Kasbim-faxrim

АСОСЛАНМАГАН ХАБАРЛАРНИ ТАРҚАТИШНИ ТЎХТАТАЙЛИК!

«Дарё» нашрида бугун эълон қилинган «Кувайтда жазирама иссиқдан машиналар эриб тушмоқда» сарлавҳали хабарига кўра Кувайтда 20 июнь куни янги жаҳон рекорди янгиланиб, дунёда қачонлардир қайд этилган энг юқори ҳарорат — Цельсий бўйича 63 даража иссиқлик кузатилган. Ушбу хабар «Nur.kz» сайтининг хабарига асосланиб тарқатилган. «Nur.kz» эса шу хабарни испан тилида хабар берувчи «news.culturacolectiva.com» сайтининг 17 июн куни соат 18:11 да эълон қилинган “63 grados asfixian a Kuwait, la temperatura más alta del mundo”  (Қувайтда 63 даража иссиқлик, дунёнинг энг юқори ҳарорати)деб номланган хабаридан таржима қилиб,  шу хабарни тарқатган. Бу сайт ҳам «Al-Qabas» маҳаллий газетасининг 8 июндаги хабарига асосланиб тарқатилганлигини айтади. Қувайтда 8 июнь куни ҳаво ҳарорати сояда 52,2 ва қуёш нури остида 63 даража қайд этилганлигини айтилган.

Аслидачи? …

rp5.ru гидрометеорология сайтининг хабарида 20 июн куни Қувайтнинг Ал-Жаҳра шаҳрида 43,7, Митрибах шаҳрида эса 44,0 даража иссиқ бўлганлиги қайд этилган. Маҳаллий   гидрометеорология станциялари 8 июнь куни Қувайтда 47,6 даража ва 10 июнь куни энг юқори ҳарорат, яъни 48,4 даража қайд этишган.Жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати Ливияда 1922 йил 13 сентябр куни қайд этилган ва шу куни ҳаво ҳарорати 57,8 даражага етган. Ҳали расмий равишда жаҳон рекорди янгилангани эълон қилингани йўқ. Бугун энг юқори ҳаво ҳарорати Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида кузатилди ва 48 даражага етганлиги хабар қилинмоқда. Бу ҳам жаҳон рекордидан анча кам.

Шу хабарда 21 июн куни Қувайтда ҳаво ҳарорати 68 даражага етиши мумкинлиги айтилган, аммо бу хабар ҳам асоссиз, чунки ҳаво қуруқ, намгарчилик кам бўлса, қуёш тиғи остида 70 даража  иссиқлик ҳам инсонлар ҳаётига хавф туғдирмайди. Чунки соя-салқин жойда  бундай иссиқликдан бемалол сақланиш мумкин.

Асосланмаган,  шов-шувли, аҳолини ваҳимага солувчи хабарларни тарқатишдан ким манфаат кўради, албатта ёлғон ахборот тарқатувчилардан бошқа ҳеч ким манфаат кўрмайди. Шундай экан, халқаро оммавий ахборот воситаларининг асоссиз, шов-шувли хабарларини ўзбек тилига таржима қилиб тарқатишдан тийилган маъқул эмасми?

Оловжон

Related Articles

Close