Madaniyat

“НАҲОТКИ ДАРВИН ҲАҚ БЎЛСА!”

Ёввойи ҳайвонлар ҳаётини тадқиқ қилувчи олимлар уларнинг озиқ-овқат учун, насл қолдириш ва ўз ҳудудини ҳимоя қилиш учун тинимсиз кураш олиб бориши ҳақида айтадилар. Шунингдек жуда кўп ҳайвонлар ўз насли учун қайғуриши ҳаммага маълум. Лекин вояга етгач, ўз аждодлари ҳақида қайғурмайди.
Инсонларда ҳам худди шунга ўхшаш ҳаракатлар кузатилади, одамлар ҳам яхшироқ ейишга, насл қолдиришга, кўпроқ жой эгаллашга, чиройли уй-жой қуришга мойиллик кучли. Инсонлар ҳам ҳайвонлар каби ўз фарзандлари учун ҳамма нарсага тайёр, лекин одамзоднинг фарзанди ҳар доим ҳам ота-онаси ҳақида фарзандига эътибор бергандек эътибор бермайди. Халқимизда “Битта ота-она ўнта фарзандни боқиши мумкин, лекин ўнта фарзанд битта ота-онани боқолмайди” деган гап бекорга айтилмаган. ХIX-асрда яшаб ўтган Чарльз Дарвиннинг таълимотида одамлар одамсимон маймундан меҳнат натижасида пайдо бўлганлиги даъво қилинади…
Бугун бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бир киши хотини вафот этгач, бошқа аёлга уйланади ва бу аёлдан ҳам икки нафар фарзанд кўргач узоқ давом этган оғир касаллик туфайли вафот этади. Ёш аёл вояга етмаган фарзандлари билан эски уйда қолиб кетади, бу ёғи эрини даволатиш учун таниш-билишлардан ҳам анчагина қарз олган, оила оғир аҳволда қолади.
Биринчи турмушидан қолган фарзандлари эса дарҳол ўгай онасини судга бериб уйни тортиб олишга ҳаракат қилади ва бунга эришади ҳам. Нотариус марҳумдан қолган уйнинг асосий қисмини аввалги аёлнинг фарзандларига ва жуда оз қисмини кейинги аёлнинг фарзандларига тегишли эканлиги ҳақида расмий ҳужжат беради. Кейин улар суд орқали ўгай онасининг фарзандларига арзимаган пул бериб, уларнинг уйдан чиқишини талаб қиладилар.
Отаси ўлгунча хабарлашмаган, отасидан қолган эски уйда яшаётган ва отасини даволатиш учун қарзга ботган, шу эски уйдан бошқа яшайдиган уй-жойи бўлмаган ўгай онаси ва укаларини кўчага ҳайдаётган фарзандларни кўриб “Наҳотки Дарвин ҳақ бўлса!” деган фикр хаёлимга келаверади.
Оловжон

Related Articles

Close