Ўзбекистон

ҲЕЧ БЎЛМАГАНДАН, КЕЧ БЎЛГАН ЯХШИ!

Кейинги пайтлардаЎзбекистон бўйлаб аҳолининг уй-жойи ва тадбиркорларнинг кўчмас мулки ноқонуний равишда бузилаётганлиги тўғрисидаги нохуш хабарлар узлуксиз тарқала бошлади. Шу пайтгача бу хабарларга маҳаллий ҳокимият органлари расмий жавоб бермаган эди. Бу салбий ҳолатга Президентимиз жиддий муносабат билдиргач, туман ва вилоят ҳокимлари ҳам расмий муносабат билдира бошлашди.

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани марказидаги “Шўрчи Деҳқон (озиқ-овқат) бозори” МЧЖ ҳудудидаги тадбиркорларга тегишли дўконлар 2017 йил июн ойидан 2018 йил март ойигача бўлган даврда бутунлай бузиб ташланди. Аввал, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжатларсиз дўконларнинг бир қисми бузиб ташланди. Тадбиркорлар ҳолатдан норози бўлиб юқори давлат органларига кетма-кет мурожаат этавергач, туман ҳокимлиги даъвосига асосан фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан дўконлар эгалари ҳисобидан мажбурий тартибда буздириш ҳақида қарор қабул қилинди, шундан сўнг қолган дўконлар ҳам бузиб ташланди ва ер участкаси янги гипермаркет қурилиши учун бошқа тадбиркорга бериб юборилди.

Орадан бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтиб, яъни 2019 йил 8 август куни адолат тикланди. Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг 2017 йил 19 октябрдаги “Бозор ҳудудидаги савдо дўконини жавобгарнинг ҳисобидан буздириш мажбуриятини юклаш ҳақида”ги ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатларга кўра бекор қилинди ва иш қайтадан кўриш учун тикланди.

Шу масала бўйича 2019 йил 5 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича суд раиси Х.Ёдгоров ва судья Н.Рахмоновлар қабулида бўлиб, бизни қизиқтирган саволлар бўйича суҳбатлашдик. Олий суд судьялар мурожаат қилиш тартиби тўғрисида мукаммал тушунтиришди. Самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб Сурхондарёга қайтдик.

Шу ўринда тадбиркорларнинг ҳақли эътирозини келтириб ўтиш мувофиқ деб ўйлайман-агар 2017 йилда Олий суд судьялари ҳозиргидек қатъий фикрда бўлганларида, Шўрчи  туманидаги тадбиркорлар дўконлари аввал товон пули тўланиб,  дўкон ўрнига янги дўкон қуриш учун ер участкаси ажратилиб, сўнг дўконлар бузилар эди.

“Ҳеч бўлмагандан, кеч бўлган яхши!” деган гап бежизга айтилмаган экан, кеч бўлса ҳам адолат тиклангани шўрчилик тадбиркорларга катта умид уйғотди.

Оловжон

Related Articles

Close