Маданият

“БЕРАДИ ДЕБ ОЛАВЕРМА, УРАДИ ДЕБ ҚОЧАВЕРМА” ДЕГАН МАҚОЛИМИЗГА АМАЛ ҚИЛАМИЗ?

 

Дунёдаги ривожланган давлат сиёсатчилари ривожланмаган давлатларнинг ички ишларига аралашадилар, керак бўлса куч ишлатиб бўлса ҳам уларни ўзлари истагандек яшашга мажбур қилишади.  Ривожланган  давлатларнинг олимлари оламшумул кашфиётлар қиладилар. Уларнинг фуқаролари ўзларини бутун дунё хўжайини деб ҳисоблашади.

Ривожланмаган давлатларнинг сиёсатчиси ҳам, олимлари ҳам ўз ташвиши билан банд. Фуқаролари  эса кўпроқ пул топиш учун дунёнинг нариги четига бориб, ҳар қандай қора ишни ҳам бажаришга ҳам тайёр, ўзларини бутун дунё хизматкори деб ҳисоблашади. Бунинг сабабини сўрашса, “Мен ҳам яхши яшашни истайман” дейишади. Аслида ўз юртида ҳам яхши яшашади, фақат бунга қаноат қилишмайди.

Африка ва Яқин  шарқ давлатлари халқи Европага интилади, жанубий америкаликлар АҚШга, Марказий Осиё давлатлари халқлари Россияга ва ҳакоза.

Бир нарсага эътибор бердим – иш излаб борувчиларнинг ота-боболари ўз мустақиллигини йўқотган,  яъни мустамлакачиликка тушиб қолишган ва  давлатларини узоқ вақт ўзга юрт вакиллари ўзлари ҳохлагандек бошқаришган. Улар ўзларини адолатпарвар қилиб кўрсатиб, маҳаллий  халқларни табақаларга бўлиб, улар орасига низо солишган,  маҳаллий халқларнинг азалий анъаналарини, миллий ғурурини йўқ қилишган.

…Ёнимиздаги қўшнимиз қийналиб турганини кўрсак-да  ёрдам бермаймиз, эртага биз ҳам шу аҳволга тушиб қолсак, бошқалар ҳам ёрдам бермайди.

Ноҳақликни  кўрсак тилимизни тишлаймиз, аралашсак, бошимизга бало келишидан қўрқамиз. Бошимизга бало келса, бошқалар ҳам фақат томошабин бўлиб туришини биламиз-да!

Давлатимиз қонунларининг  фақат ўзимизга фойда келадиган қисмини ўрганамиз, чунки манфаат кўрамиз-да, лекин мажбуриятимизни бажаришни истамаймиз, чунки фойда қилмаймизда. Нима қилиб бўлса ҳам фақат наф кўришни истаймиз. Оддий фуқароларимиздан тортиб, катта лавозимдаги мансабдорларимизгача шу тарзда яшашади.

Шу тариқа йиллар ортидан йиллар ўтаверади.

Президентимиз келиб аҳволимизни кўрсин, йўлларимизни таъмирлаб берсин, иш топиб берсин, завод, фабрика қуриб берсин, керак бўлса яшаётган  уйимизни ҳам давлат ҳисобидан таъмирлаб берсин, порахўрларни йўқ қилсин, адолат ўрнатсин деб талаб қиламиз.

Шу  йўлларни шу ерда яшаётган ўзимиз абгор аҳволга солганимизни, қўлимизга илинган нарсани ташиб кетишимизни, пора бериб ишимизни ҳал қилишга ҳаракат қилаётганимизни, қорнимиз тўқ, устимиз бутун бўлса ҳам маҳалладан нафақа ундириш учун ўзимизни “кам таъминланган” оилалар ҳисобига киритиш учун ҳужжат тўғирлаётганимизни тан олгимиз келмайди.

“Дают — бери, бьют — беги” деган русларнинг мақолига қачондан бошлаб амал қила бошлаганмиз, қачон ўзимизнинг “Беради деб олаверма, уради деб қочаверма” деган мақолимизга амал қиламиз?

 

Оловжон

Related Articles

Close