O`zbekiston

СУРХОНДАРЁДАГИ ЧАЛАГИНА ҲОМИЙЛИК

Қумқўрғон тумани “Элобод” маҳалласида яшовчи отахон 58 ёшли Бердиев Тошмирза Каримович таҳририятимизга келиб, сел туфайли яшаш уйи яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан тайинланган ҳомий вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан унинг уйи ўта сифатсиз қурилганлиги ҳақида сўзлаб берди.

Чала қурилган уй

-2018 йил 18 май куни Қумқўрғон тумани “Элобод” маҳалласи ҳудудида содир бўлган сел туфайли менинг уй-жойим бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолди. Бундан ташқари 12 бош қўйимдан 4 тасини сел оқизиб кетди, шундан 5 тасини сотиб ҳашарга ишлатдим ва қолганини ҳашар давомида сўйиб ишлатдик. Ҳозирги пайтда бир дона сигир ва бир бош танадан бошқа мулким қолмади.Уй-жойимизни кўрган мутахассислар уй-жой яшаш учун яроқсиз деб топди ва уйни бузиб олишни тушунтирди. Менинг уй-жойимни тиклаш ишларини Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасига топширишди. Ички ишлар бошқармаси томонидан юборилган кишилар қурувчи бўлмаганлиги учун қурилиш ишларини жуда сифатсиз бажаришди. Менинг оилам учун 3 хонали ва айвонли 14,5х7,8 ўлчамдаги уй қуришди. Қурилиш  материаллари етмаганлиги учун ўз ҳисобимдан томни ёпган усталарга 2,7 млн сўм нақд пул бердим. Бундан ташқари ташқари бузилган уйнинг шифери, ёғочлари тўлиқ ишлатилди. Дераза  ромларига ойналарни ўзим сотиб олдим. Ички ишлар органи фундаментни қўйиб берди, ғиштни келтириб беришди, ғиштни қалаш учун иш ҳақини тўлашга ёрдам бердим. Томни ёпиш учун 90 дона асбест шифер олиб беришди, қолган ҳаражатларини ўзим бажардим. Лекин барибир уй чала қолиб кетди, дейди отахон.

Айвоннинг аҳволи

-Биронта хона ёғоч билан полланмай қолди, шифт ҳам чала қолди, сувоқ ишлари ўта сифатсиз бажарилди, дея куйинди отахон.
сифатсиз бжарилган сувоқ ишлари

Биз Қумқўрғон тумани  “Элобод” маҳалласига бордик. Селдан жабр кўрган баъзи уйлар ҳомийлар томонидан шинам қилиб қурилган, Бердиев Тошмирзанинг уйи эса наридан бери қурилган. Сувоқлари жуда нотекис, шифтнинг таги эса умуман сувоқ қилинмаган. Уй қуриш учун эски ёғочлар ишлатилган. Электр симлари шундоқ очиқ турибди.
Пол ўрнида қилинган сифатсиз бетон

Пол ўрнига бетон сувоқ қилинган, у ҳам жуда ҳафсаласизлик билан бажарилган.  Отахон бор-будини сотиб қурувчиларга ёрдам бериш учун ишлатибди. Қиш қиличини ялонғочлаб келмоқда. Бу оила қишда қийналиши кўриниб турибди. Балки ҳомийлар яна бир қўллаб юборса, қурилиш ишлари битиб қолар.
хонадаги электр симлари

Ахир савоб ишнинг кечи бўлмайди-ку.

яшаш хонаси шифти аҳволи

Оловжон

Related Articles

Close