Bu qiziq

УЧТА ЗАБАРДАСТ ОЛИМ ЕРДА ЁТГАН СУЯККА ЕМ БЎЛИБ КЕТСА-Я!

Қадимда бир қишлоқдан уч нафар киши узоқ юртларга бориб, дунёдаги жами илмларни ўрганишиб, қишлоққа қайтишибди. Улар дунёвий илмларни мукаммал билишаркан. Кунлардан бирида уларнинг кўнгиллари саёҳат истаб қолишибди ва йўлга чиқишмоқчи бўлишибди. Уларнинг бир билимсиз, авом ўртоғи бор экан.  У олим дўстларига: “Мени ҳам олиб боринглар, ҳеч бўлмаса сизларга чой қайнатиб бераман” деб ялинибди. Охири улар кўниб, тўрталаси йўлга чиқишибдилар. Йўлда улар бир дарахтнинг тагида дам олишиб ўтиришса, шу ерда сочилиб  ётган ҳайвоннинг суякларига кўзи тушибди. Улардан бири қизиқиб дарҳол суякларни териб қўйибди-да: “Бу урғочи шернинг суяклари экан”дебди. Иккинчи олим қандайдир дуо ўқиб дам солган экан суякларда эт ва тери пайдо бўлибди: “Бу ҳақиқатан ҳам урғочи шер экан” дебди. Учинчиси: “Энди мен унинг жонини қайта киритаман” деб дуо ўқий бошлабди. Шунда ҳалиги билимсиз дўсти: “Шошманглар, ахир у тирилиб кетса, ҳаммамизни еб қўядик-ку!” деса, олим дўстлари: “Эй аҳмоқ,  унга жон киритсак, яна жонини чиқарамизда” деб унинг гапига парво қилмабди. Шунда ҳалиги билимсиз: “Шошманглар, мен дарахтга чиқиб олай, сизлар билимли, лекин мен авом ақлсиз илм қурбони бўлмай!” деб дарахтнинг юқоридаги шохига чиқиб, олим дўстларини кузатиб турибди. Учинчи олим дўсти дуо ўқиб шер мурдасига дам солиши билан мурда тирилиб уларга ташланибди ва уччаласини ҳам ҳалок этибди. Сўнг уларнинг мурдасини паққос тушириб дархтдаги билимсизга кўзи тушибди-да дарахтга чиқмоқчи бўлибди. Лекин қорни ўта тўйганидан дарахтга чиқа олмай йўлга тушибди. Шернинг қораси кўздан ғойиб бўлгач, авом дўсти дарахтдан тушиб уларнинг танасининг қолган-қутганини ерга кўмиб йўлга тушаркан: “Ё тавба, учта забардаст олим ерда ётган суякка ем бўлиб кетса-я! Илм бўлса-ю, фаросат бўлмаса қийин экан-да. Эй Худо, шундай зарарли илмдан ва фаросатсиз олимнинг амалидан ўзинг асра!”деб уйига равона бўлибди.

Ҳозирги замонда инсонлар ёстиғини қуритувчи қуроллар яратиш билан шуғулланувчи олимларни ҳикоятлаги олимларга ўхшатаман, ахир шу қуролларни яратган инсонлар ўзи яратган қуролларнинг қурбони бўлиши мумкин-ку!

Оловжон

Related Articles

Close