O`zbekiston

928 НАФАР МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАЛАР БЎЛГАН МАҲАЛЛАДА БИРОНТА БОЛАЛАР БОҒЧАСИ ЙЎҚ

Шўрчи тумани “Оққўрғон” маҳалласида яшовчи фуқаролар таҳририятимизга мурожаат этиб, маҳаллада мактабгача ёшдаги болалар учун биронта боғча йўқлигини ва маҳаллада 2017 йил қурилиши бошлаган хусусий боғчанинг қурилиши эса бу йил август ойида тўхтаб қолганлигини айтишди.

Биз хусусий боғча қурилишига борганимизда қурилиш ишлари тўхтаган, қурилиш майдонида ҳеч кимни учратмадик. Ушбу масалага аниқлик киритиш учун “Оққўрғон” МФЙ идорасига бордик. У ерда бўлган МФЙ фаоллари билан суҳбатлашдик.
-Маҳалламизда 941 та хонадон бўлиб шу хонадонларда 928 нафар 7 ёшгача бўлган болалар бор. Илгари маҳалламизда 3 та болалар боғчаси бор эди. Улар хусусийлаштирилиб, бинолари бузилиб, ер майдонлари уй-жой қуриш учун томорқа сифатида тарқатилиб юборилган. Хусусий боғча қурилиши эса банкдан кредит ололмаганлиги сабабли тўхтаб қолган.

«Оққўрғон» маҳалласида беш йилдан бери бўш турган иморатнинг бугунги кундаги ҳолати

Шу маҳаллада яшовчи фуқароларнинг айтишича бир вақтлар “Шўрчи дон маҳсулотлари” АЖ томонидан қурилган иморат 5 йилдан бўш турибди, лекин бу иморатда хусусий боғча ташкил этишни ҳеч ким истамади.
Қизиғи шундаки, Сурхондарё вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Амиров имзоси билан “Оққўрғон” маҳалласида яшовчи фуқаролар мурожаатига 2017 йил 20 ноябр куни юборилган жавоб хатида: “…Ҳозирги кунда ушбу бино фойдаланилмай турганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2796-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклаши ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқарма томонидан инвестиция лойиҳаси юзасидан мониторинг олиб борилаётганлиги тўғрисида Сизга тушунтириш ишлари олиб борилганлиги ҳамда мурожаатингини ўрганиш натижаси юзасидан ишчи гуруҳ томонидан иштирокингизда суҳбат баёни тузилганлигини маълум қиламиз.”дейилган.

Бу хат ўтган йили ноябр ойида юборилган ва орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да иморат қаровсиз аҳволда ётибди. Янги боғча қурилишининг ҳали биринчи қавати ҳам битган йўқ. Ушбу боғча қуриб битказилганда ҳам маҳалладаги болаларнинг 10 фоизини жалб қилиниши мумкин.

Проезидентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида”ги ПҚ-3822-сонли қарорига эътибор шуми?
Биз ушбу масала юзасидан мутасадди раҳбарларнинг жавобини кутамиз.

Оловжон

Related Articles

Close