Kasbim-faxrimO`zbekiston

«ҲАР БИР ОИЛА-ТАДБИРКОР» БЎЛАЯПТИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2018 йил 8 июндаги 20/1-сон қарорига илова қилинган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан кўпгина фуқаролар чорвачиликка, асаларичиликка, иссиқхона ва бошқа тадбиркорлик билан шуғулланиш учун  кредит олишди.

         Аммо баъзи муаммолар пайдо бўляптики, бу муаммоларни туман, вилоят ва ҳаттоки республика миқёсида ҳам ҳал этиш қийин бўлмоқда.

         Шўрчи туманида яшовчи фуқаро Б.Н. туман ҳокимиятига мурожаат этиб, унинг  чорвачилик билан шуғулланиш учун шароити мавжудлигини, агар унга наслли чорва моллари олиб берилса, унинг оиласи иш билан таъминланишини ва оилавий аҳволи яхшиланишида катта ёрдам бўлишини айтиб  мурожаат этди. Туман ҳокимлиги, тегишли сектор раҳбари Б.Н.нинг ташаббусини қўллаб ижобий хулоса беришди. Таъминотчи Украинадан келтирилган наслли моллардан берди. Б.Н. чорвани парваришлай бошлади, аммо орадан бир ойдан вақт ўтса ҳамки банкдан кредит тўлови таъминотчи ҳисобига ўтказилмади. Оқибатда таъминотчи ва кредит олувчи ўртасида низо келиб чиқди.

         Ушбу масалада банк бошқарувчисига қўнғироқ қилганимизда у таъминотчилардан анчагина қарздорлик мавжудлигини,  аммо ҳозирги пайтда банк ихтиёрида ресурс маблағлари йўқлигини, банкка маблағ тушиши билан таъминотчи ҳисобига кредит тўловлари ўтказилишини маълум қилди.

         Биз ушбу масалага аниқлик киритилишини сўраб, юқори ташкилотларга, жумладан Молия вазирлигига қўнғироқ қилдик. Вазирлик  ходими ҳам шу масалада шикоятлар бўлаётганлигини,  тез кундаушбу масалага аниқлик киритилишини маълум қилди. Лекин  биронда ваколатли шахсдан аниқ жавоб ололмадик.

         Таъминотчи етказиб берилган маҳсулоти учун пулини талаб қилмоқда, кредит олувчи эса чорва олинган чорва молини бир ойдан ортиқ боқиб, анча маблағ ҳаражат қилиб қўйди. Агар таъминотчи молни қайтариб олса, энди ишли бўлган “тадбиркор” хонавайрон бўлади, агар таъминотчи пулини ёки молини қайтариб ололмаса у ҳам хонавайрон бўлади.

         Хуш, нима қилмоқ керак?…

         «Ҳар бир оила-тадбиркор» давлат Дастури ижросини назорат қилувчи масъул шахслардан ушбу саволимизга жавоб беришини кутамиз.

 

Оловжон

Related Articles

Close