O`zbekiston

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 8 февраль кунги “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 670-сонли Қонуни юзасидан

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 29 январда қабул қилинган Сенат томонидан 2021 йил 5 февралда маъқулланган.

Мазкур қонунга асосан Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш киритилиб, олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлисининг қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий муддатлари тугайдиган йилда декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган бўлса, эндиликда октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилган, киритилган ўзгартиришларнинг энг асосий жиҳатлари ҳақида тўхталмоқчиман.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекснинг 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланган эди.

Янги ўзгартишга мувофиқ ушбу моддадаги Маҳаллий Кенгашлар  вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳамда туман-шаҳар Кенгашларига ажратилиб, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўйича сайлов участкалари округ сайлов комиссияси томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилиши белгиланди.

Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси сайлов кодексига Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича янги 271-модда киритилди.

Ушбу моддага кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Шу каби, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши, чет давлатларда турган фуқаролар ушбу сайлов комиссияларига уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан ўн беш кун олдин ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкинлиги ва бошқа бир қатор нормалар киритилди.

Бу модда билан Чет давлатларда турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг сайлаш ҳуқуқидан чекланиб қолишини олдини олади десак хато қилмаган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекснинг 31-моддасига киритилган янги ўзгартишга кўра, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин. (кўзи ожизлар учун)

Кодекснинг 42-моддаси 4-қисм билан тўлдирилиб, агарда номзод сайловга қадар вафот этган, сайлов ҳуқуқидан маҳрум бўлган ёхуд номзодликдан чақириб олинган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларидан ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилиши, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида бундай номзодни ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳақиқий эмас деб топилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, 44-модда 5 ва 6-қисмлар билан тўлдирилиб,

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг;

сайлов комиссиялари аъзоларининг;

диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб боришлари таъқиқланди.

Кодекснинг 51-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиб,  унга кўра Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши белгиланди.

Кодекс 561-модда билан тўлдирилиб, сайловчининг чет давлатда турган жойида овоз бериш борасидаги муносабатлар тартибга солинди.

Унга кўра, сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида ўтказилади.

Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма овоз бериш қутисини очади, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни сурғучлайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.

Сайлов бюллетенлари солинган қоп сурғучланган ҳолда далолатнома билан бирга сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунига қадар сақланади»;

Кодекснинг 86-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, Сенат аъзолари сайлови якунлари устидан Ўз.Р Олий судига шикоят бериш муддати ўн кундан 15 кунга узайтирилди.

Кодекснинг 99-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилиб, сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланиши, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан пенсионерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланиши белгиланди.

Кодекснинг 102-моддасига ўзгартиш киритилиб, Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялар органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан шикоят бериш муддати ўн кундан 5 кунга қисқартирилди.

Кодекс 1021-модда билан тўлдирилиб, марказий сайлов комиссияси аъзоларига аэропорт, аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегацияларга хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси ўз гувоҳномасини кўрсатганидан кейин темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезд вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой бериши шарт. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса камида бир сутка олдин берилади».

Термиз туманлараро маъмурий судининг судьяси                                 Қ.Х.Туранов

Related Articles

Back to top button