AdabiyotO`zbekiston

АЛДАНГАН ОДАМ ҚЎРҚОҚ БЎЛАРКАН

Талабалик  давримиз эди. Мендан  икки ёш катта ургутлик Эркин ака билан бир гуруҳда ўқир ва бирга ижарада турардик. Бир  куни Эркин ака хонадон соҳибаси бўлмиш бева опанинг олдига чиқиб, янгилик топиб келди:

-Биласанми, опани манти қилишга кўндирдим, опа зўр манти қилади. Юр, бозорга бориб гўшт олиб келамиз.

Гўшт сотиладиган расталардан биттасида гўшт бўлиб, ўн чоқли одам навбатда туришган эди. Қассобнинг қўли-қўлига тегмайди: шундай тез ишлаяптики, унинг ҳаракатларини илғаб олиш қийин.

Навбат бизга келганда Эркин ака: «Бир ярим кило!»деб амирона буюрди. Қассоб хизматкордек: «Мана, домлажон!»-дея чаққонлик билан гўштни тарозига тортиб, газетага ўраб растанинг устига қўйди.

Орқамда ўз навбатини кутиб турган катта ёшдаги киши билинар-билинмас мени туртиб, кўзи билан «Гўштни очиб кўр!» дегандек имо қилди. Мен Эркин ака олаётган гўштни очдим. Во ажаб! Қалинлиги кичкина бармоқдек, катталиги икки кафтдек келадиган лахм гўштнинг ўртаси кесилиб, ичига эти тозалаб кесиб олинган суяк бўлаклари тиқилган!

-Бу нима?!-тахдид билан қичқирди Эркин ака.

-Узр домлажон! Ҳозир  тўғирлаймиз!-шошиб қолди қассоб,сўнг осиғлиқ турган молнинг сон гўштидан катта бўлагини кўз олдимизда кесиб олди ва тарозига қўйди. Биз энди алданмаслик учун кўзимизни қассобнинг қўлларидан узмасдик.

-Икки кило чиқди, берайми домлажон!

-Қоғозга ўраб узат!

            Қассоб айб иш қилиб қўйган боладек, тинмай:«Узр домлажон, иккинчи қайтарилмайди, кейинги келганингизда ҳам сизга суяксиз жойидан бераман.»-деб жаврар ва қайта тортилган суяксиз, лахм гўштни газетага ўраб, халтамизга ўз қўли билан жойлаб, қўлларини кўксига қўйиб, қайта-қайта кечириб сўраб, бизни кузатиб қўйди. Биз ғолибона юришлар билан қассобхонани тарк этдик.

-Бопладим,-мақтанди Эркин ака,-бир умр эсидан чиқмайди!      

-Вақтида сезиб қолдим,- мен ҳам бўш келмадим, -бўлмаса уялар эдик..

Биз ижарахонамизга қайтар эканмиз, бир-биримизга гап бермасдан қассобни қандай қилиб қўлга туширганимизни, унинг қўрққанини, ҳаттоки бизни амалдор деб ўйлагинини айтиб мақтанардик. Қисқаси бугунги воқеадан биз хурсанд эдик.

Уйга келиб бозордан олган харидимизни опага топшириб, дарс қилиш учун хонамизга кирдик. Орадан бироз вақт ўтгач опа бизни чақирди. Ошхонага киришимиз билан :

-Гўштни олаётганларингда кўзларинг қаерда эди?-деб столнинг устида турган гўштни очиб кўрсатди.

Не кўз билан кўрайликки, қассоб бу марта аввалгидан ҳам анча катта суякни лахмнинг орасига жойлаган экан.

-Ё, тавба!- ёқамни ушладим..

-Бопладик десам яна бопланипмиз-ку!-деди Эркин ака.

Бу гапларга ҳам ўттиз йиллар бўлиб кетди. Аммо, ҳозир ҳам қассобхонага борсам гўштнинг орасини кесиб кўргим келаверади: алданган одам қўрқоқ бўлиб қолар экан.

 

                  Нормўмин

 

2010 йил 13-май

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Close