Kasbim-faxrim

ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНИДА ОЛИЙ СУД СУДЬЯЛАРИ САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Бугун Қумқўрғон тумани Халқ қабулхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари сайёр қабул ўтказди. Қабулга Қумқўрғон, Қизириқ, Шўрчи ва Денов туманлари фуқаролари таклиф этилди.

Сайёр қабулда  турли масалалар бўйича мурожаатлар ўрганилди. Баъзи мурожаатлар мурожаат юзасидан олган жавобларидан қаноатланган бўлсаларда, баъзи кишилар норозилик билдириб чиқишди. Мен айнан норози кайфиятда қабулдан чиққан фуқаро билан суҳбатлашдим. Айтишича, у давлат корхонасида 18 йил ишлаган ва Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 100-моддаси 3-қисмига (ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги) асосан ишдан бўшатилган ва шундан сўнг судга мурожаат этган. Лекин суд унинг ишдан бўшатилишида амалдаги қонунчилик бузилмаган деб топган ва унинг аризаси рад этилган. Энди эса фуқаро Сайёр қабулга келиб: «Адолат йўқ!» деб дод солмоқда. Биз билан суҳбатлашгач, у қонунни билмасдан хатога йўл қўйганлигини, яъни иш берувчи унга нисбатан интизомий жазо чораси қўллаганда эътибор бермаганлиги, иш берувчининг қарори устидан шикоят қилмаганлигини айтди. Ҳамма бало шундаки, ўз ҳуқуқи бузилганда судга мурожаат этмаган, қачонки кейинги шундай чора қўлланилиши унинг ишдан бўшатилишига қонуний замин яратган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судьялар Н.Рахманов ва А.Қосимов ва жиноят ишлари бўйича  судьялари фуқароларнинг мурожаатини кўриб чиқдилар.

-Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва билими пастлиги уларнинг идорама-идора сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг oliysud.uz  сайтида судларга ариза билан мурожаат этиш учун ариза намуналари, тарафларнинг ҳуқуқлари ва суд жараёнида ҳал этилиши мумкин бўлган барча маълумотлар келтирилган, бундан ташқари Адлия вазирлигининг http://lex.uz/ сайтида фуқаролик, фуқаролик процессуал, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, жиноий, жиноий процессуал, иқтисодий процессуал ва бошқа кодекслар, суд амалиётлари ва бошқа юқори давлат органлари ҳужжатлари келтирилган бўлиб,бу сайтдан бепул фойдаланиш мумкин. Шундай мавжуд имкониятлар бўлса-да, фуқаролар  оддий муаммоларга ечим тополмасдан ўз ҳуқуқларининг бузилишига эътиборсизлик қилиб узрсиз процессуал муддатларни ўтказиб юборишади ва юқори инстанция судларига мурожаат қилишади.

Биринчи инстанция судлари қабул қилган қарорларини мазмунини ва қарор қабул қилинишга асос бўлган ҳолларни, тарафларнинг ҳуқуқлари ва бурчларини ҳар бир тарафга  эринмасдан тушунтиришганда, асоссиз шикоятлар анча камайган бўларди.

Оловжон

Related Articles

Close