O`zbekiston

МУДОФАА САНОАТИ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ВА ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ РАҲБАРИЯТИ ТОМОНИДАН ЙЎЛ ҚЎЙИЛГАН ОРТИҚЧА САНСАЛОРЛИК ВА БЮРОКРАТИЗМ ТОПШИРИҚНИНГ ЎЗ МУДДАТИДА БАЖАРИЛМАСЛИГИГА САБАБ БЎЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019  йил 3 июл куни «Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 556-сонли қарор қабул қилди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сон Фармонида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқишда ошкоралик ва самарадорликни ошириш мақсадида ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сон қарорида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасига 2019 йил 1 апрелга қадар ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимлари учун мобил видеокамералар ҳамда планшетлар харид қилиш чораларини кўриш топширилган.

2019 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси томонидан ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимлари учун мобил видеокамералар ҳамда планшетларни салоҳиятли етказиб берувчиларни ўрганиш, шунингдек, таклиф этилаётган ускунанинг техник талаблар ва параметрларга мувофиқлигини синовдан ўтказиш ва қиёсий таҳлил қилиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган ортиқча сансалорлик ва бюрократизм ушбу топшириқнинг ўз муддатида бажарилмаслигига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 24 декабрдаги ПҚ-4075-сон қарорининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини бажариш муддатлари қўпол равишда бузилганлиги, белгиланган вазифалар бажарилишини ташкил этиш чоралари ўз вақтида кўрилмагани ва назорат ўрнатилмагани учун Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорини бажариш муддатлари бузилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Х.Б. Юсуповга ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.М. Эргашевга ҳайфсан эълон қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғини ўз вақтида бажариш бўйича амалий чоралар кўрилмаганлиги қатъий кўрсатиб ўтилган

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси раиси А.С. Ибадуллаев ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти 2020 йил 1 январгача ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш учун шахсан масъул эканлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қароридаги 2019 йил 1 июлгача дейилган муддат 2020 йил 1 январгача деб ўзгартириш киритилган.

Демак 2020 йил 1 январдан бошлаб ЙПХ ходимлари мобил видеокамераларлар билан хизмат бурчини бажаради.

Related Articles

Close