Madaniyat

ДЕНОВ ТУМАНИДА ЯШОВЧИ КЎЗИ ОЖИЗ НОГИРОНЛАР ОИЛАСИ ЁРДАМ СЎРАМОҚДА

Таҳририятимизга Денов тумани «Пожур» маҳалласида яшовчи Норов Турсунқул мурожаат этди. У бу йил коллежни битирмоқда. Унинг отаси, онаси ва акаси I-гуруҳ ногирони.

Унинг оиласи авария ҳолатидаги уйда яшаётганлиги ҳақида аввал ҳам хабар бергандик,  афсуски хабаримизга расмий жавоб берилмади.

Норов Турсунқул отаси Норов Турдининг Сурхондарё вилоят ҳокимига 2019 йил 10 апрел куни юборган хатининг нусхасини бизга тақдим этди. Хат жуда таъсирли бўлганлиги учун ушбу хатни ўзгартирмасдан ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдик.

Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб қувватламоқдалар. Уларга амалий ёрдам кўрсатмоқдалар. Умрлари узоқ бўлсин! Халқимизнинг бахтига доим соғ-омон бўлсинлар!

         Мен 1956 йилда туғилганман. Миллатим тожик. Маълумотим тўлиқсиз. I-гуруҳ ногирониман. Хотиним ва ўғлим ҳам I-гуруҳ ногирони. Оиламизда 3 нафар кишининг кўзлари кўрмайди. Биз яшаётган уй таъмирталаб аҳволда. Ошхона ва ювиниш хонаси йўқ.

         Яшаш шароитимиз жуда оғир. Баъзан ҳатто нон ҳам бўлмай қолади.  Баъзан бир ойда бир марта овқат ейиш бахтига эришамиз.

         Давлат томонидан берилаётган пенсия дори-дармондан ортмайди.

         Мен бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига ёзган мурожаатим 2018 йил 27 март куни Денов туман ҳокимияти томонидан ўрганилган, аммо натижа бўлмади. Ўғлим Норов Турсунқул Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мурожаат этган. Жавоб хатида касаба уюшмаси томонидан 2019 йил ёрдам берамиз дейилган. Ўғлим Норов Турсунқул туман ҳокими қабулида бўлиб ёрдам сўраган, Денов туман ҳокими қишки мавсум бўлгани учун баҳорда бориб кўриб, ёрдам беришни ваъда қилди. Мен ҳокимнинг олдига бориб ёрдам сўрадим, 4 кун ичида боришини  айтди, лекин келмади.

         Ҳокимимиз ҳомийлар томонидан ёрдам берилишини ваъда қилган эдилар.

         Илтимос биздек ночор ва ногирон оилага амалий ёрдам берингизлар…

Сизга ҳурмат билан Норов Турди.

Вилоятимизнинг  Деновдек  ривожланган туманида Муборак Рамозон ойида 3 нафар кўзи ожиз киши ва 3 нафар ўқувчилардан иборат (бири коллеж ўқувчиси ва икки нафари мактаб ўқувчилари) оилага ёрдам бера оладиган ҳомий топилмаса ва кўзи ожиз кишилар давлат идораларига ёрдам сўраб қайта-қайта мурожаат этишга мажбур бўлишса бу ҳолатни ҳар қандай важ билан оқлаб бўлмайди.

Туман ҳокимлиги томонидан ногиронлар яшаётган уйнинг томини таъмирлаш учун 40 дона тахта берилибди, лекин уйни таъмирлаш учун ҳали анча қурилиш материали ва ишчи кучи лозим.

Ушбу ногиронлар оиласи номига ҳисоб рақами очилиб, оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинганда, саховатли инсонлар кўмаги билан аллақачон муаммо ҳал бўларди-ку!

Оловжон

Related Articles

Close