Маданият

«ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ»НИНГ ЙЎЛИНИ ТЎСМАНГ!

Шўрчи тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли «Тез тиббий ёрдам» бўлимининг автоуловлари беморларга ёрдам бериш учун чақирув бўйича йўлга чиққанларида фақат битта йўл-тиббиёт бирлашмасининг шимол тарафидаги чиқиш  йўли орқали тор  кўчадан Мустақиллик кўчасига чиқади. Ана шу 130 метрлик тор кўчада бир нечта дорихона ва туманда машҳур бўлган «Дийдор» ошхонаси жойлашган бўлиб, бу ошхона ва дорихоналарга ташриф буюрувчилар “автоуловлар тўхташ жойи” йўқлиги сабабли автоуловларини кўчанинг қатнов қисмида қолдиришади.

Бизга мурожаат қилувчи фуқаронинг айтишича, кундуз кунлари, айниқса тушлик пайти ва кечқурун бу кўчада бетартиб қўйилган автоуловлар туфайли “Тез тиббий ёрдам” автоуловлари беморлар манзилига ўз вақтида етиб боролмайди ва зарурат бўлганда беморни даволаш бўлимларига етказишга ортиқча вақт сарфлайди.

Биз шу масалада Шўрчи Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ў.Сафаров билан суҳбатлашдик.

-Тиббиёт бирлашмасидан кўчага чиқиш учун аввалги асосий чиқиш йўлидан Мустақиллик кўчасига ўтишда автоуловларнинг узлуксиз оқими туфайли ноқулайликлар пайдо бўлганлиги сабабли туғруқхона бўлими орқа тарафидаги  чиқиш йўлидан фойдаландик, лекин бу чиқиш йўлида ҳам муаммолар пайдо бўлгач, ҳозир фойдаланилаётган чиқиш йўлидан фойдаланмоқдамиз. Аммо шу йўлда жойлашган тадбиркорлик субъктлари бинолари олдида  автоуловлар тўхташ жойи бўлмаганлиги йўлда бетартиб қолдирилган автомобиллар  “Тез тиббий ёрдам” автоуловлари ҳаракатланишига халақит қилмоқдалар. Ахир, тиббий ёрдам автоуловларида шифокорлар  кимнингдир отаси, онаси ёки  фарзандига ёрдам бериш учун шошилишмоқда-ку! “Тез тиббий ёрдам” автоуловларининг йўлини тўсиб туриш билан кимнингдир ҳаётини хавф остида қолдириб, уларнинг ҳаётига зомин бўлиши мумкинлигини “Тез тиббий ёрдам” автоуловларининг йўлини тўсиб турган ҳайдовчилар тушунармикан?-деди бирлашма бошлиғи.

Ҳа, “Тез тиббий ёрдам” чақирган беморнинг қариндошлари дақиқалар санаб кўзи йўлда бўлади, лекин улар “Тез тиббий ёрдам” ҳайдовчиси йўлини тўсиб турган автоулов эгаларига илтижо қилиб ўтказиб юборишларини сўраётганини билармикан?

Шўрчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари, туман ЙҲХБ ходимлари-чи? Лоақал, улар “Тез тиббий ёрдам”га беморлар ҳузурига ўз вақтида етиб боришлари учун ёрдам беришармикан?

Оловжон

Related Articles

Close