O`zbekiston

ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНИДА ФЕРМЕРЛАР ЕР МАЙДОНИНИ МАҚБУЛЛАШТИРИШ «СУВ КЕЛТИРГАН ХОРУ, КЎЗА СИНДИРГАН АЗИЗ» ҚАБИЛИДА ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Ўзбекистон  Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январ кунги « Фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 14-сонли қарорига асосан Қумқўрғон туманида фермер хўжаликларига ижарага берилган ер майдонлари мақбуллаштириш ўзига хос давом этмоқда.

Вилоятимизнинг барча туманларидаги каби туман ҳокимиятига тумандаги ҳамма фермерлар чақирилиб, ўз ихтиёрлари билан ижарага берилган ер майдонларини қайтариб олишларини сўраб туман ҳокими номига ариза ёздириб олинди, энди буёғи ўзингизга маълум, нима қилса ҳокимнинг ихтиёрида.

Тумандаги “Илғор Беҳзод” фермер хўжалиги 2016 йил феврал ойида ташкил этилган бўлиб, ўтган уч йил давомида доимий равишда ғалла ва пахта тайёрлаш режаларини ошиғи билан бажарди. 2018 йил ғалла топшириш режасини 102 % га, пилла топшириш режасини 103 %га ва пахта топшириш режасини 105,5 %га бажарди. Ишлаб чиқаришда эришган юксак натижалари учун 2018 йил 9 декабрда Қумқўрғон тумани ҳокими Н.А.Чориевнинг имзоси билан «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни » муносабати билан ҳокимликнинг фахрий ёрлиғи билан мукофотланди. Бундан ташқари “Артел” русумли духовка, чопон ва бошқа моддий бойликлар билан тақдирланди.

Аммо унинг бу хизматлари ҳокимлик томонидан унинг ерларини олиб, ўтган йиллар давомида пахта, ғалла топшириш контрактация шартномаларини бажармаган «Шарифжон Абдусаломович» фермер хўжалигига инъом этилди. Ерни  қўшиб олган фермер ўтган йили пахта топшириш режасини 50 фоизга уддалаган.

«Илғор Бехзод» фермер хўжалиги бошлиғи Т.Қулмановнинг айтишича экин майдонларини суғориш учун 4 кўтарма насосни таъмирлаш учун ўзининг маблағидан 15 миллион сўм сарфлади.

2019 йилги ғалла парвариши учун яна катта ҳаражат қилди. 32 гектар ер майдонини уйидаги чорвасини сотиб шудгор қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарорига илова қилинган «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга қўйиладиган талаблар»нинг 4-бандида: «Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади.

Бунда, ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил қилинган боғ ва токзорларнинг ер участкаларига мазкур талабларнинг 3-бандида кўзда тутилган миқдорлар қўлланилмайди.» дейилган талабга кўра «Илғор Бехзод» фермер хўжалиги ер участкаси мақбуллаштирилмаслиги лозим эди. Лекин Қумқўрғон тумани ҳокими  «Сув келтирган хору, кўза синдирган азиз» қабилида иш тутгач начора, ахир ҳоким ҳоким-да!

Унга Сизнинг ҳалол меҳнат қилганингиз, пахта, ғалла, пилла топшириш контрактация режаларини доимий равишда ортиғи билан бажарганингизнинг нима қизиғи бор. Зўр ишлаган бўлсангиз ўтган йили Сизни «Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» муносабати билан ҳокимликнинг фахрий ёрлиғи билан мукофотлади. Бундан ташқари “Артел” русумли духовка, чопон ва бошқа моддий бойликлар билан тақдирлади.

 

Ҳоким истаса ерни яхши ишлаганга эмас, ўзига ёққан одамга беради, Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бузиб бўлса ҳам…

 

Оловжон

Related Articles

Close