O`zbekiston

ОЛТИНСОЙЛИК 90 ЁШЛИ ОТАХОННИНГ ПРЕЗИДЕНТИМИЗГА ЮБОРГАН МУРОЖААТИ СОХТА ДАЛОЛАТНОМА ТУЗИЛИБ ЁПИБ ЮБОРИЛДИ

Ҳайитов Оқбой бобо Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани “Қизилтепа” маҳалласида яшайди. У киши бу йил кузда 90 ёшни тўлдиради.

 

Оқбой бобо Президентимизга  бу йил фермер ўғлининг ер майдони мақбуллаштириш баҳонасида олиб қўйилгани, далага ишлов бериш учун уйидаги  чорва молларини сотиб ишлатганини куйиб-куйиб шикоят ёзди. Бундан ташқари боғдорчилик фермер хўжалигига тегишли ер майдонларининг ҳам олиб қўйилганлиги сабабли ҳам ўғли, ҳам набиралари ишсиз қолганини айтиб-айтиб ёзди. Бобо хатини Президентимизни ўзи ўқийди деб дилидаги ҳамма гапларини ёниб-ёниб ёзди…

Шикоят хати Ўзбекистон Республикаси Президентининг веб-сайтига 2019 йил 7 март куни бориб тушди ва ўша заҳотиёқ ўрганиш учун Олтинсой туманига қайтарилди.  Мурожаатни ўрганиш туман Қишлоқ хўжалиги бўлими агротехнология масалалари бўйича мутахассис Н.Сатторов ва туман Қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Х.Рўзиевларга топширилди.

Улар ўз ўрнида қуйидаги мазмунда далолатнома тузишди:

                                 «Д А Л О Л А Т Н О М А

15 март                                                                   туман маркази.

Бизларким долалатнома тузиб имзо чекувчилар туман Қишлоқ хўжалиги бўлими агротехнология масалалари бўйича мутахассис Н.Сатторов,  туман Қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Х.Рўзиевлар ва Қизилтепа маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Холматовлар иштирокида тумандаги Қизилтепа маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳайитов Оқбойнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти веб-сайтига 2019 йил 7 март куни қилган 20298-s/19-сонли мурожаати  юзасидан учрашиб ўғли бошлиқ “Чикиллак шаршараси” фермер хўжалиги  Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 мартдаги 14-сонлиқарорига асосан мақбуллашиб Алпомиш юксалиш фермер хўжалигига барча сувли очиқ ер майдонлари қўшилиб кетганлигини тушунтирдик. Лекин фуқаро Ҳайитов Оқбой бу тушунтиришдан олган фикри бўйича ёзма тушунтириш хати беришдан бош тортди. Ушбу ҳолат юзасидан далолатнома ёзиб имзо чекувчилар Н.Сатторов, А.Холматов, Х.Рўзиев «Қизилтепа» МФЙ думалоқ муҳри қўйилган.»

Виртуал қабулхонага мурожаатнинг жавоби тариқасида ушбу далолатнома, Олтинсой тумани ҳокимининг 2019 йил 19 мартдаги 317-сонли жавоб хати ва қандайдир хонада икки киши ўтиргани тасвирланган сурат киритилган.

Биз ушбу мурожаатнинг ўрганилиши юзасидан Олтинсой тумани «Қизилтепа» маҳалласида яшовчи табаррук отахон Ҳайитов Оқбой бобонинг уйига МФЙ раиси билан ташриф буюрдик. Оқбой бобога аввал юборилган жавобни ўқиб бердик. Отахон «Ё тавба,  шунча гаплар бўлиб ди-ю, мен бехабар қолибман-да!»-деди.

 

Биз «Қизилтепа» МФЙ раиси А.Холматовдан у киши иштирокида тузилган далолатнома ҳақида сўрганимизда, раис: «2019 йил 15 март куни туман қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Х.Рўзиев туман ҳокимиятига йиғилишга кираётган пайтимда менга Хайитов Оқбой бобо Президент виртуал қабулхонасига ариза билан мурожаат қилганлигини ва аризани ўрганиб келаётганини айтиб.  Президентимизнинг 2019 йил 9 мартдаги 14-сонли қарорига асосан «Чикиллак шаршараси» ф/х-ни «Алпомиш юксалиш»ф/х-га қўшиб берилганлигини тасдиқлаб беришимни сўраб печат қўйдириб олди. Кейин билсам Хайитов Оқбой бобо билан учрашмаган, мени ҳам алдаб имзолатиб олган экан. Расмдаги ҳам Оқбой бобо эмас.» деди ва бу ҳақда хат ёзиб берди.

Биз ушбу маслага аниқлик киритилишини сўраб Олтинсой тумани Қишлоқ хўжалиги бўлими Х,Рўзиевга қўнғироқ қилдик. У киши шундай деди: «… веб-сайтга ёзган хатида +998 90 … .. .. рақамли телефон рақамини кўрсатгани бўйича қизи ….дан Оқбой бобонинг қаерда эканлигини сўрадик ва бобо Тошкентда деб қизи жавоб берди. Шундан сўнг Ҳайитов Исроил телефон орқали боғланибф/хга тегишли туман ҳокимининг қарорларини сўраганимда барча ҳужжатларни Термизга топшириб келганлигини билдирди.  Шундан сўнг Қизилтепа маҳалла раисидан Ҳайитов Оқбой бобонинг уйида борлигини билиб далолатнома тузишлигимизни айтганимда, раис Оқбой бобо билан гаплашиб кейин далолатномага печат босишлигини билдирди ва иккинчи куни туман ҳокимлигига йиғилишга келиш даврида далолатномага печат босиб берди. Шу асосда юқори ташкилотларга жавоб хати юбордик.» деди ва бу ҳақда 2019 йил 2 апрел куни билдирги ёзиб бизга юборди.

Биз Оқбой бобонинг қизидан қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Х.Рўзиев билан телефон суҳбати ҳақида сўраганимда «Отам 90 ёшдалар, Тошкентга ўзлари бора олмайди-ку, мен мутахассисга бу ҳақда умуман айтмаганман.»деди.

Энг ачинарлиси, 90 ёшли Хайитов Оқбой бобонинг чин юракдан Ўзбекистон Президенти қабулхонасига ёзган шикоят аризаси юзасидан Олтинсой туманидан биронта раҳбар: «Бобо, нима муаммо бор?»-деб сўрамади ҳам.

Шундай қилиб табаррук ёшдаги Хайитов Оқбой бобонинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга юборган мурожаати ёпилиб кетди.

Оловжон

Related Articles

Close