Ўзбекистон

ҲОКИМЛАР ҚОНУННИ БУЗИШСА,УНДА КИМДАН АДОЛАТ ИСТАЙМИЗ!

Шўрчи туман ҳокимининг 2017 йил 12 сентябрдаги Қ-1683 сонли қарорида Шўрчи тумани Мустақиллик, А.Темур ва Айний кўчаларида жойлашган уй-жойларни ва бино-иншоотларни бузиш назарда тутилган. Ушбу  қарорнинг 5-бандида бузилиши режалаштирилган уй-жойлар ва нотурар жойлар учун компенсация тўловларини тўлаш ва янги уй-жой қуриш учун тенг миқдорда ер майдонлари ажратиш кўрсатилган бўлсада Мустақиллик кўчаси 116-уйда яшовчи Тулаев Ҳайитбойнинг 12 сотих томорқаси учун 6 сотих ер ажратилди ва  уйи учун баҳолаш ташкилотлари томонидан белгиланган 450 миллион сўм ҳалигача тўланган йўқ.

Бузилиши  назарда тутилган уйда 3 оила яъни Ҳайитбой аканинг оиласи 5 кишидан иборат, 1989 йилда туғилган ўғли Тўлаев Жамшид I-гуруҳ ногирони ва 2 нафар вояга етмаган набиралари у киши  билан бирга яшашади.

Ўғли Тўлаев Отабекнинг оиласи 2 кишидан иборат.

Ўғли Тўлаев Акмалнинг оиласи 4 кишидан иборат. Бир ҳовлида 3 оила жами 11 киши яшашади. Шўрчи туман ҳокимияти эса Ҳ.Тулаевдан олинаётган 12 сотих ўрнига бор йўғи 6 сотих ер ажратди.

1989 ЙИЛДА ТУҒИЛГАН ЎҒЛИ ТУЛАЕВ ЖАМШИД БОЛАЛИКДАН I-ГУРУҲ НОГИРОНИ, У МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ВА ДОИМИЙ РАВИШДА ЎЗГАЛАР ПАРВАРИШИГА МУҲТОЖ. МУСТАҚИЛ ҲАРАКАТЛАНА ОЛМАЙДИ. У ЎЗГАЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛОЛМАЙДИ. У доимий равишда ўзгалар парваришига муҳтож.

Ҳокимият масъул мансабдор шахслари Ҳ.Тулаевнинг уйига келиб уйини бузиб олишини талаб қилишмоқда, лекин уйи учун компенсация тўлови тўланмаган бўлса ногирон ва вояга етмаган фарзандлари билан қаерга бориб яшашини туман ҳокимлиги ҳал қилмаяпти.

Бундан ташқари унинг ҳовлисида яна 2 нафар ўғиллари оиласи билан яшашади, уларга ҳам уй-жой қуриш учун ер ажратилган йўқ.

Шўрчи туман ҳокимининг 2017 йил 12 сентябрдаги Қ-1683 сонли қарорининг 5-бандида Шўрчи тумани Мустақиллик, А.Темур ва Айний кўчаларида жойлашган бузилиши режалаштирилган  уй-жойлар ва бино-иншоотлар учун компенсация тўловларини тўлаш ва уларга тенг миқдордаги ер майдонлари ажратиш алоҳида кўрсатилган.

Тулаев Хайтбай Шукурович Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Сурхондарё вилоят ҳокими виртуал қабулхонасига бузиладиган уйи учун пул компенсацияси сўраб қилган мурожаатига қилган мурожаатига Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари А.Амиров имзоси билан 12.10.2018 йилда юборилган жавоб хатида шундай дейилган: «… Ушбу ҳудудда қурилиши режалаштирилган 1-кавати савдо дукони ва 2-кавати маиший хизмат кўрсатиш нуқтаси учун мўлжалланган бўлиб, ушбу бинонинг Мустақиллик кўчаси томони ва иккинчи томони лойиҳадаги бозорнинг автомобилларга тўхташ жойи учун режалаштирилган. Шунинг учун бу ерда лойиҳада яшаш уйлари мўлжалланмаган бўлиб мулк эгаларига яшаши учун туманнинг “Дўстлик” маҳалласидан, яъни 2017-2018 йилларда қурилиши режалаштирилган намунавий уй-жойлар ҳудудидан Шўрчи туман ҳокимининг 2017 йил 2 мартдаги 629-сонли қарорига асосан 0.06 (600.0 кв.м )га ер майдони ажратилганлиги маълум бўлди.

Туман ҳокимлиги ҳамда туман қурилиш бўлими томонидан Сиз билан бир неча маротаба суҳбат ўтказилганида, Сиз ушбу келишув битимига норози эканлигингизни таъкидлаб, берилган таклифларни рад этганингиз аниқланди.(Аслида Шўрчи туман ҳокими ўз қарорининг 5-банди талабларини бажармаган ва уй-жой учун компенсация пули тўлаш тўғрисида лом-мим дейилмаган. таҳририят изоҳи.)

Шу сабабли ушбу масалалар юзасидан фуқаролик Судига Шурчи туман ҳокимлиги томонидан даъво аризаси киритилган ва ҳозирги кунда туман хокимлигининг даъво аризаси каноатлантирилиб суд карори чикарилгани ҳақида тушунтирилган хамда мурожаатингизни урганиш натижаси юзасидан ишчи гуруҳ томонидан далолатнома тузилганлигини маълум киламиз» дейилган. Худди шу мазмундаги жавоб хатини туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳам юборган, лекин биронта жавоб хатида бузилиши режалаштирилган уй-жой учун компенсация тўланиши ҳақида ёзилмаган.

Ўзбекистон республикаси Уй-жой кодекининг 31-моддасида: “Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг танлови бўйича янги жойда тенг қимматли уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда кўчириб ташланаётган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда берилаётган ва олиб қўйилаётган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқ пул билан тўлиқ ҳажмда қопланади.”деб алоҳида кўрсатилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандида Ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги турлари берилиши шарти билан амалга оширилади:

фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш;

бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга тўлаш;

ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ тўланган ҳолда фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси бериш;

юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк бериш ва давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган бошқа зарарларни қоплаш;

ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш;

фуқароларга ва юридик шахсларга тегишли бўлган бузилиши керак уйлар, иморатлар ва иншоотларни кўчириш ва янги жойда тиклаш;

янги жойда уйлар, иморатлар қуриш ҳамда уларни фуқаролар ва юридик шахсларга мулк қилиб беришдеб қайд этилган.

Ушбу қонун ва қарорлар Шўрчи туман ҳокимияти мансабдор шахслари томонидан бузилмоқда.

 

Тулаев Ҳайит аканинг мурожаатини ўрганиш учун борганимизда ҳақиқатан ҳам уй замонавий усулда пишган ғиштдан қурилган, икки қаватли ва уйнинг юқори томони шарқона усулда безалган.

Шу уйда 3 оила яшашади ва 1989 йилда туғилган ўғли Тўлаев Жамшид I-гуруҳ ногирони ҳам ушбу уйда яшайди, Жамшид мустақил ўзи овқатлана олмайди, унга барча эҳтиёж учун ўзганинг ёрдами зарур.

-Икки ой аввал биз яшаётган уйни газ тармоғидан узиб қўйишди, қишнинг куни электрни ўчирса, мен нима қиламан. Мен бор-йўғи бузилиши режалаштирилган уйим учун компенсация пули ва томорқамга тенг миқдорда ер ажратилишини, ҳамда менинг оиламда яшаётган икки нафар фарзандларим оиласи учун жой сўраяпман. Қонунда кўрсатилганидек компенсация пули тўлаб ва ер ажратиб уйимни бузаверсин.- дейди.

Лекин Шўрчи туман ҳокимияти эса, фақат 6 сотих ер ажратиб уйни бузиб олишни талаб қилмоқда.

Ҳа, агар ҳокимлар қонунни бузишса,унда кимдан адолат истаймиз!

 

Қалқон Қилич

 

 

Related Articles

Close