Hodisalar

«БИР ВАҚТЛАР БОЙСУН ТОҒЛАРИ ЯМ-ЯШИЛ АРЧАЛАР БИЛАН ҚОПЛАНГАН ЭДИ...»

Ўрмончиларнинг айтишича, «Қизил китоб» га киритилган Зарафшон арчасининг вояга етиши учун ўртача бир асрдан ортиқ вақт ўтаркан. Арча узоқ умр кўрувчи дарахт ҳисобланиб, минг-бир ярим минг йил умр кўради. Тоғларимизнинг кўрки бўлган Зарафшон арчасининг ўсиши нечоғли қийин бўлишига қарамасдан кейинги йилларда бу дарахтларга ҳам қирғин келтирилмоқда. Кимдир ўтин учун, кимдир қурилиш материали сифатида ва ҳаттоки бу йилги қиш мавсумида тоғларда қор қалин ёққанлиги учун бу ноёб арчани кесиб чорва молларига ҳашак сифатида едириш авж олмоқда.

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Ўрта мачай” МФЙ Газа қишлоғида яшовчи чўпонлар “BOYSUN PHARMA HERBS” МЧЖ га қарашли 1600 гектар ер майдонининг 460 гектар қисми Газа қишлоғи ҳудудида жойлашган қисмидаги ёввойи ҳолда ўсган арча дарахтларини кесиб чорва молларига озуқа сифатида едиришмоқда. Бунга бу йил тоғда қор қалин ёққанлиги сабабли тоғда ҳашак камлиги учун кўп йиллик арчалар ва уларнинг шохларини йиқитиб чорваларга едиришмоқда. Ушбу ҳолатдан “BOYSUN PHARMA HERBS” МЧЖ бошлиғининг хабари йўқ. “Ўрта мачай”МФЙ фаоллари ҳолатдан хабари бўлсада, давлатимизга етказилаётган миллиардлаб сўмлик зарар ва табиатга тиклаб бўлмас даражадаги пайҳон қилинишидан ўз манфаатларини устун қўйиб, ушбу ҳолат ҳақида тегишли органларга хабар бермасдан нохуш воқеани сир сақламоқдалар.

Агар ҳолат шу ҳолда давом этаверса, ҳадемай тоғларимиздаги кўм-кўк арчазорлар ўрнида тўнкалардан бошқа нарса қолмайди. Ундан кейин фарзандларимизга «Бир вақтлар Бойсун тоғлари ям-яшил арчалар билан қопланган эди…» деб сўзлаб берганимизда улар эртак эшитгандек гапларимизга ишонмаса керак. Чунки кўз билан кўрмагач ишонмайди-да!

Б.Дўстқобилов

Related Articles

Close