Ўзбекистон

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 август куни давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аслида, бу сўнгги йилларда амалга ошириб келинаётган маъмурий ислоҳотларнинг мантиқий давомидир. Президентимизнинг халқчил сиёсати туфайли давлат хизматчилари аҳолига анча яқинлашди. Халқни эшитиш, маблағларни одамлар талабига қараб йўналтириш, “маҳаллабай” ишлаш тизимлари йўлга қўйилди. Ходимларга самарали фаолияти учун муносиб шароитлар яратилди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “навбатдаги муҳим вазифа – марказий идораларни трансформация қилиш орқали фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш” эканини таъкидлаган эди.

Ҳозирги кунда бу соҳада 118 минг киши меҳнат қилаяпти. Лекин, натижадорлик бўйича айтганда, ҳали давлат хизмати халқни рози қиладиган тизимга айлангани йўқ.

Мисол учун, ўтган йили Халқ қабулхоналарига вазирлик ва ҳокимликлар ходимларининг билимсизлиги ва масъулиятсизлиги ҳақида 25 мингта, уларнинг мулоқот маданияти етишмаслиги билан боғлиқ 7 мингта шикоят келиб тушган.

Қобилиятни аниқлаш, ўқитиш, ишни яхшилашга ўргатадиган яхлит тизим бўлмагани учун айрим мутасаддилар вазифаларини эплай олмаяпти. Умуман, раҳбарларни танлаш, тайёрлаш ва мотивация бериш йўлга қўйилмагани ижродаги оқсоқликларнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу боис маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиб, икки йил давомида, чуқур муҳокамалар асосида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун тайёрланди.

Йиғилишда ушбу қонунда назарда тутилаётган талаблардан келиб чиқиб, давлат идоралари олдида турган устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди.

Аввало, давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиши таъкидланди. Шу мақсадда йил якунигача барча вакант лавозимлар очиқ ягона электрон платформага жойлаштирилади. Бўш лавозимга танловда иштирок этиш учун ҳозирги кунда талаб этилаётган 16 та ҳужжат сўралмайди, барча жараёнлар электрон шаклга ўтказилади. Номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланади.

Бу тизим тажриба тариқасида, Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилган. Йиғилишда мазкур вилоят ва қўмита мутасаддилари унинг натижалари ҳақида айтиб берди. Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олий ўқув юртларидан бошлаши кераклиги қайд этилди.

Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун Ёш мутахассисларни танлаш дастури эълон қилинадиган бўлди. Дастур доирасида битирувчи курсларда ўқиётган қобилиятли талабалар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, ишга қабул қилинади. Бунга хорижда ўқиётган ёшлар ҳам қамраб олинади.

Таҳлилларга кўра, вазирликлар марказий аппаратидаги раҳбарларнинг 40 фоизи туман поғонасини кўрмаган, туман миқёсидаги раҳбарларнинг 60 фоизи эса вилоят ёки республика идораларида ишламаган.

Шу боис Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун 1 ноябрдан бошлаб, эски намунадаги маълумотномадан воз кечилиб, ходимнинг малакаси ва эришган натижаларини илғор технологиялар асосида баҳолайдиган тизимга ўтилади. Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олди олинади.

Шунингдек, туман ва шаҳар даражасидаги раҳбарлик учун Салоҳиятли кадрлар резерви тузилади, унга номзодлар фақат маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари орасидан танлаб олинади. Компетенциясига қараб, улар учун мақсадли малака ошириш курслари ташкил этилади.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлигига “Ватандошлар” жамғармаси билан бирга “100 та илғор етакчи” дастурини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу дастур доирасида давлат хизматчилари, фаол тадбиркорлар, хориждаги ватандошлар орасидан салоҳиятли ёш кадрлар танлаб олинади.

Маълумки, мамлакатимизда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил устувор этиб белгиланган. Барча соҳаларда одамларга қулайлик яратиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, лицензия олиш, хизматларга буюртма бериш, турли идораларга ҳужжат топшириш, тўлов тизимлари анча қулайлашди.

Лекин, ҳали ҳам кўп соҳаларда қоғозбозлик бор. Масалан, субсидиялар учун ўртача 10 та вазирлик ва идорадан хулоса олиш керак. Электр тармоқларига уланишда ҳам ортиқча харажат ва бюрократия кўп. Тиббиётда қайси хизмат бепул ёки пулли бўлиши, давлатдан бериладиган дориларнинг ҳисоб-китоби ва эгасига етиб бориши аниқ бир тизимли эмас. Қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, стандарт, карантин идораларида ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг иши битиши қийин бўлган жараёнлар жуда кўп.

Шу боис Бош вазирга ҳар бир вазирлик ва ҳокимликда хизмат кўрсатиш жараёнларини тушунарли ва қулай шаклга келтириш, ортиқча харажатлар ва ҳужжатларни қисқартириш бўйича кўрсатма берилди.

– Бунда бирдан бир мезон – одамлар розилигини олиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бугун халқимиз элу юрт ривожига бефарқ эмас, маҳалла ишларида фаол қатнашмоқда. Масалан, “Очиқ бюджет” портали орқали аҳоли ташаббуслари ҳаётга кўчмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида 2 мингдан зиёд ана шундай лойиҳалар бошланди. Энг муҳими, одамлар уларга ўзларини дахлдор билиб, қурилган инфратузилмадан асраб-авайлаб фойдаланаяпти.

Кейинги олти ойда бундай лойиҳалар учун яна 1 триллион сўм ажратилиши мўлжалланган. Шу боис мутасаддиларга аҳоли фикри асосида қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш бўйича топшириқ берилди.

Иқтисодиётда хусусий сектор ўсиб бораётгани сари малакали кадрларга талаб ошиб бормоқда. Бу рақобатли бозорда давлат хизмати ҳам жозибадор бўлиши керак.

Шу боис Президентимиз давлат хизматчилари фаолиятининг кафолатлари ҳам кучайтирилишини таъкидлади.

Хусусан, келгуси йилдан ходимнинг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб, рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади. Ўз вазифаларини ҳалол ва пок бажараётган давлат хизматчилари учун кексаликни муносиб ўтказиш кафолатлари яратилади.

Давлат хизматчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Шу пайтгача давлат хизматчиларининг атиги 20 фоизи малака оширган. Ўқитиш сифати ҳам замон талаби даражасида эмас.

Шунинг учун хорижий ўқув марказлари билан бирга қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Вазирликлар тизимидаги 110 та малака ошириш маркази фаолиятини қайта кўриб чиқиб, ўқитиш дастурлари ва методикаларини янгилаш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари, хорижий ҳамкорларнинг фикрлари эшитилди.

Related Articles

Back to top button