Adabiyot

"ИТНИНГ ВАФОСИ"

Ҳозиргидек баҳо кунлари бир чўпон  қўйларини  тоққа олиб чиқибди. Унинг бир ити бор экан, уни чўпон яхши кўриб “Бўрибосар” деб чақирар экан. Қишда еб ётиб анча семириб қолган Бўрибосар ҳам унга эргашибди. Бўрибосар умрида бўрига дуч келмаган экан, фақат қўшни ҳовлидаги чўпон итлардан бўриларнинг раҳм-шафқат билмайдиган, ёвуз ҳайвон эканлигини эшитган экан.

Улар тоғдаги кенг яйловларга етишибди, атроф кўм-кўк ўтлоқ, қўй-қўзилар маза қилиб ўтлашаркан. Бўрибосар зерикибди-да, кечқурун қўшни итларнинг ҳуришини эшитиб, бир суҳбатлашиб келиш учун қўшни сурувга жўнабди.

Даралар оралаб кетаётганда баҳайбат махлуққа дуч келибди. Унинг тишларини кўрсатиб ириллашидан юраги қинидан чиқиб кетаёзибдида ура қочибди. Аммо баландликка югуриш қийинлигидан нафаси қайтиб, оёқлари ўзига бўйсунмай тўхтабди. Ўша заҳотиёқ ҳалиги махлуқ  етиб келиб бир зарб билан Бўрибосарни пастга қулатибди. Бўрибосар тепаликдан  дарага думалабди. У махлуқ аста-аста тушиб келибди-да:

-Ҳа кўппак, қаёққа кетяпсан?-деб сўрабди.

-Менинг отим Бўрибосар, қўшни сурувдаги оғайинларнинг олдига айланиб келмоқчийдим,- қўрқиб жавоб берибди Бўрибосар.

-Сен ҳали Бўрибосармисан? Мен бўриман. Қани кучингни кўрсатчи!

-Ака, Сизни танимайман. Отим шунақа. Рухсат берсангиз изимга, хўжайинимнинг олдига қайтсам,-рухсат сўрабди Бўрибосар.

-Бу ердан фақат бировимиз тирик қайтамиз, ё сен, ё мен. Ҳозир жанг қиламиз,-қатъий овозда ириллабди бўри.

-Ака, иккиламиз қариндошмиз, нега жанг қилиш керак. Сизни эшитганман. Сиз зўрсиз. Албатта ғолиб чиқасиз, Сизга тенг келишга биз каби итларга йўл бўлсин!-деб ёлворибди.

-Мен сен билан қариндош эмасман, менин зотимда ювиндихўрлар йўқ. Менинг зотимни одамлар ит, кўппак, лайча деб атамайди. Менинг зотимда бировнинг қўлига термулиб яшайдиганлар чиқмаган. Мендан нафақат сен каби итлар, ҳаттоки хўжайининг каби одамлар ҳам қўрқишади. Сен ўзингга қара чўчқадек семириб кетгансан, умрингда бирон марта меҳнат қилиб битта ўлжа тутиб еганмиса? Фақат ҳурасан, хўжайининг берган ювиндини паққос тушириб ухлайсан. Умринг хўжайинларингга думингни ликиллатиш билан ўтади. Кўчада зўрларни кўрсанг, думингни ликиллатасан, заифларни кўсанг талайсан! Шунинг учун сен итсан ва итлигингча қоласан, ўлаётганингда эса хор бўлиб ўласан. Сенинг бахтинг шундаки, ҳозир қўйингни еб, қорнимни тўйдириб қайтаяпман. Сен қоровуллик қилаётган сурувга биронта бўри яқинлашганда ҳурсанг, тилингни суғуриб олман, йўқол кўзимдан!

Бўрибосар соғ-саломат қайтганига шукур қилибди-да, зинҳор хўжайинининг ёнидан жилмасликка қарор қилибди. Қўйларни эса бўрилар қийратса ҳам овозини чиқармасмиш. Итлар  ўзидан зўрларга берган ваъдасига вафо қилишади, бўлмаса аниқ калласи кетишини билишади-да!

Оловжон

Related Articles

Check Also

Close
Close