O`zbekiston

ИСТАК АЛИМОВ: ШЎРЧИ ТУМАНИДА ЭНГ ИЛҒОР ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ЕР МАЙДОНЛАРИ ҚОЛОҚ ФЕРМЕРГА ҚЎШИБ БЕРИЛДИ

Шўрчи тумани “Какан” маҳалласи “Саксонкапа” қишлоғида “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги 2016 йил 27 июлда қолоқ фермер хўжалиги ўрнида ташкил этилди.
“Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги бошлиғи Шерзод Алламуротов белини маҳкам боғлаб ишга киришди. Аввалги йиллар адирликда жойлашган бу ерда ғалла ва пахта топшириш контрктация шартномалари умуман бажарилмаган эди 2017 йилда эса “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги ғалла ва пахта топшириш режасини бажарди. 2018 йил сув тақчил ва ҳаво ҳарорати ўта юқори бўлганлиги сабабли туманда 3та фермер хўжалиги пахта топшириш режасини уддалади ва “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги эса ғалла топшириш режасини 103 фоизга, пахта топшириш режасини 105 фоизга бажарди. Унинг бу меҳнати муносиб тақдирланди: Ўзбекистон Фермер деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 1-сонли қарорига асосан “Илғор фермер” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли “Фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Шўрчи туман ҳокими тумандаги ҳамма фермерни туман ҳокимиятига чақириб фермер хўжалигига ижарага берилган ер майдонини ўз “ихтиёри билан” туман ҳокимлиги захираси қайтариб олишларини сўраб ариза ёздириб олишди. Албатта, “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги бошлиғи Ш.Алламуротов ҳам кўпга келган тўй эканда деб ҳоким талаб қилган аризани ёзиб берди.

Шундан сўнг “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги ер майдонлари “Ингичкасой” фермер хўжалигига қўшиб юборилганини эшитдим. Ана энди ўзингиз солиштириб кўринг “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалигида 4 та трактор, 3 та тележка, ерга ишлов берадиган ҳамма механизмлари бор, юорида айтганимиздек ғалла топшириш режаси 103 фоизга, пахта топшириш режаси 105 фоизга бажарилган. “Ингичкасой” фермер хўжалигида 1 дона трактор, 1 дона тележкаси бор. Ғалла топшириш режасини бажарган, пахта топшириш режаси 50 фоизга бажарилган холос.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 14-сонли қарорига илова қилинган “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштиришга қўйиладиган талаблар”нинг 4-бандида “Қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ўлчами мазкур талабларнинг 3-бандида назарда тутилган миқдорлардан кам бўлган тақдирда, уларни мақбуллаштиришга асос бўлади.
Бунда, ер участкаларидан самарали фойдаланаётган, контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, шунингдек, замонавий иссиқхоналар, интенсив усулда ташкил қилинган боғ ва токзорларнинг ер участкаларига мазкур талабларнинг 3-бандида кўзда тутилган миқдорлар қўлланилмайди.” дейилган талабга кўра “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалиги ўтган 2016 йил 27 июлда тумандаги энг қолоқ фермер ўрнига ташкил этилиб, 2017 ва 2018 йилларда йилларда контрактация шартномаси мажбуриятларини ошиғи билан бажарилган. Шу талабга кўра “Сурхон лочини даласи” фермер хўжалигига ижарага берилган ер майдони мақбуллаштирилмаслиги лозим эди.
Лекин туман ҳокимияти вакиллари тумандаги энг илғор фермер хўжалиги ер майдонларини Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид равишда қолоқ фермер хўжалигига қўшиб берди.
Халқимизда “Сув келтирган хор, кўза синдирган азиз” дегани шу бўлса керак.

Истак Алимов Шўрчи туман

Related Articles

Close