Hodisalar

ҚУМҚЎРҒОН ТУМАНИДА СЕЛДАН ЖАБР КЎРГАН II-ГУРУҲ НОГИРОНИ ЁРДАМ СЎРАМОҚДА

Таҳририятимизга Қумқўрғон тумани “Азларсой” маҳалласида яшовчи II-гуруҳ ногирони мурожаат этди, унинг мурожаатини ўзгартирмасдан эълон қилишни лозим топдик.

2018 йил 18 май куни Қумқўргон туманида кучли ёғингарчилик бўлиб, сел келиши оқибатида жабр кўрганлар кўп бўлди. Табиий офат натижасида бизнинг  хам турар жойимиз, ошхона, молхона, қўшимча иморатлар катта зарар кўрди ва экинзорларимиз бир зумда пайҳон бўлди. Тўсатдан юз берган табиий офат барчани эсанкиратиб қўйди. Ўғлим, 1990 йилда туғилган Жумаев Нодир мени селдан қутқариб қолмоқчи бўлиб,  кўтариб чопаётган пайтди қаттиқ йиқилди. Ўнг оёғининг катта болдир суяги ёпиқ синиши ва турли шилинишлар натижасида шикастланди.

 

Вазият оғирлиги учун биз махаллага бир неча марта қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрадик, аммо улардан натижа бўлмади. Ноиложликдан буёғи оқшом бўлаётганлиги сабабли куёвимга телефон қилиб бизни уйига олиб кетишини илтимос қилдик. Ўғлимнинг тан жарохати кучайганлиги учун ўша куни туман Ш.Т.Ё.Бга ётқиздик. 3 кун давомида у касалхонада даволанди (касаллик варақаси №1826). 15 кун оиламиз билан қизимнинг уйида яшашга мажбур бўлдик. Мен  соғлигим оғир бўлгани учун нафақахўр турмуш ўртоғим Жумаева Халима хар куни уйимизга қатнаб, махаллага мурожаат қилиб ёрдам сўради. Туман хокими Н.Чориев бошлиқ ишчи гурух хамда МЧС вакиллари хонадонимизга келиб вазиятни кўрди. Ёрдам беришга ваъда беришди.

Қўни-қўшниларимиздан селдан биз каби жабр кўрганлар, кўрмаганлари хам бор эди. Вазият қалтислиги учун турмуш ўртогим хар куни махаллага, туман хокимлигига, МЧС штабига ёрдам сўраб бораверди. Аммо хеч бир натижа бўлмади. Уйимиздаги холат шу ҳолича 2 ойдан ортиқ вақт қолди. Ноиложликдан уйимизни нари-бери таъмир қилиб хозиргача зах бўлсада яшаб турибмиз. 2018 йил 15 август куни вилоятдан келган ишчи гурухи туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Абдурасулов бошчилигида махалламизга келди, уйма-уй кириб чиқди, холатларни ўрганди. Сел жабрдийдаларига ёрдам беришини айтиб кетишди.

 

Шуниси ажабланарлики, сал ўтмай биздан бошқа хонадонларга, хатто сел умуман таъсир кўрсатмаган уйларга хам катта миқдорда ёрдам пуллари ажратилибди-да, бизнинг хонадонни бу рўйхатдан қолдириб кетишибди. Туман хокимига бордик, дардимизни тингламади. Вилоят хокими ва вилоят Адлия бошқармасига ариза билан мурожаат қилдик, аризамиз қайд китобига киритилди аммо хозиргача натижа йўқ. Шуниси ачинарлики, хонадонма-хонадон юрган ишчи гурух аъзолари халқнинг қийналаётганини кўра била туриб ўзбилганича иш тутишди. Уйимиздаги холатни кўриб: «Бу селдан олдин рўй берган» деб важ қилишди. Ахир қайси инсон ўз уйини бу холатга атай келтиради. Ахир биз бу уйда яшаяпмиз, орзу умидларимиз шу уйда бўлса.

Буни қарангки, кўп ўтмай қўни-қўшниларга, туман хокими ўринбосари Фахриддин Абдурасулов ва унинг мажмуасидаги ёрдамчилари қариндош уруғлари, таниш-билишларини сел жабрдийдаси деб катта-катта миқдордаги тавон пуллари ажратилибди. Асл зарар кўрганлар эса бу рўйхатга киритилмаганлиги бизни ажаблантирди. Сабабини сўрасак аниқ бир важ айтишмади. Биздек селдан жабр кўриб ёрдам ололмаган хонадон эгалари кўпчилликни ташкил этади.

 

Вилоят телевидениясининг бундан бир ой олдин “Халқ билан мулоқот” теле кўрсатувида “Элабод” махалласидан Хайрулло Менглиев мурожаат қилиб ана шундай масала аниқлик киритишни сўраганда вилоят Прокуратураси томонидан сел жабрдийдалари учун ажратилган жуда катта миқдордаги пуллар ноқонуний тўланганлиги ва талон-тарож қилинганлиги айтиб ўтилди. Қўшниларимиз Қувондиқ Тўраев, Абдулла Қосимов, Абдумалик Жумаев, Рауп Алмардонов, Олим Тўраев сингарилар биз қатори жабр кўрган, айримлари умуман жабр кўрмаган бўлсада жуда катта миқдордаги тавон пулларини олишди. Биз эса ёрдамсиз қолдик…

 

Ҳозир авария ҳолатига келиб қолган уйда яшаяпмиз, туман ҳокимлиги мансабдор шахслари селдан жабр кўрганлар учун давлатимиз томонидан ажратилган маблағни талон-тарож қилиб юборган бўлса, энди бизга ким ёрдам беради?…

 

Джумаев Рўзи Байбўриевич

Сурхондарё вилоят Қумқўргон тумани “Азларсой-2” махалласи

Related Articles

Close