Hodisalar

СУДЬЯ: ЖАРИМА ЖАЗОСИ ҚЎЛЛАНИЛИШИ ЛОЗИМ!

Йўлда кетаётганингизда тўсатдан сизга дайди ит ташланиб қолса, ҳолингиз нима кечиши ўзингизга аён. Агар ит кутилмаганда Сизни тишлаб олса-чи,бундан ёмони йўқ! Кучли ҳаёжонланиш ва оғриқ азоби билан ит боқувчининг итини қаровсиз қолдиргани учун жанжаллашишингиз аниқ.

Худди шундай воқеа 2019 йил 17 феврал куни Шўрчи тумани “Ялти” маҳалласида рўй берди. шу маҳаллада яшовчи Д.С. кўчадан кетаётиб Т.К.нинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганда унинг ити югуриб келиб Д.С.нинг оёғидан тишлаб олди.

Бўлган  воқеадан хабар топган Т.К. жабрланувчидан кечирим сўраб, унга ёрдам берди. Лекин  у шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиб маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган эди.

Ушбу иш  Шўрчи туман Маъмурий суди томонидан 2019 йил 28 май куни кўриб чиқилди. Т.К.нинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик содир этилган деб топилиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинланди.

Биз ушбу иш юзасидан Шўрчи туман маъмурий суди раиси  Ш.Юлдошевдан жабрланувчи Д.С.нинг ҳуқуқбузарлик содир этган Т.К.га нисбатан даъвоси йўқ экан, жарима жазоси қўлламасдан огоҳлантириш билан чекланса бўлмасмиди деб сўраганимизда  суд раиси:

-Ит боқувчилар яхши биладики, бирон кишини тишлаган ит қаровсиз қолса бошқа одамларни ҳам тишлайверади, агар ўзини ҳимоя қилолмайдиган кекса ёшдаги кишини ёки ёш болаларни ўша ит тишласа, катта жанжалга сабаб бўлиши мумкин. Шундай ҳолат юз бермаслиги учун итнинг эгасига энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида жарима жазоси белгиланди,-деди маъмурий суд раиси Ш.Юлдошев.

Н.Шарипов

Related Articles

Close