Маданият

АСРИМИЗ БОШЛАРИДА СУРХОНДАРЁ ТАРИХИ

Милоддан аввалги III- аср ўрталарида Бақрия сатраплигининг салавкийлар марказий ҳокимиятига нисбатан мухолифати кучаяди. Милоддан аввалги 250 йилда Бақтрия сатрапи Диодот Бақтрия ерларини Салавкийлар давлатидан ажратиб, Юнон-Бақтрия давлатига асос солади. Бу даврда Юнон-Бақтрия давлатига нафақат Бақтрия ерлари, балки Сўғдиёна ва Марғиёна ерлари ҳам бўйсуна бошлаган эди. Бақтрия ерларининг Салавкийлар давлатидан ажралиб чиқиши аҳолига бир қадар енгиллик беради. Бу даврда Бақтрия сатраплари, бир томондан, салавкийлар марказий ҳокимияти хуружларига қарши курашган бўлса, иккинчи томондан, Парфия подшола ри тажовузига қарши кураш олиб боради. Мустақилликка эришган Бақтрия Диодот I даврида қудратли давлатга айланади. Юнон-Бақтрия подшоси Евтидем даврида мамлакатнинг чегара ҳудудларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилади. Милоддан аввалги 206 йилдан бошлаб Бақтрия ерларига Салавкийлар давлатининг солиб турган хавфи йўқотилади. Бу даврда воҳада сунъий суғоришга асосланган зироатчилик ва ҳунармандчиликнинг қатор тармоқлари анча юксалади. Пировард натижада кўплаб шаҳарлар қад ростлайди, хусусан, Миршоди воҳасида яшаган аҳоли Далварзинтепа ўрнидаги шаҳарга, Шеробод воҳасида яшаган аҳолининг бир қисми Жондавлаттепа ўрнидаги шаҳарга, яна бир қисми эса Таллашқон II номи билан аталган манзилгоҳга, Шўрчи қишлоғи ўрнида эса Кофирқалъа (Кампиртепа) cингари шаҳарларга асос солинади. Бу даврда Термиз (Тармита) шаҳрининг майдони бир неча гектарга кенгаяди. Шунинг учун ҳам юнон муаррихлари ўз асарларида Бақтрия хусусида тўхталиб: «Бақтрия — минг шаҳарли мамлакатдир» деб таъкидлаб ўтишлари бежиз эмас эди, албатта.

Бақтрия ўша даврда жуда катгагина қўшинга ҳам эга бўлган, тез-тез бўлиб турадиган жангу жадаллар ҳам Бақтрия тараққиётини тўхтата олмаган. Хўжаликнинг турли соҳаларидаги ривожи натижасида савдо-сотиқ ҳам анча камол топган. Бу даврда бақтриялик савдогарлар Чин-Мочин, Ҳиндистон ва Эрон каби мамлакатлар билан иқтисодий алоқалар олиб борганлар. Бақтрия зироаткорлари етиштирган маҳсулотлар ҳақида юнон ва чин манбаларида ўта ҳаяжон билан сўз юритилади.
Бақтриялик ҳунармандлар олтин, кумуш, қўрғошин, қалайи, мис ва бронзадан жуда нафис зебу зийнат буюмлари, уй-рўзғор ва хўжалик қуроллари ясаганлар. Бу даврда тўқувчилик, кўнчилик, қуролсозлик ва заргарлик ҳунарлари анча юксалади.

Илмий изланиш натижаларига кўра, Бақтриянинг Салавкийлардан ажралиб чиқиши мил. авв. 256 йилда рўй берган. Бу даврда Диодот Салавкийларнинг Бақтриядаги ноиби эди, у шоҳлик рутбасини фақат Антиох II нинг вафотидан кейин, тахминан мил. авв. 247-246 йилларда қабул қилиши мумкин эди ва Бақтрияда мил. авв. 268 йилдан мил. авв. 230 йилга қадар ҳукмронлик қилади. Диодот I дан кейин Бақтрия тахтини унинг ўғли Диодот II эгаллайди, ундан кейин эса ҳокимият Эвтидемга ўтади. Диодотга ҳамда Салавкийларга қариндошлиги бўлмаган Эвтидем Диодот II ни ўлдириб, тахтни куч билан эгаллайди, бу воқеа мил авв. III асрнинг 20-йилларида содир бўлган. Шундан кейин Салавкийлар шоҳи Антиох III Эвтидемни расмий ҳукмрон сифатида тан олади. Эвтидемдан кейин Юнон-Бақтрия тахтини унинг ўғли Деметрий эгаллайди, бу воқеа тахминан мил. авв. II асрнинг 90-йилларининг охири 80-йилларнинг бошларида юз берган. Страбон маълумотларига таянган тадқиқотчилар Деметрийни «Ҳиндистоннинг истилочиси» деб атайдилар, лекин бу масала фанда ҳали тўла ўз ечимини топмаган. Тангашунослик тадқиқотларининг маълумотларига таянган ҳолда ушбу муаммо атрофлича ўрганилди ва профессор В.М.Массоннинг фикрига кўра, Деметрий ҳукмронлиги йилларида юнонларнинг Бақтриядан Ҳиндистонга силжиши, Юнон-Бақтрия шоҳларининг Ҳинд-Юнон шоҳларига айланиши жараёни бошланади. Кейинчалик бу жараённи Осиёнинг ичкари қисмидан келган кўчманчи қабилалар тезлаштирадилар. Башарти воқеалар ривожига эътибор берсак, Деметрий ўз ҳукмронлигининг сўнгги йилларида Эвкрадит тазйиқи остида Бақтрия мулкларидан сиқиб чиқарилади ва унчалик катта бўлмаган Ҳинд мулкларини бошқариш билан кифояланади.

Юнон-Бақтриянинг ёзма манбаларда номлари учрамайдиган шоҳлари ҳам бўлганки, масалан, Эвтидем II, Антимах, Панталеон, Агфокл, Гелиокл каби ҳукмдорларнинг номлари бизга фақат тангалар орқали етиб келган. Тангашунослик маълумотларига таянган ҳолда улар ҳукмронлигининг чегаралари масаласи имкон даражасида ўрганилди. Юнон-Бақтрия подшолигида Эвкрадит ҳукмронлиги даврида (у тахм. Мил. авв. 170 йилда ҳокимият тепасига келган) сиёсий вазият анча мураккаб кечади. У сўғдийлар, арахозияликлар, драиглар, арейлар, ҳиндлар ва парфияликлар билан тинимсиз урушлар олиб боришга мажбур бўлди. Унинг даврида парфияликлар Юнон-Бақтрия давлати ғарбий вилоятларнинг маълум қисмини эгаллайдилар. Эвкратид Ҳиндлар шоҳи Деметрий билан жанг қилади ва уни енгиб Ҳиндистонни эгаллайди. Ҳиндистондан қайтаётган Эвкрадит тахт вориси бўлган ўз ўғли томонидан ўлдирилади. Ҳозирги қадар мутахассислар ўртасида Юнон-Бақтриянинг охирги ҳукмдори ва эвкратиднинг қотили Гелиокл деган фикр мавжуд эди. Ёзма манбалар ва тангаларнинг сўнгги таҳлили бу масалага ойдинлик киритиш имконини берди. Унга кўра, Гелиокл Эвкратиднинг отаси бўлган, падаркуш ўғил эса Платон бўлган. Бу машъум воқеа мил. авв. II асрнинг 40-йилларида содир бўлган. Платон тахминан икки йил ҳукмронлик қилган ва у бақтриядаги охирги Юнон ҳукмдори эди.
Бақтрия давлати подшо Демитрий (мил. авв. 199-167 йил.) даврида ўз тараққиётининг юқори чўққисига кўтарилади. У давлат бошқаруви соҳасида ислоҳот ўтказиб, давлатни майда ҳокимликларга бўлиб бошқаради. Демитрий даврида ҳарбий истеҳкомлар ва қалъалар қуришга алоҳида эътибор берилади. Бу даврда Шимолий Ҳиндистон ерлари ҳам Юнон-Бақтрия давлатига бўйсундирилади ва давлат пойтахти Ҳиндистондаги Таксила шаҳрига кўчирилади. Милоддан аввалги 168 йида Бақгрияда давлат тўнтариши содир бўлиб ҳокимият тепасига келган Евкратид ва унинг юнон ворисларининг замонидан Юнон-Бақтрия давлатида сиёсий танглик кучайиб, мамлакат инқрозга юз тутади. Милоддан аввалги 140-138 йиллар оралиғида Сўғд ерлари орқали Бақгрия ерларига кириб келган юэчжи қабилалари Юнон- Бақтрия давлатига барҳам беради.

Кушонлар давлати. Юэчжи қабилалари Бақтрия ерларида ўрнашгандан кейин ҳам маълум вақт ягона давлат барпо қила олмаган. Орадан анча йиллар ўтгач, гуйшуан қабиласи сардори Кудзула Кадфиз бешта қабилани бирлаштириб Кушон давлатига асос солган. Кушон давлатининг дастлабки ўзагини Бақтрия ерлари ташкил этган. Кушонлар давлатининг дастлабки пойтахти ҳам Шўрчи тумани ҳудудида жойлашган Далварзинтепа ёдгорлиги хисобланади. Кушонлар давлатини ябғу унвонига сазовор бўлган ҳокими мутлақ подшо бошқарган. Подшонинг асосий таянчи яхши қуролланган ҳарбий қўшин бўлган. Кушонлар қўшини асосан отлиқ ва пиёда қисмлардан иборат бўлиб, қилич, ханжар, найза ва жанговар болта билан қуролланган. Кушонлар давлатида давлатни сатрапликларга бўлиб идора қилиш тартиби сақлаб қолинган. Кушон подшолари катта ва кучли қўшинга таяниб, мамлакат чегараларини кенгайтириб борганлар. Олиб борилган истилочилик юришлари натижасида Шарқий Туркистон, Шимолий Ҳиндистон ва Марказий Осиёнинг каттагина қисми Кушонлар давлатига бўйсундирилган.
Кушонлар салтанати подшо Канишка даврида (78-123) ниҳоятда гуллаб-яшнайди. Бу даврда Хитой, Рим, Парфия сингари ўша даврнинг нуфузли давлатлари билан савдо-сотиқ, иқтисодий ва расмий алоқалар йўлга қўйилади, маданий соҳадаги алоқалар ҳам анча кенгаяди.

Хитой тарихий манбаларида қайд этилган Гуйшуанлар, милодий 1 асрда Бақтрияда ўз ҳокимиятларини Киосзюко раҳбарлигида ўрнатиб, унинг асли исми Кужула Кадфиз эди. Кужула Кадфиз Хюми, Шуанми, Хейтун Гаофу сулолаларидан иборат тўрт ҳокимликни ҳам ўзига бўйсундирди. Бақтрияда ҳокимиятни мустаҳкамлаб олган Кужула Кадфиз қўшни вилоятлар бўлган Сўғдиёна, Марғиёна, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмларини истило қилди. Кушонлар империясини мустаҳкамлашда Кужула Кадфизнинг ўғли Янгаочжен, яъни Кадфиз II муҳим аҳамиятга эга бўлган ички-ташқи сиёсат юритиб, Ҳиндистонни Ҳинд дарёси қуйи оқимлари, ҳатто Ганг дарёси водийсигача бўлган ерларни ҳам ўз ихтиёрига ўтказди. Кушонлар давлати Канишка ҳукмронлиги даврида эрамизнинг I аср охири-II аср биринчи чорагида янада кучайди. Кушонлар ҳокимиятни ҳинд заминининг жанубий вилоятлари, Сўғдиёна орқали Фарғона, Шарқий Туркистон ҳам тан олди. Канишка даврида Туркистон ўлкасининг асосий ҳудуларини ўз ҳокимиятига бўйсундириб, Хоразм билан иқтисодий маданий алоқаларни яна мустаҳкамлади. Канишка олиб борган сиёсатни Васишка, Хувишка, Канишка , Васудева, Канишка III, Васудева II лар давом эттириб, сиёсий ҳокимиятни кучайтиришга ҳаракат қилган. Бироқ сиёсий келишмовчилик, ўзаро низо-жанжаллар, ҳокимият учун курашни кучайтириш туфайли кушонлар салтанати аста-секин заифлашиб борган. Кушонлар салтанати сиёсий-маъмурий бошқаруви тизими анъанавий сатрапиялар тизимга мослашув асосида қурилган бўлиб, сатраплар олий ҳукмдор томонидан унинг ишончини қозонган, чамаси ўз доираси намояндалари орасидан танланган. Шу билан бирга сатраплик лавозимига ҳарбий юришларда жонбозлик кўрсатган лашкарбошилар ҳам лозим топилган вақтлар бўлган, умуман олганда эса сатраплар бақтрияликлар орасидан бўлиши шарт эди. Кушонлар давлати армияси яхши қуролланган бўлиб, умумий ҳарбий қудрати 150-200 минг кишини ташкил этди. Кушон жангчилари узунлиги 1 метрдан ошиқроқ ҳар икки томони ўткир қилич, ханжар, найза, жанговар болта, сипқон каби қуроллари билан қуролланган. Кушонлар ҳарбийлар суяк ё шох билан қопланган мураккаб қўш камонни ихтиро қилди. Бу камон Уралолди ерлари орқали Шотландиягача, Шарқда Эрон, Ҳиндистон ва Хитойгача кенг тарқалиб ҳарбий ишларда кенг қўлланилди. Кушонлар даврида мамлакатнинг иқтисодий хўжалиги кенг тараққий этиб, металлсозлик, шишасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланиб, олтин, кумуш, қўрғошин, қимматбаҳо тошлар, қурилиш хом-ашёлари қазиб олиш анча такомиллашиб борган. Кадфиз II нинг амалга оширган пул ислоҳоти натижасида 8 граммлик олтин тангалар, кумуш, бронза тангалар савдо муомаласига чиқарилди. Маданий тараққиёт натижасида ёзувлар анча такомиллашиб сўғдча, хоразмча, парфияча, бақтрияча ёзувлар мукаммаллашиб, ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда ижобий натижаларга эришди. Кушонлар даврида Сурхондарё ҳудудида саройлар қуриш, архитектура қурилиши ривожланиб, ҳайкалтарошлик, рассомлик, наққошлик санъати энг юқори натижаларга эришди. Кушонлар империясига хос моддий маънавият асослари кенг ривожланиши туфайли расмий, диний, ишлаб чиқариш, турар жой, сунъий суғориш мудофаа, махсус, тижоратга тааллуқли қурилиш бинолари билан уйғунлашган ҳолда қурилган.

Кушонлар даври моддий ва маънавий маданиятини ўрганишда қадимшунос ва санъатшунос олимлардан В. М. Массон, Б. Я. Ставиский, Л. И. Албаум, Г. А. Пугаченкова, Э. В. Ртвеладзе, Б. А. Турғунов, Т. В. Беляев ҳамда Ш. Р. Пидаевларнинг илмий хизматлари беқиёс даражада каттадир. Ушбу олимлар томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида кушонлар даврида воҳа шаҳар ва қишлоқлари ҳамда аҳолисининг машғулоти, яшаш тарзи, маданияти, диний эътиқоди ва қўшни давлатлар билан олиб борилган савдо-сотиқ, маданий ҳамда дипломатик алоқалари ҳақидо қимматли маълумотлар аниқланди. Кушон давлати Марказий Осиёнинг жануби-шарқий ва Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларини ўз ичига олган антик давлат эди. Унинг шимолий чегараси Дарбанднинг Кушон давридаги девори билан чегараланади. ХХ асрнинг 80-йилларида бу деворни академик Э. В. Ртвеладзе кашф этган.

Бироқ Габаза вилоятининг жойлашган ўрни масаласи ҳозирга қадар узил-кесил ҳал қилинмаган. ХИХ-ХХ аср бошларидаги топографик хариталарда Оқработдан ғарбдаги жойлар «Габзан» деб белгиланган. Арманистон манбалрида Аранг (Амударё) дарёсига яқин ерда жойлашган Гозбон ҳақида маълумотлар бор. Арман тарихчиси Себеоснинг хабар беришича, форс йўлбошчиси Меҳривандак «Бахл (Балх) ва Улуғ дарё нариёғидаги Казбион деган жойгача бутун Кушонлар мамлакатини қўлга киритган». Юқоридаги маълумотлардан Казбион, Гозбун, Гозбон ва Курсий Руфнинг Габаза-Газаба тушунчалари турли асрларга оид бир умумий вилоятнинг номи эканлиги англашилади. Ушбу вилоятнинг жойлашган ўрни хусусида олимлар турлича қарашларни илгари сурдилар. И.Марквартнинг фикрига кўра, Казбион Бухоро воҳасида жойлашган, кўпчилик олимларнинг тахминига кўра, Казбион Қаршидан ғарбдаги Каспи (ўрта асрлардаги Кесба) шаҳри харобалари ўрнида бўлган. Умуман, олимлар узоқ йиллар мобайнида турли манбаларга асосланиб, Габаза-Газабани турли ҳудудларда жойлаштиришга ҳаракат қилдилар. Боғлон вилоятидаги Хулм ҳудуди, Талиқон (Тахор вилоятининг маркази) ҳудуди, Қундуз дарёсининг Боғлон ва Ишкимиш орасидан оқиб ўтувчи бир ирмоғи бўйидаги ерлар, ҳозирги Афғонистоннинг шимолий-ғарбида жойлашган Керки шаҳри орасидаги ерлар шулар жумласидандир.

Арман манбаларини таҳлил қилган Э.В.Ртвеладзе юқоридаги ҳудудларнинг бирортаси ҳам Габаза вилояти ҳудудига тўғри келмаслигини ишонарли тарзда асослаб берди. Унинг фикрига кўра, Газаба-Габаза-Казбион-бу тоғли жойнинг номи бўлиб, у бир томондан Дарбанд ҳамда Темир Дарвоза, иккинчи томондан Ёртепа ва Ғузор оралиғида жойлашган.

Энг сўнгги археологик ҳамда топографик тадқиқотлар натижалари, ёзма манбалар ва тангашунослик маълумотларини ўзаро қиёслаш натижасида Габаза вилоятининг жойлашган ўрнини янада ойдинлаштириш имкони пайдо бўлди. Уларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, Гозбон вилояти Жанубий Сўғддан Амударёга қадар чўзилган кенг ҳудудда жойлашган тоғли вилоят бўлиб, у қатор тоғ тизмаларидан иборат бўлган жануби-ғарбий Ҳисор тоғ тизмини тўла қамраб олган. Унинг асосини Амударёдан Темир Дарвозага қадар бўлган ҳудудда ястаниб ётган Кўҳитанг тизмаси ташкил этган ва унинг шимолдаги чекка шаҳри арман тарихчиси Себеос томонидан шакли бузиб ёзилган Казбион шаҳри бўлган.

Кейинги пайтларда Кушонлар давлатининг шимолий чегаралари масаласи ҳам маълум даражада кўриб чиқилди. Ушбу масала илк бор 1938 йили С.П.Толстов томонидан кўтарилган эди. Унинг фикрича, Сўғдиёна Кужула Кадфиз ҳукмронлиги даврида Кушонлар салтанати таркибига қўшиб олинган. Кейинчалик у Хоразмда топилган тангаларга асосланиб, Хоразмни ҳам Кушонлар давлати таркибига киритади. Кушонлар давлатининг шимолий ҳудудлари тўғрисидаги С.П.Толстов хулосалари кейинги тадқиқотчилар учун узоқ вақт илмий асос бўлиб хизмат қилди, натижада қатор бошқа ўлкалар ҳам ушбу салтанат таркибига киритила бошланди. Жумладан, 1950 йилга келиб К.В.Тревер Чоч вилоятини ҳам Кушонлар давлати таркибига киритади. Тяншан ва Помир-Олтойда олиб борилган археологик қазишмаларнинг якунларига асосланган А.Н.Бернштам Фарғонани ҳам Кушонлар давлати таркибига киритади. Кейинчалик Уструшона ҳам Кушонлар империяси таркибида бўлган деган фикр пайдо бўлади.
(Давоми бор)

Б.Тўраевнинг “Сурхондарё тарихи” китобидан

Related Articles

Close