Madaniyat

КИШАНЛАРИМИЗНИ ЙЎҚОТИБ ҚЎЙСАК ҲОЛИМИЗ НЕ КЕЧАДИ...

1868 йил 8 июн. Рус ҳарбийларининг Самарқандга кириб келиши.

Яқинда ижтимоий тармоқдарда бир гуруҳ зиёлиларнинг рус тилига Ўзбекистонда давлат тили мақоми берилишини сўраб киритган таклифи ҳақидаги хабар омманинг норозилигига сабаб бўлди.

Тарихга назар солсак ҳамиша босқинчи миллатларнинг тили, урф одати забт этилган юрт вакиллари томонидан ўрганилган. Бизнинг юртимизни сўнгги бор чор Россияси босиб олди, ундан сўнг собиқ шўро давлати ҳам мустамлакачилик сиёсатини олиб борди. 80-йилларда собиқ СССР таркибида бўлган ҳамма миллатларни руслаштириш сиёсати олиб борилди. Олий ўқув юртларида КПСС тарихи фанидан бошқа ҳамма фанлар фақат рус тилида ўқитила бошлади.

Ёдимда, институтда ўқиган давримизда бир ўқитувчимиз “Рус тилидаги китобларни ўқинглар, чунки рус тилидаги китоблар мукаммал ёзилган, ўзбек тилидаги китоблар маъноси жуда саёз, ундан фойдаланиш қийинчилик туғдиради” деб маслаҳат берарди. Ўша пайтда бизларнинг юртимиз босиб олинган эмас, Россияга ихтиёрий қўшилганмиз деб ўқитилар ва “илғор рус халқи”нинг тилини мукаммал ўрганиш талаб қилинар эди.

Мустақилликка эришганимизга 28 йил бўлибди, баъзилар ҳамон ўша даврни, яъни дилимизга, тилимизга, эркимизга солинган кишанларни қумсайдилар, гўёки ўша кишанларсиз йўқ бўлиб кетадигандек. Халқимиз вакиллари бўлмиш баъзи бир  “зиёли”лар эса кишанларимизни йўқотиб қўйсак, ҳолимиз хароб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқдалар…

Оловжон

Related Articles

Close