O`zbekiston

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНЛАРАРО СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ҚАЧОН ИЖРО ЭТИЛАДИ?...

Таҳририятимизга Қумқўрғон тумани “Жозиба” маҳалласида яшовчи Эшмўминов Эргаш мурожаат қилиб, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2018 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан тумандаги 19-мактаб ҳудудидан фуқаро Бадалов Чорига тегишли ноқонуний қурилган 12х4 ўлчамдаги 2 хонали уйни жавобгар Бадалов Чори Номозович томонидан бузилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 0, 15 сотих ер майдони Қумқўрғон туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилиши кўрсатилган бўлсада, ҳалигача ушбу суд қарори ижро этилмаётганини баён этди.
Шунингдек, шу фуқаролик судининг 2018 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра жавобгар Амонов Ўтаган Абдижабборович томонидан Қумқўрғон тумани “Қ.Йўлдошев” маҳалласида ўзбошимчалик билан қурилган 14х4 ўлчамдаги 3 хонали уй-жой мажбурий тартибда буздирилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 0,15 сотих ер майдони туман ҳокимлиги заҳирасига қайтарилиши кўрсатилганлигига қарамасдан ҳалигача ижро этилмаганини айтди.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шартлиги алоҳида кўрсатилган ва бу қонун Қумқўрғон тумани ҳудудига ҳам тегишлидир.
Кекса отахон,салкам 40 йилдан бери ўқитувчилик қилган инсон адолат учун курашиб, ушбу муаммони кўтариб чиқмоқда. Энг ачинарлиси шундаки, даъвогар, яъни Қумқўрғон тумани ҳокимлиги ушбу ҳолатга эътибор бермасдан, сукут сақлашдан нари ўтмаяпти.
Биз шу саволга Қумқўрғон тумани ҳокимлигидан ва мажбурий ижро бюросидан жавоб кутамиз.

Оловжон

Related Articles

Close