O`zbekiston

Шавкат Мирзиёев сайловда овоз берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 9 июль куни оила аъзолари билан бирга Тошкент шаҳридаги 59-сайлов участкасига ташриф буюриб, сайловда овоз берди.

Маълумки, жорий йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди. Унда ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий тамойиллар янада мустаҳкамланиб, давлатнинг бу борадаги мажбуриятлари ошди. Янгиланган Конституция давлат ҳокимияти олдига янги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни қўйди.

Шу боис давлатимиз раҳбари Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш ҳақида халқимизга мурожаат қилди. Бу ташаббус Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда жамоатчилик фаоллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Марказий сайлов комиссияси 4 та сиёсий партиядан номзодларни рўйхатга олди. 14 та сайлов округи ва 10 минг 784 та сайлов участкаси тузилди. Сайловда иштирок этаётган барча номзодларга тенг ва эркин шароитлар яратилди.

Президент сайлови мамлакатимизнинг бугуни ва келажаги, халқимиз фаровонлигига таъсир этувчи муҳим сиёсий воқеадир. Фуқаролар буни чуқур ҳис этиб, сайловда фаол иштирок этмоқда.

Бу жараённи 47 та давлат ва 15 нуфузли халқаро ташкилотдан жами 797 нафар халқаро кузатувчи бевосита кузатиб бормоқда, оммавий ахборот воситалари кенг ёритмоқда.

Related Articles

Back to top button