Madaniyat

АСРИМИЗ БОШЛАРИДА СУРХОНДАРЁ ТАРИХИ

Кушонлар даврида маданий ҳаёт ҳам юксакликка бўй чўзган. Подшо Канишка замонидан бошлаб бохтар тили давлат тили деб эълон қилинади. Кушонлар даврида меъморчилик анча юксалиб, турар жой бинолари, ибодатхоналар ва саройлар қуриш анча авж олади. Иморатларни безаш, нақш солиш борасида ҳам ўзига хос тажриба тўпланади. Бу даврда маҳаллий маданият билан ҳинд маданиятининг ўзаро аралашиш жараёни содир бўлади. Айниқса, Канишка замонида Будда динининг давлат дини деб эълон қилиниши натижасида буддавийлик эътиқоди билан боғлиқ равишда ҳайкалтарошлик санъати анча юксалади. Буддавийликнинг дини милодгача биринчи минг йилликнинг ўрталарида Ҳиндистонда шаклланган. Буддавийлар 1956 йилда ўз динлари шаклланганлигининг 2500 йиллигини нишонладилар. Бу диннинг асосчиси Шакъя Муни. Яъни ҳинд шаҳзодаси Сиддхартма Гаутама-Будда деб ҳисоблайдилар. Буддавйлик дастлаб қулдорлар мафкураси сифатида шаклланган. Буддавийликда ёмонликка қарши бош кўтармаслик ғояси катта ўрин эгаллайди.

Буддавийликда «тўрт олий ҳақиқат» ғояси муҳим ўрин эгаллайди. Улар қўйидагилар: 1. Азоб-уқубат ҳақидаги таълимот; 2. Азоб-уқубатнинг сабаблари ҳақидаги таълимот; 3. Азоб-уқубатдан ҳалос бўлиш йўллари ҳақидаги таълимот. Бу таълимот халос бўлиш, нажотнинг «саккизлик» йўлида ўз аксини топган. Булар тақводорлик эътиқоди, тақводорлик қатъияти, тақводорлик сўзи, тақводорлик иши, тақводорлик турмуш тарзи, тақводорликки интилиш, тақводорликни орзу қилиш, тақводорлик фикри-ҳаёли билан яшаш. Буддавийликнинг бу йўллари азоб-уқубатлардан халос бўлиб, сансарадн (санскритча-оламгўзаронлик) нирванага (санскритча-сўниш) айланиш. Ўтишдан иборат. Буддавийликда олам уч босқичдан иборат бўлиб, унинг биринчи босқичи, энг юқориси нирванадир. Унда мутлоқ осойишталик ҳукм сурадиган оламдир. Инсон бу ерда барча турмуш ташвишларидан холос бўлади. Унинг ҳаётий истаклари ҳам, эҳтирослари ҳам бўлмайди. Ҳамда нирвана бу қайта туғилиш, бошқа қиёфага кириш, мутлақ осойишталикдан иборат. Иккинчи олам-бу бодисатва, яъни руҳий мавжудотлар билан тўла жаннатдир. Бу оламда руҳ гуноҳидан ҳалос бўлган лекин олий оламга кўтарилмаган авлиёлар яшайди. Учинчи олам эса энг қуйи олам бўлиб, унда одамлар ва ҳайвонлар яшашади. Улар нажот йўлида оламга интиладилар.
Буддавийликда бешта ахлоқий талаб (панчашина)га риоя қилиш илгари сурилган. Улар: биронта ҳам тирик мавжудотни ўлдирмаслик, бировнинг мулкини олмаслик, бировнинг хотинига кўз олайтирмаслик, ёлғон гапирмаслик, спиртли ичимлик ичмасликдан иборат. Кушонлар дарида буддавийлик давлат дини даражасига кўтарилди. Унинг хинаяма, махаяма, кейинчалик ламаизм йўналишлари вужудга келди. Кушонлар даврида Термиз шаҳри буддавийликнинг таянчига айланганидан шу далолат берадики, бу даврда Термиз шаҳрининг ибодатхоналари, уларнинг ёнида эса монастирлар ҳам мавжуд бўлган. Кушон подшоси Канишканинг муҳим хизматларидан яна бири шу бўлдики, у мамлакатнинг бирлаштириш учун кураш олиб бориб, мамлакат аҳолисини мақсад, мафкура байроғи остида бирлаштириш йўлида муваффақиятли ҳаракат қилди.
Канишка Кадфиз 78 йилда Панжоб вилоятида буддавийларнинг умумжаҳон йиғилишини чақиртиради ва Буддавийликнинг Махаяма йўналишини тарғиб қилади, унга биноан Махаяма «ҳамма учун бирдек улуғ йўл» деб билади. Кушоншоҳлар эътиқод эркинлигини жорий этган бўлсалар-да, буддавийликни кенгроқ ёйиш ва уни ривожлантириш учун турли шаҳарларда такягоҳ, хонакоҳ, ибодатхоналар қуриб, буддавийликнинг муқаддас китоблари («Трипитака»)ни кўпайтириш, уларни ўрганиш, таржима қилиш ва изоҳлаш, янги тафсирлар ёзиш каби диний-фалсафий тафаккур ривожи учун шароит яратиш имкониятларини қурдилар ва моддий маблағ билан таъминлаб, давлат сиёсати ҳимоясини яратиб беришди. Бундай сиёсат натижасида Тармита ўз даврининг йирик иқтисодий, маданий ва буддавийлик дини марказига айланди.

Кушонлар даврида будда динининг равнақига бақтриялик роҳиблар ҳам жуда катта ҳисса қўшадилар.
Хитой, Тибет манбаларида буддавийлик дини тарғиботчилари қаторида тармиталик Дхармамитара ва тохаристонлик Гхошакаларнинг номлари ҳам қайд қилинган. Буддавийлик динининг йирик мазҳаблари саналган Хинояна ва Махаяна йўналишлари ҳам айнан шу заминда равнақ топади. Вилоят ҳудудида жойлашган кушонлар даврига оид археологик ёдгорликлар кенг миқёсда ўрганилган ва ушбу тадқиқотлар жараёнида Кушонлар салтанатига доир бой тарихий маълумотлар аниқланди. Бу маълумотларга асосланиб воҳада Кушон салтанати даврида хўжалик ва маданият юксак тараққий этганлигини кузатиш мумкин.

Мавжуд ёдгорликлар бу тўғрида жуда кўп тарихий маълумотлар беради. 1932 йидда Амударёда «Октябрёнок» катерида кетаётган чегарачилар Айритомга яқин жойда оқтош кўрганлар, бу ноғорачи тасвири уйиб солинган тош фриз эканлиги аникланди. 1933 йилда бу топилмага профессор М. Е. Массон бошчилигида археологик экспедисия юборилди. Термиз шахридан 18 км шарқда баландлиги 2-2,5 метр, қалинлиги 1,5 метрли истеҳком деворлари билан ўралган I-II асрларга оид будда ибодатхонаси топилди. У оҳактошдан ишланган ажойиб фриз билан безатилган эди. Айиқтовон барглари орасида бешта созанда сурати уйиб ишланган. Ноғорачи билан ранг-баранг кийимлардаги созанда аёллар сурати айниқса диққатга сазовордир. Бу созандалардан бири уд, яна биттаси арфа чалаяпти, фризда қўлларида гулчамбараклар ҳамда чиройли идишлар кўтариб кетаётган қизлар тасвирланган.

Ибодатхонада будданинг ҳайкали ва бошқа ибодатхона қисмлари қаторида тошдан ясалган одам ҳайкаллари топилган. Улар мусиқа чалувчилар, ҳадялар ташувчи эркак ва аёлларнинг ҳайкаллари бўлиб, ибодатхонанинг ташқи томони карнизи шу ҳайкаллар билан безатилган. Ҳайкалларнинг қиёфаси ва кийимларида Ҳиндистонга хос белгилар ёрқин бўлиб, бу ажойиб санъат ёдгорлиги икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар самарасидир.

1936 йилга келиб М.Е.Массон бошчилигида ташкил этилган ТАКE кушон даври тарихи ва маданияти масалаларини изчил тадқиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Хусусан, Термиз шаҳрининг ривожланиш палласи кушонлар даврига тўғри келиши ва тарихий топографияси аниқланди. ТАКE ишлари Айритом, Чингизтепа ва Қоратепада олиб борилди ҳамда тадқиқотларда М.И.Вязмитина, Г.А.Пугаченкова, Б.Б.Пиотровский сингари олимлар иштирок қилдилар.

Айритомпештоқларининг топилиши Шимолий бақтриянинг антик давр мусиқа санъати ҳақида ҳам сўз юритиш ҳамда уларни афғонистон, Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон ҳайкалтарошлигида учрайдиган шуларга айнан ўхшаш мусиқа асболари билан қиёслаш имконини берди. Тадқиқотлар натижасида Термиз яқинида дарё кечувлари мавжуд бўлиб, дарёнинг ўзи Юқори Панж ва Хоразм воҳаларини боғловчи қулай сув йўли бўлганлиги аниқланди. Кўҳна шаҳар ҳудудларидан кушон подшолари Кадфиз II, Канишка, Хувишка ва Васудеваларнинг кўплаб тангалари топилди. ТАКEнинг ташкил этилиши Айритом ва Эски Термиз ёдгорликларининг даставвал ва ҳар томонлама ўрганилишда муҳим аҳамият касб этди. Ўша йиллари бу ёдгорликларнинг жойлашган ўрни, уларга асос солинган вақт, уларнинг бошқа ҳудудлар билан муносабатлари ҳамда моддий маданияти масалаларига аниқликлар киритилди.

Шимолий Бақтриянинг тарихи ва маданиятини ўрганишда Ҳамза номидаги Ўзбекистон санъатшунослик экспедисияси (ЎзСЭ) тадқиқотларининг ўрни ва аҳамияти масалалари ҳам кўриб чиқилди. 1959 йилда Г.А.Пугаченкова ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу экспедисия изланишларида турли даврларда Э.В.Ртвеладзе, Б.А.Турғунов, А.С.Сагдуллаев, З.А.Ҳакимов, Е.Некрасова, В.А.Лунева, С.В.Левушкина, Т.В.Беляева, С.А.Савчук. Д.Илёсов сингари олимлар иштирок қилдилар. Шимолий Бақтрия ҳудудидаги Далварзин, Холчаён, Кўҳна Термиз, Кампиртепа. Зартепа, Айритом каби ёдгорликларда археологик тадқиқот ишлари олиб борилди. ЎзСЭ ходимлари томонидан бақтрия ёзуви ёдгорликларининг топилиши, айниқса муҳимдир. Бу борада 1977 йилда Айритомдан топилган ҳайкал қолдиқлари ва унинг остидаги олти қаторли бақтрия ёзуви фан оламида муҳим воқеа бўлди. Бу Сурхкутал (Қизилтоғ) ёзувларидан кейинги иккинчи ўринда турувчи, аниқ тарихий мазмундаги Кушон-Бақтрия ёзуви бўлиб, унга кўра, иншоот мажмуини ўраб турувчи тўсиқ Шодия (шахси номаълум томонидан қайта тикланган ва бу воқеа Кушон подшоси Хувишка ҳукмронлигининг тўртинчи йилида содир бўлган. Ёзув ва ҳайкални Мирзод исмли уста ижро этган.

II асрда Кушон давлати будда динини Ҳиндистондан Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонга тарқатиб, уни давлат дини даражасига кўтарган. III асрда Эронда монийлик дини вужудга келади, лекин у Эронда узоқ тура олмайди, унинг тарафдорлари Марказий Осиё ва Шарқий Туркистонга қочиб ўтади, кўпроқ савдо йўли устидаги шаҳарларда бу динни тарқатадилар. Баъзи археолог олимлар Марказий Осиёда топилган кўплаб сураткашлик, рассомлик ҳамда ҳайкалтарошлик ёдгорликларидаги сюжетларнинг мураккаблигига қараб, уларни моний дини билан боғлашга ҳаракат қиладилар. Аслида бу ҳол Кушон империяси даври (I-III асрлар) қулдорлик тузумининг Марказий Осиё шароитида энг ривожланган даври
бўлганлиги билан боғлиқдир. Бу даврда, бир томондан, кўчманчи қабилаларнинг суғориладиган ерларда жойлашиши кучайган бўлса, иккинчидан, қулдор зодагон жамоалар ерини тортиб олиб, ўзлаштира бошлайди. Шу тариқа жамоалар ўз ичидан бузилиб, бутун-бутун қишлоқлар қулдор зодагон деҳқонларга тобе бўлиб қолади.

Кейинги илмий изланишлар натижасида Далварзинтепа кўҳна шаҳрига мил. авв. III- асрда асос солинганлиги аниқланди. Юнон-Бақтрия даврида бу ерда кўҳандиз пайдо бўлади. Кушонлар даврига келиб Далварзин меъморчилиги Бақтрия ва Юнон қурилиши тажрибаларининг синтезини ўзида акс эттиради. ЎзСЭнинг сўнгги йиллардаги фаолияти натижасида антик даврга оид бой сопол мажмуалари ўрганилди ва илгариги сопол идишлар комплекси саналарига аниқлик киритиш имконияти пайдо бўлди. 1972 йили кушонлар даври маданиятининг машҳур ёдгорлиги Далварзинда 200 метр девор қолдиқлари топилиб, унинг эни 4,6 м, баландлиги 2,5 м келади. Далварзинтепа атрофида девор билан ўралган арк харобаси бўлиб, арк деворининг узунлиги 130 м га, баландлиги эса 2,5 м га тенгдир. Далварзинтепанинг шарқий қисмида ҳатто 80 м масофада эни 4 метрлик тош йўл ковлаб очилди. Булардан ташқари, бу ерда бир неча тўрт бурчакли пахса деворли уйлар топилди. Далварзинтепада топилган 900 га яқин тош ўроқ, жез ўроқ, ёргичоқ, дон учун ковланган ўра ҳамда куйиб кўмирга айланган арпа, буғдой, тариқ, сўли донлари ва бошқа ашёлар қадимги далварзинликлар асосан деҳқончилик билан шуғулланганлигини кўрсатади. Археологик топилмалар: суякдан ясалган буюмлар, жез игна ва бигизларга қараб ҳукм қилганда, аҳолининг турмушида тўқувчилик ва тикувчилик кенг тараққий этганлигини кўрамиз. Далварзинликларда маҳаллий дегрезлик ва мискарлик анча тараққий қилган, чунки бу ёдгорликлардан жуда кўп темир буюмлар: жез, ўроқ, пона, пичоқ, камон ўқларининг пайконлари, найза учлари, зеб-зийнатлар, жез ойналар, билакузуклар, исирғалар, чўмичлар, мунчоқлар ҳамда турли хил жез буюмлар қуйиладиган тош қолиплар, Шунингдек, дегрезлик қўрасининг бешта қолдиқлари топилганлиги буларнинг яққол далилидир. Далварзинтепадан топилган манбалар ичида энг ноёби сопол кўза бўлиб, унда 115 хил тилла қуйма ёмбилар, заргарлик буюмлари, билакузуклар, исирға, эркак ва аёлларнинг тақинчоқ буюмлари бўлган. Бундан ташқари нафис ишланган маржонлар, Юнон-Бақгрия заргарлик санъатининг намунаси бўлмиш бўйинга тақиладиган шода ушлаб турган Гераклнинг бўртма тасвири туширилган буюмлар топилди.

Далварзинтепанинг чеккароқ жойидан I асрда тикланган Будда ибодатхонаси, шаҳристонидан Будданинг боши, Бодхисатванинг маҳорат билан ишланган маҳобатли ҳайкали, фил суягидан тайёрланган шахматнинг икки донаси топилди. Будданинг боши лой ва гипсдан ясалган бўлиб, баландлиги 39 см, эни 25 см келади. Бодхисатванинг (ўша даврга оид) ҳайкали ҳам лой ва гипсдан ясалиб, ранг билан бўялган. Унинг баландлиги 2 метр 18 см, эни 89 см. У бир пайтлар Будда бутхонасида турган ҳайкаллар гуруҳидан биридир.

Вайрон бўлган антик давр девори устида тикланган бинонинг қачон қурилганлигини жуда аниқлик билан белгилаш мумкин. Равоқ очилганда, ғиштлар орасидан VI-VII асрга оид турк-суғд тангалари чиқди. Девор қурилиши учун ишлатилган тўртбурчак ғиштлар ҳам шу даврга тўғри келади. Далварзинтепадаги антик давр истеҳкомининг ташландиқ ҳолатга келиб емирилиш жараёни, афтидан, IV-V асрларга тўғри келади. Мамлакат VI-VII асрларда инқироздан чиққач, истеҳком қулай, баланд манзил сифатида қайта қурилиб тикланади, шаҳарнинг ўзи эса хароба бўлиб қолади. Далварзинтепа аҳоли маскани сифатида араблар истилоси чоғида узил-кесил тугади, чунки аркда ҳам, шаҳристонда ҳам араблар келганидан кейинги даврнинг изи йўқ. Чағаниённи 705 йили Қутайба босиб олади ва 737 йилда унинг ҳокими-Чағонхудот арабларга ўлпон тўлайдиган бўлади. Халқ орасида ҳозирги Далварзинтепа жуда қадимий мамлакат пойтахтининг қолдиқларидир, ҳукмдори афсонавий қаҳрамон Дол (Зол) бўлган. Араблар бу шаҳарни халифа хазрат Алининг бевосита раҳномолигида эгаллаганлар, сўнгра бу шаҳарда ҳаёт бутунлай сўнган, деган нақл юради. Далварзинтепанинг жуда катта жойни эгаллаганлиги, қурилишлар зичлиги, археологик қатламлар қалинлиги мазкур қадимий шаҳарнинг милоддан олдинги биринчи асрда ва милоднинг дастлабки йилларида барқ уриб яшнаб турган вилоят маркази бўлганлигидан далолат беради.
Чағониён қайд этилган антик давр маълумотлари бизгача етиб келмаган. Бу вилоят дастлаб араблар истилосидан, олдинги вақтга оид тарихий манбаларда эслатилади. VII аср (Хитой) солномасида шундай дейилади. «Чинган-ен-на — бу мамлакат машриқдан мағрибга 400 ли ва шимолдан жанубга 500 ли га яқин майдонда ястанган. Пойтахти-айланаси тахминан 10 ли. Шарқ томонда Хво-ло-мо деган жойга бориб туташади», 10 ли тахминан 5 км га тенг. Бу ерда гап Чағониённинг анъанавий маркази Далварзинтепа тўғрисида бораётган бўлсак керак. Чағониён жанубда Термиз вилоятига туташган эди. Шимолда эса VII аср манбаларида Хво-ло-мо — Хварамо вилояти жойлашган, араб муаллифлари асарларидан Хорун ёки Охарун деб қайд этилган. Ибн Хурдодбеҳ ва Қудама (IX аср) Чағониёндан 6 (ёки 3) фарсах узоқликда Навандак, ундан 7 фарсах масофада Хамоварон номли жойлар бўлганлигини ёзадилар.

Далварзинтепа антик даврда давлат маъмурияти, йирик ибодатхоналар, иқтисодий алоқа тармоқлари, ҳарбий салоҳият мужассамлашган катта тарихий-маданий вилоят маркази, йирик марказий шаҳарлар сирасига кирган. Ўзидан кичик бўлган кўплаб аҳоли қароргоҳлари унга бўйсунган. Шундай бўйсунувчи шаҳарлар сирасига Холчаён ҳам киради.
Илмий изланишлар жараёнида буддавийлик дини ва Будда ҳайкалтарошлиги кушон даври Қандаҳар-Бақтрия анъаналарига ўхшаб кетса-да, баъзан эндигина пайдо бўлаётган маҳаллий янги услуб жиҳатларини ҳам ўзида акс эттириши аниқланди. Қадимги Бақтрия ҳайкалтарошлиги масалаларини тадқиқ қилишда Кампиртепадан кўплаб топилган террокота ҳайкалчалар катта аҳамиятга эга бўлди. Уларни бошқа ҳудудлардан топилган санъат намуналари билан қиёслаб ўрганиш бу ҳайкалчалар эллинизм тарихий-маданий доирасида бўлганлигини кўрсатди. Кейинги йилларда ЎзСЭ кашфиётлари натижасида Шимолий Бақтрия Юнон-Бақтрия, Кушон, Кушон-сосонийлар даврларида зарб этилган кўплаб тангалар топилган, ҳатто унча катта бўлмаган хазиналар ҳам аниқланган. Ушбу топилмалар ичида Юнон-Бақтрия тангалари кўп бўлиб, улар яқин кунларгача «Шимолий Бақтрия ҳудудларига Юнон-Бақтрия даврига оид айрим тангалар эса тасодифан келиб қолган», деган фикрларни рад этишга асос бўлди.

Кампиртепанинг ўрганилиши натижасида ёзма манбаларда қайд қилинган Окс бўйидаги Пардагви Кампиртепа ўрнида бўлганлиги тахмин қилинди. Бу борада Кампиртепадан Марказий Осиёда ягона бўлган искандар тангасининг топилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хуллас, узоқ йиллар фанга номаълум бўлган антик давр, хусусан кушон даври тарихи ва маданияти ЎзСЭнинг тадқиқотлари туфайли дунёга машҳур бўлди ҳамда тарих фанига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.
Ўша даврга оид яна бир ёдгорлик Холчаён бўлиб, бу ёдгорлик Сурхондарё вилоятининг Денов туманида топилди. 1959 йилнинг баҳорида Холчаён жамоа хўжалигининг ремонт-техника таъмирлаш жойи кенгайтирилаётганда булдозер кичик бир тепаликнинг четини қирққанида учта тош устун бўлакларини судраб чиқарган, топилган нарсалар тўғрисида археологларга хабар берилган. 1960 йилда санъатшунослик институтининг профессори Г. А. Пугаченкова раҳбарлигидаги Санъатшунослик институти экспедисияси Холчаён тепалигини текшира бошлайди. Бу ердан топилган ёдгорликлар олимларнинг ҳар қандай тасаввуридан ошиб тушди, фанга яна бир тарихий бойлик — Бақтрия бадиий маданиятининг ажойиб ёдгорлиги қўшилди. Холчаён топилмаларини илмий текшириш жараёнида Хонақоҳтепа, қорабоғгепа, Маслаҳаттепа каби тепаликлар очиб ўрганилди. Хонақоҳтепадаги сарой пойдевори тошдан, девори эса қалин (1,04-2,30 м) хом ғиштдан ишланганлиги аниқланди.

Холчаёндаги текширишлар Бақтрия-Кушон замонининг бинокорлик техникаси тўғрисидаги маълум тасаввурни янада кенгайтирди. Холчаён саройи архитектура жиҳатидан ғоят муҳимдир. Асосий залининг уч девори 3 м баландликда оқ ганч билан сувалган, ундан юқори қисмларда маҳобатли ҳайкаллар жойлаштирилган. Тўртинчи деворнинг тўқ қизил фонида оқ ганчдан барг, гул, бир бош узум тасвирланиб, нақш солинган. Саройнинг асосий залидан чиқиладиган айвондаги нақшларда эркаклар сурати ҳам бор: эркаклардан бири бақтрияликка, яна бири мўғулга ўхшайди. Уч метр баландлиқсаги панел тепасидаги ҳайкал қизил ва қора ранг минерал бўёқ билан бўялган. Ҳайкални тўла тиклаш мумкин бўлмади, чунки унинг майда-майда бўлакларигина сакданган. Ҳайкалларнинг катталиги одам бўйининг учдан икки қисмига тўғри келади. Археологлар бу бошни ердан эҳтиётлик билан ковлаб олганда уларга киприклари осилиб турган, салгина ғилай қора кўзлар қараб тургандай кўринган. Топилган аёл ҳайкали ҳам диққатга сазовордир: юзи кенг, оқ дубулға тошда ҳурпайган сочлари аниқ кўриниб туради. Ҳайкал танасидан топилган парчада ҳайкал устидаги халат ёки ёпинғич сақланган, халат тагида тўқ қизил ранг кўйлак устидан белдан юқори оқ тасма боғланган. Бу ҳайкал танаси, вазияти, қўлларининг туриши, дубулға ва халатига қараганда маъбуда Афина ҳайкали бўлса керак. Марказий Осиёга юнонлар маъбудасининг қиёфасини македониялик Искандар олиб келган, албатта. Холчаён ҳайкаллари орасида Митра, Ника ва бошқа маъбудаларнинг қиёфаларига яқин қиёфали ҳайкаллар ҳам бор.

Ҳайкал парчалари орасида Холчаён созандалари ҳайкалларининг парчаларини ҳам учратиш мумкин. Бақтрия-Кушон ёдгорликларининг юксак санъатида эллин ҳайкалтарошлиги билан Парфия санъати анъаналари кўринади. Холчаён ҳайкали ҳозиргача номаълум деса бўладиган қадимги Бақтрия санъатининг аллақа-чонлар унутилиб кетган сўқмоқ йўлидаги ёрқин изларидандир. Холчаёнда тадқиқот олиб борилган бир нечта жойда Грек-Бақтрия подшоҳлиги даври (милоддан аввалги III-I асрлар) археологияси акс этган. Демитрий тангасининг топилиши ҳамда Қорабоғтепада мил. ав II -I асрларга оид иморатлар қайд этилгани бунга мисол бўла олади. Холчаёнда оссуарий сифатида оғир қопқоқли аъло даражада тайёрланган хум танланган. Унинг ичида бир тўп кўкрак суяги ва шикастланган бош суяги ётарди. Афтидан «кўмишга тайёрлаш» маросимида «Авесто»даги маздакчилик қонун-қоидаларига амал қилинган кўринади. Мурда дастлаб ёритқич қушлар ёки махсус боқилган мурдахўр итлар еб кетиши учун қўйилган. Сўнгра тозаланган суяк қолдиқлари суякдонга жойлаштирилган.
Бақтрияликларнинг дафн маросимлари тўғрисида қадимий муаллифларнинг маълумотлари деярли йўқ. Страбон Онесикритнинг бақтрияликлар тирик кексаларни махсус боқилган одамхўр «гўрков» итлар емишига ташлашлари ҳақидаги хабарини келтиради. Бу одатни Александр Македонский таъқиқлайди, аммо кўмиш маросими тўла тасвирланмаган. Айни пайтда парфияликлар ҳақида ёзганда, уларнинг «одатдаги кўмиш маросими итлар ёки қушлар еб кетиши»дан иборат, ғажиб ташланган суякларни эса улар ерда сақлайдилар, дейилган. Страбон ёзган маълумотга кўра Бақтриядаги шаҳар девори орти тоза бўлган, бироқ ички катта қисми «одам суяги билан тўлиб-тошиб кетган экан». Шундай қилиб, гап марҳумнинг суягини қандайдир ташқи қабристода эмас, балки айнан аҳоли маскани ичида сақлаш тўғрисида бораётир. Буни Холчаёндаги хум — оссуарийнинг қадимий қўрғоннинг аҳоли зич яшайдиган қисмида сақланиб қолганлиги ҳам тасдиқлайди. Антик даврда хумга солиб кўмиш анъанаси Жанубий Тожикистон ҳудудида (милоддан олдинги I-II асрлар) ҳам учрайди. Бироқ, у ерларда ярим қоқланган мурда хумга солиб кўмилган, Холчаёнда эса фақат суякнинг ўзи кўмилган. Бу топилма археологик адабиётларда хумга солиб кўмиш-оссуарий дафналарга хос, фақат кейинги даврга тааллуқли урф-одат эмас, балки бу кўмиш маросимининг бошқа тури деб қайд этилган мулоҳазани тўла тасдиқлайди. Умуман қадимий Бақтрия аҳолиси орасида кўмиш маросимининг турли шакллари мавжуд бўлган.

Агар Юнон-Бақтрия задагонлари асосан ўз эътиқодлари ва удумлари амал қилган ва Холчаёндаги оссуарий (идиш)га солиб кўмиш маросими бунга ёрқин далилдир. Бу масалада Холчаёндан топилган милоддан олдинги III-II асрларга оид санамлар ҳайкалчалари, шунингдек, суякдан ишланган яланғоч маъбуда шакли акс этган тақинчоқ қадимда Шарқда мавжуд бўлган Она Худога сиғиниш удуми билан боғлиқдир. Айни пайтда, Эллин-Юнон бадиий тасвир услубларининг Холчаённинг Бақтрия даври меъморчилигига таъсирини акс эттирувчи топилмалар ҳам бор. Холчаён тараққиётининг йирик қурилиш тадбирлари билан боғлиқ навбатдаги босқичи милоддан олдинги II-I асрларга тааллуқлидир. Бу давр тарихий жиҳатдан улкан сиёсий воқеалар билан боғланган, милоддан олдинги 140 йилларда Гелиокнинг ўлими билан Юнон-Бақтрия подшоҳлигининг инқирози юз беради.

Юнон-Бақтрия подшоҳлигининг инқирозга учраши, афтидан, бақтрияга сакларнинг дастлабки бостириб келиши ва ўзлари эгаллаган ҳудудларда ўтроқ бўлиб қолиши, сўнгра, юежийлар бостириб келиб, сакларни Амударёнинг нариги соҳилига улоқтириб юбориши даврига тўғри келади. Бу зарба Холчаённинг ҳам тақдирига ўз таъсирини курсатган ва мазкур жойдан топилган археологик топилмаларда, қатламларда ўз аксини топган. Вақт ўтиши билан ҳаёт ўз изига туша бошлади, янги қурилишлар ҳамда таъмирлашлар бундан далолат беради. Сак-юечжий (ёки «тоҳар», қадимий ёзма араб манбаларида тахор битилади) даври Холчаён тарихида археологик жиҳатдан аниқ акс этган.
Милоддан аввалги II-I асрлар учун хос бўлган «бадавий Гелиокл» дет аталувчи бронза тангаларнинг топилиши айнан шу даврдаги гавжум шаҳар ҳаётидан дарак беради. Уларнинг шаҳристоннинг турли жойларидан топилганлиги бу ерда ҳар хил пуллар муомалада бўлганини ва бозорнинг эҳтиёжи кенг кўламлигини англатади. Ўзининг археологик-топографик қолдиқларида милоддан олдинги II-I асрларда Холчаён йирик аҳоли маскани сифатида намоён бўлади. I-II асрларда, яъни Кушонлар даврида Холчаён ривожланишда давом этади. Кадфиз II тангаларининг топилиши, Канишка, Хувишка, Васудева (аксарияти катта ва ўртача ҳалқали) тангаларининг кўплиги ва уларнинг кўплари сийқаланиб кетгалиги кўп кўламда бозор муомаласида бўлганлигини кўрсатади.

Милодий II аср охири -III аср бошларида Кушон империяси инқирозга юз тутади. Бу жараён Холчаёнда айниқса, ёрқин из қолдирган. Қорабоғтепа истеҳкоми дарвозаси катта ёнғинда қолган ва унинг излари Кушонлар даври қурилишларида ёнғин қатлами тарзида сақланган. Хонқотепадаги ўрганиб чиқилган учала иморат ҳам хароб этилган ёки қулатилган. Бу ҳол айниқса, саройда яққол кўзга ташланади. Бу ерда қимматбаҳо ашёлар ва ибодат буюмлари талон-тарож қилиб кетилганлиги билан бирга, тахтхонада тош тагликлардан бири ағдариб ташланган, айвонда эса устун тагликлари қўпорилган, баъзилари улоқтириб юборилган. Демак, Холчаён тақдирида археологик муҳрланиб қолган ўлимга маҳкумлик III аср бошида Кушон шоҳлигини қамраб олган умумий воқеа бўлган.

Холчаёндан VI аср охири-VII асрга оид турк-суғд туркумига тааллуқли иккита танга топилди. Улар Суғд ва Шошдан топилган тангалар билан олд томон тузилиши иконографик жиҳатдан ўхшаса ҳам, улардан маълум даражада фарқ қилади. Бу тангалар Амударёнинг шимолий қисмидаги айрим феодал вилоятлар турк хоқонлигига мансублигини англатади, тамғалар ва бошқа белгилардаги фарқ эса Чағонхудотлар зарб қилган ашёларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиради. Дарвоқе, араблар 719 йили Амударё бўйи вилоятларига етиб келган вақтда, туркча «Ябғу» унвонли Тиш исмли Чағониён ҳукмдори Тоҳаристон қўшинларига бош бўлиб турган.

Араблар босиб олган даврдан бошлаб Холчаён узоқ вақт эътиборсиз қолади. ХIII аср охири ХIV аср бошида антик тепаликлардан баъзилари қабристон сифатида фойдаланилади. ХVI асрда Қорабоғтепанинг шимоли-шарқий қисми дўнглигида қандайдир мулк пайдо бўлади. Шундан сўнг шаҳристон атроф ҳудуди янада ботқоқликка айланиб, бизнинг давримизгача ўзлаштирилмай қолади. Холчаённи тадқиқ этиш Бақтрия маданий ҳаётига, айниқса, унинг бадиий маданиятига янги маълумотлар киритади. Бу кузатишлар Марказий Осиёнинг мазкур йирик вилоятида антик давр шаҳар қурилишининг баъзи жиҳатларини қайта очиб беради. Бу борада тарихий маълумотлар ниҳоятда кам.

Эски Термизнинг қадимги маданияти замирида ҳам кушон даврига хос кўпгина ёдгорликлар бор. Улар шу даврнинг яққол намуналаридан, сопол буюмлардан ва моддий маданиятга доир бошқа нарсалардан иборат. Тохаристон воҳаси Кушон империясининг ғоят катга марказий вилоятларидан бири бўлган. Тохаристон тупроғидан тохаристонликларнинг юксак маданиятидан далолат берувчи ёдгорликлар топилди. Ҳозирги Термиздан 10 км келадиган жойдаги Қоратепа ғоридан топилган ажойиб ёдгорлик ана шундай далиллардан биридир. Қазиш ишлари Кушон давлати маданияти тўғрисида ғоят қимматли ашёвий далиллар ва буюмли материаллар берди. Ёзма манбалардан маълумки, буддизм Марказий Осиёга азалдан кириб келган, археологлар ўтказган қазишларда топилган нарсалар ҳам бундан далолат беради. Буддизмнинг Марказий Осиёдаги кўплаб ўлкаларнинг маданият ва санъат тарихида алоҳида ўрин тутганлиги тарихдан аниқ. Лекин бу ҳақда тасодифан топилган баъзи нарсаларга қараб тахминий фикрлар бор эди, холос. Кўпгина текширувчилар, гарчи буддизм Марказий Осиёда тарқалган бўлса-да, жамият мафкуравий ҳаётида муҳим аҳамият ўйнаган эмас, деган фикрда эдилар. Аммо Қоратепа ёдгорликлари ўрганилгандан кейин бу фикрлар рад этилди: археологлар узил-кесил Қоратепа ғорлари будда дини билан боғлиқ иншоотдан бошқа нарса эмас деган фикрга келдилар. Бу қанақа иншоот ўзи? Амударё бурилиб оқадиган жойда Қоратепа тепалигини қазиш натижасида мазкур иншоотда будда меъморчилиги қонунларига риоя қилинганлиги маълум бўлди. Ғор ичидаги ибодатхона тепасида очиқ ерга диний маросимлар ўтказиладиган бино қурилган. Бу бутун бошли иншоот Кушон Термизининг катга ғор ичидаги ибодатхонаси бўлган, ундаги ертўла, ҳовли ва иккита ғор ичидаги иншоот яхшироқ сакланган. Ҳовлини тўрт бурчак дейиш мумкин (20х18 м), ҳовлининг ғарб томони қумтош тепаликнинг уйилган «табиий» девори билан тўсилган. Хуллас, ғарб томондаги девори тамомила қумтошдан иборат, ҳовлининг шарқ томонидаги девори хом ғиштдан иборат, ҳовлининг шарқ томонидаги девори хом ғиштдан тикланган. Ҳовли деворлари бўйлаб усти ёпиқ, устунли айвон курилган, девор қолдиқларига қараб ҳукм қилганда айвон қизил буёққа бўялган. Иншоотнинг асосий биносига кираверишда жануб томонидаги айвон деворлари бўйлаб ҳар икки томонда турли рангда, ўз катталигида ва тик турган кишиларнинг қоматлари тизилиб турибди. Ер тагидаги бинога ҳовлининг жануб томонидан кириладиган бўлган, бинонинг деворлари хом ғиштдан терилган. Бино унча катта эмас, у катга хонадан иборат, унга уч томондан кириладиган йўлаклар бўлган ва ён томони битга кичикроқ мергел оҳак-тошдан терилган. Остонанинг ҳар қайси томига қора чизиқлар билан нилуфар сурати солинган. У ғор ибодатхонасига кирадиган дарвоза тепалигининг қумтош қатламида уйиб ишланган, дарвоза қуббали бўлган бўлса керак.

Қоратепа буддавийлик ёдгорлиги Эски Термиз мажмуаси таркибига кириб, майдони 7,5 га ни ташкил қилади. Тадқиқотлар натижасида Қоратепага милодий I аср охирларида асос солинганлиги, ёдгорлик жанубий, ғарбий ва шимолий тепаликлардан ташкил топганлиги аниқланди. Қоратепанинг ўрганилиши 1928 йилда А.С.Стрелков томонидан бошланган бўлиб, турли танаффуслар билан ҳозирга қадар давом этмоқда, ҳозиргача тўққизта ибодатхона очиб ўрганилди. Қоратепада ганчдан ясалган ҳайкалларнинг парчалари топилди, улар ичида ғалати бир вазиятда букланиб турган тўртта бармоқ сақланган қўл парчаси диққатни ўзига тортади. Бу қўл парчаси катталигига қараганда киши бўйидан анча баланд ҳайкалники бўлса керак. Будда ва унга доир манбаларнинг ҳайкаллари ҳовли ўртасида жойлаштирилган бўлиши мумкин. Оқ мармарга ўхшаган мергел оҳактошдан ясалган архитектура безаклари (одам бошининг барелефи, аканфа барги ва бошқалар) диққатга сазовордир. Булар Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистондан топилган археологик ёдгорликларга жуда ўхшаб кетади. Йўлак ва айвондаги нақшларда ҳам худди шундай муштаракликлар борлиги сезиларли даражададир.

Қоратепа қазилганида ундан будда дини маросимларига оид буюмлар: тошдан ясалган соябон, қопқоқлар, нилуфар сурати ва бошқа кўплаб нарсалар топилди. Сопол буюмлар ва деворлардаги ёзувларнинг ҳам бу борадаги аҳамияти каттадир. Сопол буюмлардаги ёзувларнинг кўп ҳиндча кахарошти ва брахма ёзувларидир, аммо бинодан кушон ёзувли пополок ҳам топилди. Кушон ёзуви маҳаллий шарқий форс тилига мослаштирилиб, юнон алифбоси асосида тузилгани аниқланди. Будда ибодатхонаси тўсатдан юз берган зилзиладан емирилган бўлса ажаб эмас, чунки унинг кўпгина қисмлари шундай ағнаб ётибди. Бу билан археологлар Марказий Осиё халқларининг маданий ҳаётини ўрганишда ғоят қимматли ёдгорликка эга бўлдилар. Бундан ташқари Қоратепадаги будда ёдгорлиги Марказий Осиёдаги қадимги халқларнинг Ҳиндистон ва Хитой билан бўлган алоқаларини ўрганишга ҳам имкон беради. Ахир, Қоратепа ҳозирги Афғонистон ва Ҳиндистон, Марказий Осиё, Шарқий Туркистон, Еттисув, Қашқар орқали Хитойга борадиган карвон йўлининг жуда қизғин, серқатнов жойида бўлган.
Кушонлар даврида Марказий Осиёга кириб келган будда дини билан бирга қадимий маҳаллий анъаналар ҳам давом этаверган. Тохаристон тупроғидаги қадимги Қайқубодшоҳ шаҳрида ўнг қўлида қандайдир идиш тутиб ўтирган хотин тасвирланган сопол ҳайкалча топилган эди. Тахминларга қараганда, бу Вахш дарёсидаги маъбуда бўлса керак, Душанбе яқинидан топилган қадимги тўпхона қабристони маҳаллий диний эътиқод билан боғланган. У ерда ўликни қабрга орқаси билан чўзиб, бошини шимолга, оёғини жанубга қаратиб солганлар. Шуниси қизиқки, ўликнинг оғзига ёки кўкрагига кумуш танга пул қўйганлар. Қадимги эллин Юнонистонида ва Яқин Шарқдаги эллин мамлакатлари ҳудудида айни шундай одат мавжуд бўлган. Бу одат ва удумлар, расм-русумлар аста-секин қулдорлик давлатлари бўлмиш Юнон-Бақтрия подшолиги билан Кушон империяси тарафларга ўтиб кела бошлаган. Қадимшунослар топган кумуш фалслар чамбараксимон рамка ичига олинган дўнг гардишдир. Ичига фил сурати солинган, устига тўрт бурчак ёмби қопланган, ундаги тасвирга кўра, бўйнида махсус калтак ушлаб фил ўргатувчи ёки фил ҳайдовчиси ўтирган. Фил ҳайдовчининг бошида салла, қулоққа исирға, фил устига ўрнатилган қулфнамо қандайдир нарса, жанг давом этмоқда, жанг пайти минора тепасида иккита жангчининг калласи кўриниб турибди. Бирининг бошида дубулға, қўлида найза, у ҳарбий бошлиқ бўлса керак, яна бири бош яланг, у ҳарбий аскар бўлса эҳтимол.
Юнон-Бақтрия пуллари аксар кумушдан, камдан-кам ҳолларда бронзадан зарб қилинган, танга пулларнинг бир томонида подшо сурати солинган. Дўнг пешонаси, қирғий бурни, бўртиб турган дағал ияги унинг кучли ирода эгаси эканлигидан далолат беради. Бошқа бир чақа пулнинг бир томонида Ҳиндистонни забт этган Димитрий подшонинг лаблари бир-бирига қаттиқ ёпишган, шиддатли муҳр тасвири билан зарб қилинган, иккинчи томонида подшонинг юнонча унвони ёзилган. Кенг кўламда олиб борилган археологик тадқиқотлар қадимги давр тарихини даврлаштириш масаласини илмий асосда қайта ҳал қилиш имконини берибгина қолмай, балки қулдорлик тузумини ҳамда бу даврда савдо ва ҳунармандчиликнинг маркази бўлган шаҳарлар маданиятини ўрганишда ҳам жуда бой манбалар берди. Археологик тадқиқотлар туфайли вилоят ҳудудида қулдорлик даврига мансуб ажойиб тасвирий санъат обидалари очилди. Термиз яқинидаги Айритомда топилган тошга ўйилган бўртма суратлар, ҳайкаллар ва деворий расмлар ҳамда Деновдаги Холчаён ва Далварзинтепадан топилган лой ва ганчдан ясалган кўпдан-кўп турли ҳайкаллар Сурхон воҳасида қадимда ўзига хос юксак тасвирий санъат маданияти яратилганлигини исботлайди. Сурхондарёда топилган қадимги санъат обидалари Марказий Осиё халқлари маданияти билан Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва Кавказ халқлари маданиятининг бир-бирига таъсир кўрсатганидан ҳамда дунё халқлари маданиятининг яратилишида Марказий Осиё халқлари ҳам фаол қатнашганлигидан дарак беради. Қоратепадаги будда ибодатхоналаридан чиққан қимматбаҳо ҳайкаллар ва бошқа тасвирий санъат обидалари, айниқса нодир ва ноёбдир. Бундай тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ўз даврининг ҳаётий, мафкуравий ва диний эътиқодлари, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида маълумот берувчи қимматбаҳо манба ҳисобланади.

Умуман, Қоратепа ёдгорлигининг ўрганилиши Кушон даври Бақтрия тарихи ва маданиятини ёритишда муҳим бир босқич бўлди. Ана шу тадқиқотлар Термизнинг ва умуман Бақтриянинг қўшни давлатлар ва ўлкалар билан иқтисодий ҳамда маданий алоқалари ривож топганлигини яна бир карра исботлади. Шимолий Бақтриянинг антик тарихи ва маданиятини ўрганишда 1972 йили ташкил қилнган БАКE ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. В.М.Массон раҳбарлик қилган ушбу экспедисия тадқиқотларида Ш.Пидаев, Т.Аннаев. Г.Кошеленко. К.Собиров, В.Пилипко. В.Завялов сингари археолог олимлар иштирок қилдилар. Бақтрия экспедисияси Кушон ва илк ўрта асрлар даври Бақтрия шаҳар ва қишлоқларининг тарихини ўрганишга, Бақтрияда урбанизасия жараёнларининг шаклланиши ва ривожланиши масалаларини тадқиқ қилишга асосий эътиборни қаратди. Экспедисия ўз фаолиятини 1990 йилларнинг бошларига қадар давом эттирди, экспедисия тадқиқотлари Шимолий Бақтриянинг Зартепа, Мирзақултепа, Оққўрғон, Шўртепа, Ҳайрободтепа, Ҳайитободтепа сингари шаҳар ва қишлоқ харобаларида олиб борилди.
Бақтрия экспедисиясининг самарали кашфиётлари натижасида илк бор Кушон даври шаҳар меъморчилиги хусусида нисбатан тўла маълумотлар олиш имкони пайдо бўлди. Кушон даври қишлоқлари, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва шаҳарлар билан ўзаро муносабатлари масалалари ёритиб берилди. Қишлоқ аҳолисининг моддий маданиятини шаҳар аҳолисининг моддий маданиятидан фарқ қилмаслиги, шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги товар айрибошлаш, аксаран танга пулларга асосалнганлиги Оққўрғон, Мирзақултепа, Шўртепа ёдгорликлари мисолида исботлаб берилди. Меъморчилик ва диний эътиқодлар масаласида кўплаб саволларга жавоб олинди.

Мустақиллик даври археологик кашфиётлари ва уларнинг антик давр тарихи ҳамда маданиятини ўрганишдаги аҳамияти масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Шимолий Бақтрия ҳудудларида археологик қидирув-тадқиқот ишларини кенг кўламда ва халқаро миқёсларда олиб бориш учун янги имкониятлар очилди. ЎзРФА Археология институти ходимлари Францийа ва Германия олимлари билан ҳамкорликда Кўҳна Термиз, Шеробод воҳаси ёдгорликларини ҳамда Ўзбекистон санъатшунослик институти билан Япониянинг Токиодаги Сока университети ходимлари ҳамкорликда Далварзинтепа кўҳна шаҳрини ўргандилар. Ушбу ишлар натижасида милоднинг бошларида Ўзбекистоннинг жанубига буддавийлик эътиқоди жадал кириб келганлиги исботланди. Сўнгги текширишлар натижасида Далварзинтепа санъати, моддий маданияти ва тарихига кўпгина янгликлар киритилди.
1999 йилда Кушон даври йирик шаҳарларидан бири Кампиртепада археологик-қидирув ишлари қайта тикаланди ва ҳозирга қадар давом этмоқда. Сўнгги тадқиқотлар Кампиртепанинг ёшини аниқлаш имконини берди., олимларнинг тахмин қилишича Кампиртепа мил. авв. IV аср охири-мил. авв. III аср бошларидан эътиборан фаолият кўрсата бошалган. Шунингдек, Оксдаги Александр шаҳри ҳам Кампиртепа ўрнида бўлган деган тахминлар илгари сурилмоқда. Кампиртепадан кейинги пайтда топилаётган металл буюмлар, сополлар, терракотлар ва тангалар Бақтрия тарихи ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

1993 йилдан бошлаб ўзбек-герман қўшма археологик экспеисияси ходимлари Жондавлаттепа ёдгорлигида тадқиқот ишлари олиб бордилар. Тадқиқотлар жараёнида меъморчилик, санъат, маданият, диний эътиқодлар ҳамда товар-пул муносабатлари масалалари ўрганилди.
1998 йилда Қоратепадаги будда ибодатхоналари гуруҳини ўрганиш бўйича Ш.Р.Пидаев раҳбарлигида ўзбек-япон қўшма экспедисияси ташкил этилиб, ҳозирга қадар фаолият кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида олиб борилаётган ҳамкорликдаги тадқиқотлар натижасида антик даврда Сурхон воҳасида рўй берган тарихий-маданий жараёнлар аниқланиб, фанга татбиқ этилмоқда.
Кушон даври археологик ёдгорликларидан Фаёзтепа, Эски Термиз деворларининг шимоли-ғарбида, Қоратепа текислигининг шимоли- ғарбидан жануби-шарққа йўналтирилган ҳолда қурилган Будда ибодатхонасидир. Бу тўртбурчакли зиёратгоҳнинг ичкари ҳовлиси икки томондан тиргак вазифасини ўтавчи йўғон сутунлар билан кўтарилган бўлиб, махсус айвон билан ўралган иморатдир. Ушбу Будда обидасининг қурилган пайти — уйсозлик, бинокорлик, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат, умуман, шаҳарсозлик ва меъморчилик ривожланган Кушон-Бақтрия давлати даврига, яъни эрамизнинг I-II асрларига тўғри келади.

Сўз юритилаётган жамланма асосан уч қисмдан: 1. Коҳинлар ётоқхонаси (ҳинд-бохтар меъморчилиги анъаналари асосида қурилган). 2. Марказий ибодатхона 3. Коҳинлар жамоаси учун зарур бўлган нарсалар билан таъминлайдиган хўжалик ва ёрдамчи иморатлардан иборат. Иншоотнинг асосий қисмларидан бири муқаддас, табаррук ва муборак диний ёдгорликларни сақлайдиган жой- қўнғироқсимон пастки қисми туртиб чиққандек ишлов берилган ҳовончадир. Ҳовонча хом ғиштдан терилган, унинг усти оппоқ қорсимон ганч билан сувалган. Қизиғи, ҳовонча ибодатхонанинг бошқа жамланмалари сингари ҳовли марказида бўлмай, балки ҳовлининг ташқарисида — «Сиймо уйи» будда ҳайкалчаси даргоҳига қарама-қарши ўрнатилган. «Сиймо уйи»дан топилган оҳакгил тошидан моҳирлик билан ишланган 118 килограммлик Будда ҳайкали ва унинг икки ёнида қўл қовуштириб, сиғиниб ўтирган икки роҳибнинг ҳайкалчаси бор. Бу даргоҳдан ҳавончагача ғишт ва оҳакгил тошлари парчалари ётқизилган йўлак ўтказилган.

Марказий ибодатхона атрофида катта-кичик хоналар, яъни зиёратгоҳ, ҳужра ва жамоа йиғини хоналари мавжуд бўлган. Масжид ибодатхона билан бир эшик орқали туташтирилган, эшик ибодатхона ҳовлисининг ғарбий деворида бўлиб шимоли-ғарбий томондадир. Эшикнинг ҳовли тарафдаги ёнида катта-катта оҳакгил тоши бўлакларидан териб қурилган ҳовузча бўлган. Ҳовузчанинг бир томони иккинчисидан торроқдир, айни шу томоннинг пастки қисмида оғзи очиқ шер боши тасвирланган сув жумраги ўрнатилган. Бу ҳовузча эҳтимол диний маросимларда ювиниб покланиш учун қурилган, ибодатхона токчаларида эса ганч ҳайкалчалар бўлиб, уларнинг ичи лой билан тўлғазилган бўлган. Илмий адабиётлардан маълумки, ана шу хил ҳовузчалар ҳинд будда саждагоҳларида таҳорат қилиш учун ишлатилган. Археолог олим Л.И.Албаумнинг фикрича, Кушон буддовийлик санъатида шер акси ва тасвири катта аҳамиятга молик бўлган, оқибатда аксар кулолчилик идишларида шер калласи, гоҳо тоғ такаси бош қисми тасвирининг туширилиши анъанага айланган эди. Г.А.Пугаченкова томонидан Эски Термиз шаҳарчасидан топилган қулоғи тик арслон гавдали қанотли баҳайбат махлуқ расми туширилган оҳакгилдан ишланган яхлит қолипнинг топилиши юқоридаги мисолга далил бўлади.

Фаёзтепадаги деворлар қурилишига асосан пахса ва хом ғишт ишлатилган, томлар харилар билан ёпилган, томларнинг баъзилари гумбазсимон шаклда бўлган. Мажмуа хоналарининг деворларига турли манзарали суратлар, ҳайкаллар билан безак берилган. Ҳар хил табиий офат ва жангу муҳораба синовларига бардоши етган кўпгина ҳайкаллар тупроқ уюмлари остида сақланиб, уларнинг шикаст топган синиқларигина бизнинг замонимизгача етиб келган, холос. Сақланиб қолган ҳайкал бўлаклари ва синиқларининг ҳажмига қараганда айрим ҳайкалларнинг бўйи 4 метргача эканини тахмин қилиш мумкин, улар одатан қизил бўёққа бўялиб, устидан тилла суви юритилган. Ана шу бўлакланган ва цинган ҳайкаллар билан бирга топилган Канишка ва Васудева I тангалари зикр этилган вайрона Будда ибодатхонаси эҳтимол Васудева I даврида емирилган деган хулосага келишга имкон беради. Жамланмага тобин учинчи-хўжалик қисмининг деворлари монастр ва ибодатхона деворларига туташтириб кўтарилган. Жамланма хоналарининг бирида хом ғиштдан қилинган эни 0,7 метр келадиган узун супа бор, бу афтидан овқатланиш жойи бўлган. Барча хоналарнинг деворлари сомон сувоқ қилинган, фақат иккитаси ганч билан сувалган, хонанинг ерига ганч ва йирик қум қоришмаси тўшалган. Қолган икки хонада тандир қолдиқлари ва безакли тоштовоқларнинг синиғи, бошқа бир хонада жанубга қаратиб ўрнатилган сув қувури, кулолчилик ўчоғи борлиги аниқланди. Демак ибодатхонага сув қувурлар воситасида олиб келинган, ҳатто шунга ўхшаш қувурларнинг Қоратепа томон, яъни жануб тарафга ётқизилганлиги (5-6 метрли қувур бўлаклари) ковлаш натижасида кузатилган.
Аммо шаҳарга сув қувурлар орқали қайси томондан олиб келингани муаммоси анча йиллар баҳсли бўлиб турди. Бу масалани 1945 йили ўрганган олим Д.Д.Букинич ҳам муаммонинг ечимини тополмай «Термизга сув қайси томондан келганлиги саволига қониқарли жавоб олиш амри маҳол» дейишдан нарига ўтмаган эди. Шу ўринда В.А.Козловсвкий, В.П.Нимколаев, Л.И.Албаум фикрларини келтириб ўтиш жоиз, улар шаҳарга сув Амударёдан олинган дейишади. Лекин тарихий асарлар бунинг тескарисини кўрсатади, чунончи ХВ аср жуғроф олими Ҳофизи Абрў «Термиз Чағониён(Сурхон)дан сув ичади», дейди. Ниҳоят термизлик ёш қадимшунос олим Т.Аннаев муаммонинг ечимини топишга муяссар бўлди. Саловотдан маълум миқдор юқори(шимол)да — Толитоғорада олиб борилган қазилма самараси ўлароқ Кушон даври Термиз ва унинг атрофларини суғориш тизими аниқланди. Унга кўра сув Чағонруддан Каттақум орқали амалга оширилгани, сув олиш жойи ва унинг қўриқлаш истеҳкоми топилди.

Кушон даври Термизининг I-II асрларда қурилган йирик Буддовий жамланмаси Фаёзтепа II асрда будда коҳинлари тарафидан ташлаб кетилган, деган ақида мавжуд. Балки бу ҳодисалар табиий офат — ер қимирлаши билан боғлиқ бўлиши мумкин деган тахминлар юради. Аммо динидорлар муқаддас зиёротгоҳ саналмиш ҳавончани ўз ҳолича қолдириб, уни эътиборсиз ташлаб кетмадилар. Ҳавончани сақлаш мақсадида унинг чор атрофини хом ғиштли девор билан ўраб олдилар ва ҳавончанинг узоқ сақланишга имкон яратдилар.

Фаёзтепа атрофида В асрда Термизда ҳукмронлик қилган эфталитларнинг қабристони бўлган. Хуллас Фаёзтепа мажмуасидан топилган ҳайкалча дунёнинг кўпгина мамлакатлари, жумладан Япония, Скандинавия мамлакатлари бўйлаб саёҳатда бўлди. Эндиликда у Тошкентда сақланмоқда, умуман, Фаёзтепа сирларини очиш ва таҳлил этишда олимлардан Л.И.Албаум, Б.М.Массон, А.Асқаров, Г.А.Пугаченковаларнинг илмий изланишлари катта самара берди. Археологлар қизиққанга қадар бу тепа номсиз эди, археологларга яқиндан ёрдам бергани учун Сурхондарё вилоят ўлкани ўрганиш мозийгоҳининг шу йиллардаги директори Раҳмат Фаёзовнинг отаси шарафига бу тепа Фаёзтепа деб аталадиган бўлди ва шу ном билан оламга танилди.

Эрамизнинг дастлабки асрларида Ҳиндистондан Марказий Осиё жанубига буддизм тарқалади. Бу ерларга диний ақидалар билан бирга будда санъати ҳам келади. Шу даврларда Кушон Термизида ва унинг девори атрофларида буддизмнинг кўплаб ибодатхоналари, саждагоҳлари, хонақоҳлари ва бошқа иншоотлари қурилди. Термиз буддизмнинг муқаддас зиёротгоҳларидан бирига айланди. Зўрмўла Кушон Термизи қўрғон деворлари шимолий шарқида қад кўтариб турибди. Қачонлардир шаҳардан ташқаридаги бу ерларда буддизмнинг юксак меъморчилик услубидаги қурилмаларининг бутун мажмуаси-Вихара-ибодатхона бўлганга ўхшайди. Лекин ўрта аср Термизида бу ерлар экин майдонлари бўлганлари маълум. Фақат бу ернинг бош қурилмаси муқаддас жой-улкан ҳавончага ўхшаш будда муқаддас ашёлари сақланадиган минора ўз қопламалари ва шаклини йўқотиб, асрлар оша яшаб келмоқда. Олиб борилган қазилма натижаси тўғри бурчакли супа (тагкурси) устига ўрнатилган цилиндрсимон минорадек ҳавонча ўз ниҳоясида гумбаз билан тугалланганлигини кўрсатади. Бу иншоот асосан хом ғиштдан терилган бўлиб, унинг тагкурсиси (педестолли) сирти оқ тоштахталар билан қопланган. Эҳтимол, бу тошлар оҳакгил бўлиб, Хожа Гулсувар (Бургут тоғи)дан келтирилгандир. Ҳавончанинг юза қисми хом ғишт устидан пишиқ ғишт қопланган ва юз (олд) томони очиқ қизил рангга бўялган. Ҳовончанинг диаметри 14,5 метр, умумий баландлиги қачондир 16 метрга тенг бўлиб, унинг бўйини хода (таёқ)га осилган «Ҳурмат соябони» баландроқ кўрсатарди. Зўрмўланинг бунёд бўлиши улуғ Кушонлар даврига, яъни эрамизнинг II асрига тўғри келади. Унинг қурилиш ишларидаги кўлами Фаёзтепаникидан ортиқ ва Термиздаги будда иншоотлари қурилишида алоҳида аҳамиятга эга бўлган.

Зўрмўла минораси Марказий Осиёдаги шундай ҳовончалардан ва археологик қатламлардаги минораларга ўхшамайдиган йирик меъморчилик обидаларидандир. Зўрмўла ҳовонча ёки минора эканлиги ҳақида олимлар орасидаги баҳслар ечими топилгани йўқ. Б.Н.Косталский бу масалага шубҳа билан қараган. Г.А.Пугаченкова Зўрмўлани буддизм минораси деб атади. Б.В.Лунин Зўрмўлани «Каттатепа» деб атади. Ҳовонча русча ступанинг таржимаси бўлиб, уни бу ёдгорликка қиёслаш тўғри келмайди. Зўрмўла атамаси русча «Зурмула» деб бузиб ифодаланиб келинганга ўхшайди. У асли Зўрмўла, яъни «Катта мўла» маъносини англатади. Маҳаллий шевада «мўла» сўзи лойдан баланд кўтариб ясалган, лекин минорадан кичик ва ундан фарқ қиладиган қурилма маъносини англатади. Деҳқонлар оқ жўхори, тариқ пайкалларини ана шундай мўлалардан палахмон отиб, ҳосилни қушлардан қўриганлиги маълум. Ана шундай мўлалардан азончилар дин ихлосмандларини ибодатга, номозга чақирганлар. Қадимда Зўрмўланинг ўз номи бўлганлиги ажаб эмас ҳозирги номи бу улкан иншоот қолдиғининг маҳаллий халқлар томонидан аталишидан олинган бўлиши мумкин.

Таниқли олим А.С.Стрелсов ўз асарини «Зўрмўла ёки Каттатепа» номлаши бежиз эмас. Ўрта аср Термиз работи ўртасида, унинг шимолий девори яқинида бир қатор иншоотлар бор эдики, уларнинг пишиқ ғиштлари аллақачонлар ташиб кетилган. Бу иморатлар эскидан (Кушонлар даврида) одамлар яшаб келган жойларда қурилган, бу ерлар I-IV асрларда кушонлар ташлаб кетгандан кейин бўш ётган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, II асрда ер қимирлаши оқибатида кўпгина иншоотлар, уй-жойлар вайронага айланди., улар қайтадан тикланмайди, балки урф-одатга кўра ирим қилинган ёки тиклашнинг иложи бўлмагандир. Шу туфайли, буддизм ибодатхоналари, хонақоҳлари ва бошқа иншоотлар қурилиши Кушон Термизининг шимолий шарқида Зўрмўла атрофида ривожлантирилади.

Илк ўрта асрларда бу ерлар тиклана бошлайди, VI-VII асрларда катта бўлмаган, лекин ўз шакли бўйича диққатга сазовор феодал қасри (қўрғони)-саройи қурилади. Кўшкнинг пастки қисми 25х25 метр бўлиб, пахса девордан кўтарилган, унинг бош ўқи бўйлаб ётган марказий даҳлизи, унинг икки томонида бештадан узунроқ хоналари бўлган. Даҳлиз ва хоналар гумбазлар билан ёпилган., деворларида тешиксимон деразалар бўлган. Кўшкнинг иккинчи қавати енгил материаллардан ёпилган бўлиб, ёзда яшашга мўлжалланган. Термиз қўрғони Марказий Осиё қасрига хос кўшк эди, у кўп асрлар кишиларга хизмат қилди. Ислом дини ривожи даврида унинг яқинида қурилган масжид ва қўшма хоналар зиёратга келувчилар учун ётоқхона, сайёҳ дарвешлар учун хонақоҳ вазифасини ўтади. Кўшк вайроналари ҳозирги Катта Ўзбек трактининг Эски Термиз ҳудуди остида қолиб йўқ бўлиб кетди.

Умуман, кушонлар даврида воҳада иқтисодий-сиёсий ва маданий ҳаёт юксак даражада ривожланган. Кушон ҳукмдорларининг тинимсиз равишда олиб борган урушлари, кўчманчиларнинг ҳужумлари ҳамда бўйсундирилган ўлкаларда мустақиллик учун олиб борилган ҳаракатлар оқибатида кушонлар салтанати инқирозга учрайди. IV аср охирларида тохар қабилалари кушонлар салтанатига хотима беради.

Б.Тўраевнинг “Сурхондарё тарихи” китобидан

Related Articles

Close