Маданият

ДИНИЙ ҚАРАШЛАРНИ МАЖБУРАН СИНГДИРИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ

“Everyday” веб-сайтининг хабар беришича, ҳукуматнинг “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига ўзгартириш киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, “Умра” сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлади.
Демак, имконияти етган ҳар бир ўзбекистонлик “умра” зиёратига бориши мумкин. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтишни жоиз деб билдик, ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ ўзларини “диндор” деб билувчилар давлатимиз раҳбарларига иғво уюштиришдан тўхтамаяпти. Улар ижтимоий тармоқларда тарқатаётган хабарларига кўра, Ўзбекистонда соқол қўйиш ва рўмол ўраш давлат томонидан тақиқланаётган эмиш. Кўчаларимизда кимдир рўмол ўраб юрибди, яна кимдир соқол қўйиб юрибди.
Бугун дўконга кирсам ёш сотувчи йигит соқолини ўстириб қўйган экан. Ундан соқол қўйгани учун бирон киши ёки давлат органи ходимлари соқолини олиб ташлашни талаб қилдими деб сўраганимда, у кулиб:
-Ўзим намоз ўқимайман, тенгдошларим қатори қизиқиб соқол қўйдим, олиб ташламоқчиман, чунки қўшни давлатга бормоқчи бўлганимда, паспортдаги суратимни алмаштиришим зарурлигини айтишди. Умуман соқол қўйиш ниятим йўқ, шунинг учун паспортимни алмаштирмайманда, соқлимни олиб ташлайман. Бир умр соқол қўйиб юрмайман-ку!-деди.
Демак, ёшларимизнинг соқол қўйиши унинг диний эътиқодига умуман боғлиқ эмас. Шунингдек, рўмол ўраш ҳам ҳар кимнинг шахсий иши. Бундан давлатимизни айбдор қилиб шов-шув кўтаришга ҳеч қандай асос йўқ.
Эҳтимол, кимгадир давлатимизни обрўсизлантиришга қилган ҳаракати учун ҳақ тўланар, лекин халқимиз бу сафсаталарнинг тўҳматдан бошқа нарса эмаслигини яхши билишади, ахир ўрта асрлардагидек кийинишга ўз ихтиёри билан ҳеч ким рози бўлмайди-ку.
Ўтган асрнинг бошларида Марғилондаги дўппи бозори.
Халқимиз ҳур яшашни севади, ҳар бир фуқаронинг дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланган, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 25-моддасида ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган. Шундай экан аёлларимизни ҳижоб кийишига ва ёшларимизни соқол қўйишга ҳеч ким мажбурлай олмайди. Буни ҳеч ким эсдан чиқармаслиги керак.

Оловжон

Related Articles

Close