Kasbim-faxrim

ЯНА ПАРРАНДАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ...

2018 йил 13 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарор қабул қилди.

Қарорда паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш даражаси паст, тармоқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда яримтайёр маҳсулотлар улуши юқорилигича қолаётганлиги, шунингдек, парранда чиқиндиларини чуқур қайта ишлаш тизими йўлга қўйилмаётганлиги, паррандачилик соҳасида, асосан, товуқ етиштириш билан чекланиб қолинаётганлиги, бошқа парранда турлари (курка, бедана, ғоз, ўрдак, туяқуш, каклик ва бошқалар) етиштиришни оммалаштириш чоралари кўрилмаётганлиги, паррандаларнинг юқумли касалликлари ўз вақтида олди олинмаётганлиги ва бошқа муаммоларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, барча хатоларни бартараф этиш ва паррандачиликни ривожлантириш устувор вазифалар этиб белгиланди.
Президентимиз паррандачиликни ривожлантириш бўйича бир қанча ишларни амалга оширди, лекин жойларда Президентимизнинг ташаббуси билан бошланган хайрли ишлар тўлиқ амалга ошмаяпти. Масалан ўтган йили ҳар оилага банк кредити асосида 100 бошдан зотдор товуқлар ажратилиши назарда тутилган эди. Банклар томонидан ажратилган кредитлар парранда етиштирувчи тадбиркорлар ҳисобига ўтказиб берилди, лекин тадбиркорлар томонидан аҳолига қари, касал, тухум қўйиш муддати ўтган товуқлар бериш ҳоллари кўплаб учради.
Айниқса аҳолига парранда етиштириш учун ажратилган кредит маблағларини ўзлаштириб, аҳолига парранда бермаган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Аҳоли эса олмаган парранда учун кредит тўлашга мажбур бўлмоқда. Албатта бу ҳолат ҳозирги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари томониддан ўрганилмоқда. Ишонамизки, муаммолар ўз ечимини топади…
Биз ўтган йили аҳолига берилган товуқларнинг аҳволини ўргандик, гарчанд давлат оммавий ахборот воситаларида хонадонлар товуқ боқиб, оилаларнинг тўкин-сочинлиги таъминлангани ҳақида хабарлар тарқатилган бўлсада, аслида кўпгина хонадонларга берилган паррандаларнинг тухум бериш муддати ўтган ва ем ейишдан бошқасига ярамай қолган товуқлар эканлигининг гувоҳи бўлган эдик.
Айни вақтда бозорда битта уйда парваришланган товуқнинг нархи 50-60 минг сўм, бир дона тухумнинг нархи эса 650-700 сўмдан сотилмоқда. Шунингдек музлатилган товуқларнинг гўштлари ҳам 16-20 минг сўм атрофида. Бир килограмм парранда еми эса 2500-3000 сўм атрофида. Шунинг учун қишлоқларда парранда сақлаш ҳаражатини оқламаяпти.
Мамлактимизга чет эллардан келтирилаётган парранда гўштининг асосий қисмини сон гўштлари ташкил этади. Аслида парранда гўштининг оёқ ва қанот гўштларида қуввати юқори бўлганлиги ва зарарли моддалар бир оз юқори бўлганлиги учун чет элларда истеъмол қилмасдан экспортга жўнатишади, биз эса барча имкониятларимиз бўлишига қарамасдан ҳовлимизда паррандаларни сақлашга ҳафсала қилмаймиз ва четдан юборилган гўштни сотиб олаверамиз.
Парранда сақлаш учун ем, медикаментлар ва энг асосийси тажриба зарур. Агар ҳар оила камида 50 бош парранда сақланса нафақат парҳез парранда гўшти арзон бўлади, ҳаттоки чет элларга экспорт қилиш имкони ҳам пайдо бўларди.
Лекин бу ҳали фақат орзулигича қолмоқда….

Оловжон

Related Articles

Close