Madaniyat

ИСРОФДАН САҚЛАНАЙЛИК! (1-чи мақола)

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд этиб, мана шу неъматларнинг шукрини адо этишга буюриб, исрофгарчиликдан қайтарди. Иқтисодий қийинчиликнинг асосий сабабчиси ҳам кўпинча исрофдир. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар динимизда қаттиқ қораланган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофга мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорга нисбатан ўта ношукур эди” (Исро.26 – 27).

            Демак, силаи – раҳм, хайр эҳсон ва турли хил садақаларни беришда ҳам меъёрдан ташқари сарф қилиш исрофгарчилик эканлиги ва бундай ноўрин харажатлар Аллоҳ таоло томонидан ҳам ман этилганлигини кўраяпмиз.

            Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в): “Сени икки хислат: фахрланиш ва исроф хатога бошлайди. Шундан эҳтиёт бўл”,- деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ (с.а.в) бошқа бир ҳадисда: “Аллоҳнинг нозу – неъматларидан енглар, ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!” (деб) марҳамат қилдилар. 

        Исроф дейилганда фақат еб – ичишдаги маблағ ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Исроф чегарадан чиқиш, ортиқча ва меъёрдан кўп харажат қилиш, ўткинчи неъмат қилиб берилган умрни, куч – қувватни ва қиммат вақтни эл – юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган ишларга кетказиш, соғлиқни қадрига етмай унга зарар етказадиган нарсаларни истеъмол қилиш исрофдир. Зеро Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилади: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон – 67).

        Пайғамбаримиз (с.а.в): “Тежамкор одам камбағал бўлмайди” деганлар (Аҳмад ривояти). Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота – боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни уволидан қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй – марака, маросимларда ўзини кўз – кўзлашга, ким ўзар мусобақасига ўтиб кетаяпти. Миллий, диний қадриятларимизни оёқ – ости қилиб, миллий анъаналаримизга тўғри келмайдиган, бошқа халқларнинг қўштирноқ ичидаги маданиятини ўзимизнинг тўйларимизга жорий қилишлиги, аввало ўзлигимизни йўқотишимиз бўлса айни пайтда ортиқча дабдаба ва исроф ҳамдир.

Имоми Аъзамнинг (раҳматиллоҳи алайҳ) ғоятда ибратли бир гаплари бор: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”.

Исрофни катта – кичиги бўлмайди. Унинг оғир гуноҳлардан эканини доимо ҳис этайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин, неъматларини исроф қилмайдиган, шукур ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин.    

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси                          Хосият Қосимова.

 

Related Articles

Back to top button