Касбим-фахрим

БОЙСУН ДАВЛАТ ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ ҲУДУДИДА АРЧА ДАРАХТЛАР КЕСИЛИБ КЕТГАНЛИГИ АНИҚЛАНДИ

Бойсун Давлат ўрмон хўжалиги тумандаги ўрмон билан қопланган тоғли ҳудудларда табиий ҳолда ўсган Зарафшон арчалари ва бошқа ноёб ўсимликлар оламини муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган. Лекин кейинги пайтларда Бойсун тоғларида ўрмонзорлар ҳудуди камайиб кетмоқда, айниқса ноёб Зарафшон арчалари аҳоли томонидан  қурилиш материали, ўтин учун ва ҳаттоки ем-ҳашак учун кесилиб юборилмоқда. Тоғдаги ўрмонзорларнинг кесилиб юборилиши табиатга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилиши ҳаммага маълум.

Бойсун тумани “Ўрта мачай” маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Дўсқобилов ўрмон ҳудудидаги Зарафшон арчалари кесилиб кетаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат этди. Мурожаатни вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Бойсун тумани инспекторлари ўрганди.

Аниқланишича, Бойсун давлат ўрмон хўжалигининг “Мачай” ўрмон бўлимига қарашли “Қорамас” ҳудудидаги 2-обход, 2-кварталдаги арчазор билан қопланган ер майдонларида ўсувчи 6 дона арча дарахтларининг ён шохлари ҳамда тана  қисмлари номаълум шахслар томонидан кесилган.

Ушбу арчаларнинг кесиб кетилишининг олдини олмаганлиги учун Бойсун туман давлат ўрмон хўжалиги ўрмончисига энг кам иш ҳақининг беш бараварида жарима тайинланган.

Мурожаат муаллифининг маълум қилишича, аслида арчазорнинг ҳар гектар жойда бир неча ўнлаб арчалар кесилиб кетган. Текширувчилар эса бу ҳолатга аниқлик киритишмади.

-Агар арчазорлардаги дарахтлар шу ҳолатда кесилаверса, ўн йиллардан сўнг тоғларда фақат тўнкалар қолади,-дейди Б.Дўстқобилов.

Табиатни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир, лекин арча дарахтларини кесувчилар ўз манфаати йўлида арчазорларга кирон келтираверса, назоратчилар эса кесилган дарахтларни яшираверса, об-ҳаво ҳозиргидан ҳам юқори ҳароратда исиб, “Хўжамайхона” каби муқаддас булоқлар ҳам қуриб қолиши мумкин-ку.

Оловжон

Related Articles

Close