиқланган.

Жаҳонда энг кўп спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи халқлар Европа қитъасида жойлашган давлатлар халқлари экан. Энг кам истеъмол қилувчи Эрон, Покистон, Афғонистон мамлакатлари халқлари бўлиб, уларда спиртли ичимликлар истеъмолда этилмайди.

Ўзбекистонда бошқа қўшни давлатлар каби спиртли ичимликларни истеъмол қилиш қонун билан тақиқланмаган, лекин спиртли ичимликларни реклама қилиш, жамоа жойларда, иш вақтида маст ҳолда пайдо бўлиш тақиқланади.

Юртимизнинг ҳамма жойида ҳар куни бир неча тўйлар ўтказилади. Шу тўйларда дастурхоннинг тўрида ўтирган айрим оқ-қорани таниган, катта ёшдаги одамлар ёшларга панд-насиҳат қилишнинг ўрнига ароқ ичиб, мастона сузилиб ўтиришларини кўриб  ҳафсалангиз пир бўлади.

Президентимизнинг тўйларни ихчамлаштириш, беҳуда ҳаражатларни  камайтириш, дабдабали тўйларга чек қўйиш ҳақидаги ислоҳотларига ҳаммамиз қўлимиздан келганча ёрдам бериб, ўзимизнинг оиламизда ўтказилаётган тўй-ҳашамларни ихчамгина қилиб, спиртли ичимликларсиз ўтказсак нур устига нур бўлур эди.

Оловжон

Related Articles

Close