Hodisalar

“ТЕЗ ЁРДАМ” МАШИНАСИ ЁРДАМГА МУҲТОЖ

ёҳуд жарима майдонидаги "Тез ёрдам" машинасини ким таъмирлайди?

“Главред” сайтидан 11 январ куни тарқатилган хабарга кўра грипп касаллиги туфайли Украинада 13 киши вафот этган, бу ўтган йиллардагига нисбатан икки марта ортиқ.
Айни шу кунларда Ўзбекистонда ҳам грипп касаллиги тарқалиши туфайли шифохоналарга ёрдам сўраб мурожаат этувчилар сони ортмоқда. Зарурият туфайли Шўрчи туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Болалар бўлимига бордик ва навбатчи врач билан суҳбатлашдик. Болалар бўлимидаги ҳамма ўринларга грипп касаллигига чалинган беморларни қабул қилингалиги ва яна мурожаат қилувчиларга тиббий ёрдам берилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.
“Тез ёрдам” бўлимидаги Шўрчи шаҳрига хизмат қилувчи ҳамма машиналар чақирув бўйича кетган экан. Бўлимда биронта машина кўринмайди. Демак, ҳар бир “Тез ёрдам” машинаси аҳоли чақирувига биноан ёрдам бериш учун кечаю-кундуз йўлда юрибди…
2018 йил 10 декабр куни Эшназаров Рахмонберди бошқарувида бўлган 75 175 RAA давлат белгили “Дамас” русумли “Тез тиббий ёрдам” махсус машинасида огоҳлантиручи чироқларни ва овозли сигналларини ёқиб оғир аҳволдаги беморни Шўрчи туманидан Термиз шаҳридаги Кўп тармоқли вилоят болалар травматология бўлимига олиб бораётганида М-41 йўлининг Қумқўрғон тумани собиқ автобаза ҳудудида йўл ёқасида турган “Нексия” русумли машина йўлдан сал нари томонида йўл транспорт ҳодисасини ўрганаётган ЙПХ ходимларига етмасдан, улардан қочиш мақсадида изига қарамасдан унинг йўлини тўсиб қайтиб олмоқчи бўлди ва “Тез ёрдам” машинасининг йўлини тўсиб қўйди. ЙТҲ туфайли Р.Эшназаровнинг бошқарувидаги “Тез тиббий ёрдам” машинаси ағдарилиб кетди.

ЙПХ ходимлари келган пайтда “Нексия” машинаси ҳайдовчиси воқеа жойини ташлаб қочиб кетди, машинадаги беморни ЙПХ ходимлари Қумқўрғон тумани касалхонасига етказишди.
Ушбу воқеа Қумқўрғон тумани Ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан ўрганилмоқда, лекин техник шикаст олган “Тез ёрдам” эса Қумқўрғон тумани ЙПХ жарима майдончасида турибди.
ЙТҲ содир этган шахс уни таъмирлаб, халқ хизматига қайтаргани йўқ. Орадан салкам бир ярим ой ўтдики, машина жарима майдончасида бекор турибди. Ушбу машинани 4 нафар ҳайдовчи навбат билан бошқаради ва куни бўйи аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Аҳоли учун сув билан ҳаводек зарур бўлиб турган махсус тиббий машинанинг жарима майдонида туришидан ким манфаатдор? Албатта ҳеч ким, фақат ушбу машина жарима майдонида турганлиги туфайли қанчадан-қанча беморларга ўз вақтида ёрдам бериш имкони бой берилади ва бунинг жабрини 200 мингга яқин шўрчиликлар кўрмоқда.
Энг ачинарли томони шундаки, “Тез тиббий” ёрдам машинаси ҳайдовчиси Р.Эшназаров Шўрчи билан Қумқўрғон тумани орасида бўзчининг мокисидек югуриб, айбдордан машинани таъмирлаб беришини сўраб қилган мурожаатини тинглайдиган мард топилмаяпти.
Унинг айтишича, ЙПҲ сабабчиси “Нексия” машинасини эгаси жарима майдонидан олиб кетибди.
Ким “Тез ёрдам” машинаси таъмирлаб ишга қайтаради?- бу муаммони фақат Қумқўрғон тумани ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари ҳал қила олади. Қачон?… буни эса ёлғиз Яратган билади!…

Оловжон

Related Articles

Close