Hodisalar

ТАЖРИБАСИЗ ҲАЙДОВЧИ ЎЗГАЛАР МУЛКИГА ВА СОҒЛИГИГА ЗАРАР ЕТКАЗДИ

Шўрчи тумани тумани марказидан ўтувчи Мустақиллик кўчаси шаҳарнинг энг серқатнов кўчаси ҳисобланади. Ушбу кўчада туман бошқарув идоралари, дўкон ва бошқа аҳолига хизмат кўрсатиш бинолари, касалхона жойлашганлиги сабабли бу кўчада транспорт воситалари узлуксиз ҳаракатланади.

2018 йил 30 декабр куни Мустақиллик кўчасида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган Аллаёров Фахриддин (исм-фамилиялар ўзгартирилди) “Нексия” русумли автомашина билан Ж.Жумаев кўчасидан Мустақиллик кўчасига чиқаётганда йўлда ҳаракатланиб келаётган автомашиналар кўплигига эътибор қилмасдан кўчага чиқмоқчи бўлганда, унинг автомашинасига Эргашев Шуҳрат бошқариб келаётган “Матиз” русумли автомашина келиб урилди ва ағдарилиб кетди. “Матиз” машинаси йўл четида тўхтаб турган “Кобальт” автомашинасига урилди. Оқибатда ҳар иккала автомашиналарга техник шикаст етди ва “Матиз” автомашинаси ҳайдовчиси ва ундаги йўловчилар тан жароҳатлари олишди.

Ушбу иш 2019 йил 10 январ куни судда кўрилиб ҳуқуқбузарга тегишли жазо чоралари кўрилди-унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима ва бир йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, ҳамда етказилган моддий зарар 8.107.000 сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинди.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ва ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган киши рулга ўтириб нафақат ўзининг, ўзгаларнинг ҳаётига хавф туғдириши ва уларнинг мол-мулкига ҳам зиён етказиши мумкин.
Кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига амал қиладилар, шунинг учун улар ноқулай аҳволга тушиб қолмайдилар ва атрофидагиларга зиён етказмайдилар.

Шўрчи туман Маъмурий суди раиси Ш.Юлдашев

Related Articles

Close