Kasbim-faxrim

СИЙҚАСИ ЧИҚҚАН МУАММОЛАРНИ ЁРИТИШ ОСОН, ЖИДДИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА МУАММОЛАРНИЧИ?…

Сўнгги йилларда чет эл оммавий ахборот воситаларига жумладан «Озодлик» радиосига  ёрдам сўраб мурожаат этувчилар сони ортиб бормоқда. Чет эл ОАВлари эса баъзида ошкора, баъзиларида “ўз исмини ошкор қилинмаслигини сўраб” хабар берувчилар маълумотларига асосланиб хабарлар беришади.

Нақадар аччиқ бўлса ҳам тан олиш  керакки, фуқаролар ўзлари дуч келган муаммолари юзасидан аввал маҳаллий ҳокимият органларига, сўнг “портал” орқали давлат органларига, қолаверса маҳаллий ва марказий ОАВларига мурожаат этавериб, ижобий натижага эришмагач, чет эл ОАВларидан ёрдам сўраши ҳеч кимга сир эмас.

Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ҳам муаммоларни кўтариб чиқиши мумкин, лекин бунда ҳам қатор чекловлар мавжуд. Яъни, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмагунга қадар муносабат билдириш, суриштирувчининг, терговчининг ёки суднинг розилигисиз иш материаллари ҳақида хабар тарқатиш ва ҳакоза. Шунингдек, яна бир қанча ҳаммамизга маълум бўлган сабаблар борки,  шу сабабли ҳар доим ҳам фуқароларнинг муаммоларини ёрита олмаймиз. Нафақат маҳаллий, ҳаттоки етакчи оммавий ахборот воситалари ҳам кўпинча хотин-қизларнинг кийинишидаги “ҳаёсизлик”, ёшларнинг “билимсиз”лиги, касалхоналардаги мавжуд камчилик каби раҳбариятга гап тегмайдиган умумий ва унчалик аҳамиятга эга бўлмаган “муаммо”ларни ёритишдан ташқари чиқа олгани йўқ.

Чет эл ОАВлари эса бу қоидаларга амал қилишмайди, шунинг учун ўзлари маъқул топган хабарларни эълон қилаверишади.

Улар асосан Ўзбекистондан хабар берган муаллифларнинг маълумотларига таяниб хабар тарқатади, хабарнинг ҳақиқатга тўғри келиши ёки келмаслигига хабар тарқатган ОАВ жавоб бермайди.

Сўнгги 3 йил ичида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, айниқса электрон ахборот воситалари анча фаоллашди, лекин ҳали  қулоғимиз ўрганиб қолган хабарлардан нарига ўтолгани йўқ, жиддий аҳамиятга эга бўлган хабарларни тарқатишга журналистларимиз шошилмаяпти.

Эҳтимол, Ўзбекистонда ҳам оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритилса  ахборот воситаларининг фаоллиги янада ошарди ва шунда чет эл ОАВларига эмас, маҳаллий ахборот тарқатувчиларга мурожаат қилувчилар сони ортарди.

Оловжон

Related Articles

Close