Madaniyat

ПЕДАГОГЛАР МАЖЛИСЛАРГА ЖАЛБ ЭТИЛИШИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказиб, унда турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик кераклиги таъкидланди. Ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун махсус ҳуқуқий хизмат ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.

Ушбу масала бўйича Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “Facebook” ижтимоий тармоғида “Бундан буён энди барча давлат идоралари мактаб ва ўқитувчилар фаолиятига халақит қилиши эмас, балки кўмаклашиши керак! Акс ҳолда Президентимиз томонидан белгилаб берилган янги сиёсатга қарши чиққан бўлади!”деб фикр билдирган эди…

Олтинсой туманидаги мактаблардан бирида кўп йиллардан раҳбарлик қилиб келаётган педагогнинг хабар беришича, ҳар душанба куни Олтинсой туман ҳокимияти идорасига туман ҳокимлиги ҳодимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасалари раҳбарлари ва туман Халқ таълими бўлими мудири ва услубчилари ҳамда 64 та мактаб директорлари таклиф этилади.
2019 йил 27 май куни Олтинсой тумани ҳокимиятида ўтказилган мажлисга эрталаб соат 7 да тумандаги ҳамма ташкилот раҳбарлари, шунингдек тумандаги барча мактаб директорлари чақирилди. Мажлисда асосан қишлоқ хўжалигига оид масалалар бўйича сўз борди, лекин таълим соҳасига оид масалалар кўрилмади.

Йиғилиш қатнашчиларининг кўпчилиги залда ухлаб ўтирди, бошқалари зериккандан мажлис тугашини кутиб ўтирди.
Президентимизнинг 2018 йил 17 июль куни педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, обуна ва шу каби касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик ҳақидаги топшириғига Олтинсой туманида шу тарзда жавоб берилмоқда.

Рамозон

Related Articles

Close