Ўзбекистон

Адлия вазирлиги: ҳокимларнинг ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари бекор қилинди

Маълум қилинганидек, жорий йилнинг 15 август куни Адлия вазирлиги “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжуманини ташкил этди.

Маълум қилинганидек, жорий йилнинг 15 август куни Адлия вазирлиги “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжуманини ташкил этди. Матбуот анжуманида “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги Президент Фармони бўйича ҳам алоҳида тўхталинди. Фармонда кўзда тутилган янгиликлар журналистларга батафсил тушунтирилди.

Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;

тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.

Эндиликда Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили:

хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига (мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш, мулкни топширишга ёки мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилиш) йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатади;

мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган давлат мулки объектларини (таълим муассасалари (академик лицей ва касб-ҳунар коллеждан ташқари), соғлиқни сақлаш ва спорт, маданият объектлари) ҳамда давлат ташкилотларининг бўш турган ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик фаолиятига жалб қилиш ва сотиш тартиби жорий этилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги тартиблар ўрнатилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари фақат “E-IJRO AUKSION” орқали тақдим этилади (Президент ва Ҳукумат қарорларига кўра ер участкалари берилиши бундан мустасно);

жисмоний ва юридик шахсларга “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимида ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси маълумотларини (кейинчалик электрон онлайн-аукционга қўйиш учун) жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилади.

Тадбир давомида брифинг ҳам ўтазилиб, унда муҳим масалалар қабул қилинган 10га яқин қонун ҳужжатлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори, “Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрсида”ги Ҳукумат қарори, “Маҳсулотни экспорт қилишда ташиш харажатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига компенсация қилиш тартиби тўғрисида”ги Ҳукумат қарори ҳамда “Мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги Ҳукумат қарори ҳақида маълумотлар берилди.

Муаллиф : Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Related Articles

Close