Бу қизиқ

БАРИБИР ЖАРИМА ТЎЛАШ ЛОЗИМ!

Жарима- айбдордан давлат даромадига белгиланган миқдорда пул ундиришдир. Яъни Сиз ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этсангиз, содир этилган қилмишга жарима жазоси тайинланиш мумкин бўлса, Сизга нисбатан жарима жазоси тайинланади ва тўланган пул давлат даромадига ўтказилади. Лекин ҳеч ким ҳуқуқбузарлик ёки жарима жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноят содир этмаса-чи?

Барибир жарима ундирилиши шарт! Чунки бюджет даромадлари режа кўрсатгичларида “Жарималар” дейилган банди мавжуд. Сурхондарё вилоятида жарималардан 40.746.621.000 сўм давлат бюджетига пул тушиши режалаштирилган. Агар ҳеч ким жарима тўлайдиган ҳуқуқбузарлик содир этмаса, вилоят бюджетига шунча пул тушмай қолади. Унда жарима қўллайдиган ЙПХ ходимлари жарима режасини бажариш учун ҳуқуқбузарлик содир этмаганларни ҳам жаримага тортиш учун ҳаракат қилади ва ҳайдовчиларнинг ЙПХ ходимларидан норозилиги келиб чиқади. Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимлари ҳаракатларидан норози бўлган ҳайдовчиларнинг эътирозлари те-тез кўзга ташланишининг асл сабаби ноҳақлик қилаётган ЙПХ ходимлари эмас, ЙПХ ходимларига жарима ундириш ҳақида топшириқ бераётган раҳбарларимиз сабабчи.

Ушбу масалада Сурхондарё вилоят Молия бўлимига қўнғироқ қидик, лекин гўшакни кўтарган ходим канцелярея бўлимига мурожаат этишимизни маслаҳат берди. Бу бўлимда эса ҳеч ким жавоб бермади.

Шундан сўнг Молия вазирлиги Матбуот хизмати билан боғландик, улар Сурхондарё вилоят ҳокимлигига мурожаат этишимизни ва бизни қизиқтирган масалага аниқлик киритишимиз мумкинлигини тушунтиришди.

Ҳокимларимиз, Депутатларимиз шундай қарор қабул қилишдими, уни бажариш шарт, мабода  Сизга жарима тўлаш ҳақида айтишдими, индамасдан тўлайверинг, Сиз тўлаган пул кам таъминланган оила фарзандларига нафақа берилиши учун, таълим тизими, соғликни сақлаш ва ҳатто давлат бошқарув органларини сақлаш учун сарфланади.

Балки, бир куни келиб ишлаб чиқариш корхоналари ривожланиб кетса, вилоятда ишсизлар эмас, иш билан банд бўлганлар сони ортиб кетса, эҳтимол ўшанда содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар учун жарима ундириш режадан чиқариб ташланар, лекин ҳозирча жарима тўлаш лозим, чунки бюджетимиз шунга муҳтож!

Оловжон

Related Articles

Close