O`zbekiston

ОЛТИНСОЙ ТУМАНИДА АВАРИЯ ҲОЛАТИДАГИ МАКТАБДА 400 ДАН ОРТИҚ БОЛАЛАР ТАЪЛИМ ОЛМОҚДАЛАР

Президентимиз томонидан ёш авлоднинг таълим тарбиясига алоҳида эътибор берилиб, таълим муассасалари, жумладан таълимнинг пойдевори бўлган ўрта таълим мактабларига катта эътибор берилаётган бир вақтда пойтахтдан узоқ жойлардаги мактабларнинг аҳволи ночорлигича қолмоқда.

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида “Экраз” маҳалласи ҳудудида жойлашган 24-умумий ўрта мактаб бугунги ахволи умуман талаб даражасига жавоб бермайди мактабнинг шимолий -шарқ томонидаги 2 та ўқув биноси ўтган асрнинг 1969 йилларида ҳашар йўли билан қурилган.  Ғарб томонидаги ўқув биноси эса 1974 йилда қурилган ҳамда ҳозирги кунда мактабнинг 1969 йилда қурилган ўқув биноси авария ҳолатида . Ҳаттоки  бу хакда вилоят давлат архитектура ва курилиши бошқармаси назорат булимининг 14.12.2016  йилда 287.ТХ -сонли 24 мактабнинг техник хулосаси бўйича “Экраз” маҳалласида жойлашган 24-мактабнинг текширув хулосаси бўйича мактабнинг ўқув корпусидаги деворларнинг юк кўтариш конструктив ва меъёрий қурилиш меъёрлари КМК-02.01.03-96 сейсмик ҳудудларда жойлашганлиги, мактаб биносининг мустаҳкамлиги меъморий талабларга жавоб бермаслиги қайд этилган. Бинонинг ҳозирги кундаги синфхоналари деворнинг юк кўтариши қониқарсиз. Бинодаги синфхоналардан фойдаланиш мукаммал таъмирни ўтказиш ҳамда реконструкция қилиш мақсадга мувофиқ эмас дея хулоса берилган.

Мана қарийб икки йилдирки, техник хулоса берилганига қарамасдан ушбу мактабда 421 нафар ўқувчилар таълим олмоқдалар. Ушбу ўқувчиларга 55 нафар ўқитувчилар жамоаси дарс беришмоқда.

Текширув вақтида икки ўқув бинонинг (шимол ва шарқ томондаги) санитария ҳолати қониқарсиз, поллари ўйилиб қолган. Электр чироқлари ёнмайди. Айрим синфхоналарга электр тармоғи ўрнатилмаган. Ўқув синфхонларда ёруғлик миқдори талаб даражасидан анча паст. Синфхонлардаги парталар эскириб қолган ва ўқувчиларнинг ёшига мос эмас. Мактабда парта, стол-стуллар етишмайди. Биология ва кимё хоналарида шамоллатиш ускуналари ўрнатилмаган. Сабаби, кимё ва биология хоналарида ўқув лабораторияси учун жиҳозлар йўқ, бўлмаган ҳам.

Биз билан суҳбатда 24-мактаб директори Л.Э.Менгбоева суҳбатлашганда синфхоналардаги жиҳозларнинг йўқлигини айтиб ўтдилар. Ўқувчилар фақатгина назарий билим билан чекланиб қолишмоқдалар. Мактабнинг информатика хонасини кўздан  кечирганимизда хонанинг совуқлиги бир тараф бўлса, иккинчи тарафдан хонада  синфхонанинг ёруғлик даражаси пастлиги бизни ҳайратга солди. Яхшилаб разм солиб қарасак, шифтдаги электр симининг лампочка ва лампочка ўрнатиладиган патроннинг ўзи ўрнатилмаган, фақат симда патроннинг бир қисми осилиб турибди.

Бундан ташқари 6 синф ўқувчилари ўқиётган хонага кирганимизда полнинг қуруқ бетондан эканлиги, ҳаттоки линолеум ҳам қопланмаганлиги етмаганидек, бетон полнинг айрим қисмлари ўйилиб қолган.

Мактабда деярли барча хоналарда доскалар, парталар ва бошқа жиҳозлар  ўтган асрдан қолган, амал-тақал қилиб фойдаланилмоқда. Мактаб директорининг сўзларига қараганда, бугунги кунда мактабда 80 дона парталар етишмайди.

Шиддат билан ривожланаётган мамлакатимизда Олтинсой туманиддаги 24-мактабдаги ҳолатлар ярашармикан?…

Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда Олтинсой тумани мактабларида тўрт мингга яқин парталар етишмаслиги маълум бўлди.  Туманнинг бошқа мактаблари ҳам бундан оғирроқ аҳволда, бу ҳақда яна мавзуга қайтамиз.

Қиличбек Қалқон

Related Articles

Close